Аббосийлар давлати: Мўътасим давридаги урушлар ва амирликлар

0

Мўътасимнинг Рум билан олиб борган урушлари

Бобак Рум шоҳи Теофил Михаилни мусулмонларга қарши уруш бошлашга қизиқтириб, уни халифанинг барча қўшинлари Озарбайжонга сафарбар этилганига ишонтирди. Шундан кейин Теофил мусулмон диёрларни босиб олиш умидида юз минг аскарлик қўшинни уруш сари бошлади. Унинг мамлакатига бош уриб борган хуррамийлар ҳам унинг қўшинлари сафида эди. У дастлаб Зибатра қалъасини босиб олди, бу диёрни хароб қилди, хотинларни асир олди, болаларни ўлдирди, асирларни мусла қилди (қулоқ-бурунларини кесди). Зибатрани шипшийдон ва хароб қилиб бўлгач, Малатияга йўл олди ва унинг халқини ҳам қирди. Бу хабар Мўътасимга етиб келгач, ғазотга сафарбарлик эълон қилди. Қўшин йиғиб, унга ўзи бош бўлиб йўлга чиқди ва Дажла дарёсининг ғарбий қирғоғига келиб тушди. Ажиф ибн Анбаса ва Умар Фарғоний бошчилигида Зибатра аҳлига ёрдамга аскар юборди. Улар Зибатрага келганида румликлар диёр аҳлини қирғинбарот қилиб, аллақачон бу ердан жўнаб кетган эди.

Мўътасим Бобакни бир ёқлик қилгач, Рум мамлакати сари йўл олди. У румликларнинг энг кучли қалъаси қайсилигини сўраганида Аммурияни айтишди. Бу қалъани шу пайтгача мусулмон қўмондонларидан ҳеч ким қўлга кирита олмаган эди. У насронийликнинг марказларидан бири бўлиб, улар наздида Константинополдан ҳам эътиборлироқ шаҳар саналар экан. Шундан сўнг у Сайҳон дарёси бўйида лашкаргоҳ қурди ва Афшинга Ҳадас йўли орқали Рум диёри ичкарисига кириб боришни буюрди. Ашносга эса Рум диёрига Тарсус орқали киришни буюрди ва икковларига ҳам бир кунда Анқарага кириб бориб, ўша ерда учрашишларини тайинлади.

Мусулмонлар Анқарага кириб боришди, ундан сўнг Аммурияга йўл олишди. Мўътасим қўшиннинг марказида, Афшин ўнг қанотда, Ашнос чап қанотда эди. Улар Анқара билан Аммурия ўртасидаги аҳолини тўлалигича бўйсундирдилар. Бу икки шаҳар ўртасидаги масофа етти марҳалани (140 километрни) ташкил этар эди.

Мўътасим Аммурияга ҳижрий 223 йил рамазон ойининг олтинчи куни етиб келди. Мусулмонлар шаҳарни қамалга олдилар ва охир-оқибат шаҳар деворларининг сел ювиб кетган бир жойидан тошотар қурол орқали туйнук очишга муваффақ бўлдилар ва ўша ердан шаҳарга кириб бордилар. Бу фатҳ мусулмонларнинг маънавий-руҳий жиҳатдан қувватланишларига ва румликларнинг эса, заифлашишига сабаб бўлди.

Амирликлар

Аббосийлар давлатидан айрилиб, ўзларини мустақил санаган амирликларнинг ҳолати Мўътасим даврида ҳам Маъмун давридагидан ўзгармади.

  1. Рустамийлар давлати. У Афлаҳ ибн Абдулваҳҳоб ҳукми остида эди.

  2. Бани Мидрор давлати. Мидрор ибн Абулмансур ҳокимликдан воз кечиб, ўрнига ўғли Маймун ибн Рустамияни тахтга келтирган ва яна бир ўғли Маймун ибн Бақияни сургун қилган эди[1]. Бу воқеа ҳижрий 221 йил содир бўлди. Шундан сўнг икки тараф ўртасида келиб чиққан уруш-жанжал уч йил давом этди ва натижада Маймун ибн Бақиянинг қўли баланд келди. Чунки уни суфрийлар қўллаб-қувватлар эди. Маймун ибн Бақия вазиятни тўла ўз назорати остига олганидан сўнг акаси Маймун ибн Рустамияни Диръа водийсига сургун қилди ва отасини иккинчи марта ҳокимликка кўтарди. Шундай қилиб, Мидрор ибн Абулмансур иккинчи бор тахт соҳиби бўлди. Аммо у яна ўғли Маймун ибн Рустамия фойдасига тахтдан воз кечмоқчи бўлди. Шунда суфрийлар Маймун ибн Бақияни тахтни қайтариб олишга ва отасини бадарға қилишга мажбурладилар. Шундан сўнг у Сижилмосага қарашли қишлоқлардан бирига сургун қилинди ва 253 йили вафот этгунига қадар ўша ерда яшаб қолди. Маймун ибн Бақия ҳижрий 263 йилга қадар Бани Мидрор давлати ҳокими ва суфрий хаворижлар имоми бўлиб қолди.

  1. Андалусда Абдураҳмон Авсат ҳоким эди. Византия подшоҳи Теофел Михаил аббосийларга қарши у билан битим тузиш илинжида совға-саломлар билан унга бир делегация юборди. Бу воқеа 225 йили румликлар Анқара ва Аммурияда халифа Мўътасимдан қақшатқич мағлубиятга учраганидан кейин рўй берди. Теофел Абдураҳмонга аббосийларнинг Бани Умайяга қилган душманчиликларини ва аббосийлар қўлида ўлиб кетган умавийларни эслатиб, ҳокимиятни улардан қайтариб олишга ундади. Абдураҳмон ҳам Константинополга (Қустантинияга) элчилар юбориб, уларга аббосийларга бўлган нафратини изҳор қилди. Лекин элчиларнинг ўзаро борди-келдиси иккала ҳукмдор бир-бирига яхши гаплар айтишидан уёғига ўтмади.

  2. Идрисийлар давлати. Муҳаммад ибн Идрис Иккинчи 221 йили вафот этди ва ўғли Али ибн Муҳаммад унинг ўрнига тахтга чиқди. Ўшанда унинг ёши тўққизда эди. Ҳайдара деган лақаби бор эди. У ўн уч йил ҳукмдорлик қилди ва 234 йили вафот этди. Али ибн Муҳаммад ҳукмронлиги даврида айтарли бирон воқеа содир бўлмади.

  3. Ағлабийлар давлати. Зиёдатуллоҳ ибн Иброҳим 223 йили вафот этди. Ундан сўнг укаси Абу Аффон Ағлаб ибн Иброҳим ибн Ағлаб ҳокимиятга келди. У мазлумларга ҳақларини олиб берди, Қайравонда маст қилувчи ичимликларни йўқотди, Сицилияга қўшин юборди. Унинг даврида мусулмонлар оролдаги бир неча қалъаларни қўлга киритдилар. Ундан ташқари, улар румликларнинг денгиз флотини мағлубиятга учратдилар. Абу Аффон 226 йили эллик уч ёшида вафот этди ва ўғли Абул Аббос Муҳаммад Биринчи унинг ўрнини эгаллади.

 

[1] Мидрор ибозий рустамийлар давлати асосчиси Абдураҳмон ибн Рустамнинг қизига уйланиб, ундан Маймун исмли ўғил кўрган ва у Маймун ибн Рустамия деб танилган. Мидрорнинг Маймун исмли яна бир ўғли ҳам бўлиб, унинг онасининг исми Бақия бўлгани учун Маймун ибн Бақия деб аталган.

Изоҳ қолдиринг