Муҳаддислар: Имом Ибн Ҳиббон Бустий (2)

0

Илмий мартабаси

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ илм олиш мақсадида жуда кўп ўлкаларга сафар қилиши, илм олиш йўлида тиним билмаслиги, илмий фойдаларни ғанимат олишга доимо тайёр туриши ва устозлари айтган барча сўзларни ёзиб бориши билан тенгдошларидан ажралиб турар эди. Унинг бундай қизиққонлиги гоҳида устозларига азият беришга ҳам сабаб бўларди. Келинг, шу гапга бир мисолни келтирайлик. Абу Саид Идрисий Абу Ҳомид Найсобурийдан нақл қилиб айтади: “Бир куни биз Абу Бакр ибн Хузайма билан Найсобур кўчаларининг бирида кетаётган эдик. Биз билан бирга Абу Ҳотим Бустий (яъни Ибн Ҳиббон) ҳам бор эди. Ибн Ҳиббон Ибн Хузаймадан айрим масалалар ҳақида сўрайвериб, унинг жонига тегди. Шунда Ибн Хузайма унга: “Эй совуқ (бетайин, аҳмоқ), бор кет, менга азият берма (мени кўп қийнама)”, деди. Абу Ҳотим унинг ушбу сўзларини ҳам ёзиб олди. Унга: “Шуни ҳам ёзасанми”, дейилганда: “Ҳа, у айтган барча сўзларни ёзиб бораман”, деб жавоб берди”.

Илм олишга бундай юксак муҳаббати бўлган инсон бир фанни ўзлаштириш билан чекланиб қолмаслиги аниқ. Бинобарин, Ибн Ҳиббон ўша даврда кенг тарқалган бир қанча фанларни ўрганишга киришади. У, асосан, ҳадис фанини пухта ўзлаштириб, бу фаннинг моҳир устозларидан бирига айланади. Дарҳақиқат, бир қанча катта олимлар Ибн Ҳиббонни ҳадис илмида сўзи мўътабар саналадиган олим, буюк имом, минглаб ҳадисларни ёддан биладиган ҳофиз, ишончли муҳаққиқ олим деб таърифлашган. Ёқут Ҳамавий айтганидек, Ибн Ҳиббон ўзидан кейинги муҳаддис уламоларнинг хазинасига айланади.

Маълумки, олимнинг ёзган асарлари унинг илмий савиясини акс эттирадиган ойна ҳисобланади. Дарҳақиқат, Ибн Ҳиббоннинг ёзган асарлари унинг ҳадис илмини қанчалик пухта ўзлаштирганига, бу фанда жуда кўп илмга эга бўлганига ва бу фан эгалари орасида қадри ва мартабаси жуда баланд бўлганига гувоҳлик беради, шунингдек, унинг ўта фаҳм-фаросатли ва юксак маданият соҳиби бўлганини кўрсатади. Муҳаққиқ олимлардан бири саналган Ёқут Ҳамавий шундай дейди: “Ибн Ҳиббоннинг ёзган китобларини инсоф билан мушоҳада қилган инсон унинг илмда денгиз бўлганига гувоҳ бўлади”. Бошқа ўринда эса шундай дейди: “Ибн Ҳиббон ҳадис илмининг бошқалар ёритиб бера олмаган қирраларини ёритиб берди”.

Фиқҳ фанига келсак, Ибн Ҳиббон уни шофеий мазҳаби асосида ўрганади. У фиқҳни асосан устози буюк муҳаддис олим Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузаймадан таҳсил олади. Устозидан фиқҳий аҳком ва масалаларни далиллардан қай тарзда олиш йўлларини яхшилаб ўрганади. Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ” китоби бунга яққол мисол бўла олади. Натижада, шофеий мазҳабининг мўътабар олимларидан бири бўлиб етишади. Фиқҳ фанини пухта ўзлаштиргани боис узоқ йиллар бир қанча шаҳарларда, жумладан, Насо ва Самарқандда қозилик мансабида ишлайди. Ўша даврларда қозилик мансабига фиқҳ фанини пухта ўзлаштирган, нозик фиқҳий масалаларини ечишга қодир ва далилларни воқеликка муносиб татбиқ қила оладиган фаҳм-фаросатли олимларгина тайинланар эди.

Имом Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ араб тили граматикаси ва адабиёти фанларини ҳам пухта ўзлаштиради. Бу ўз навбатида унга Қуръон ва суннатда келган далилларни тушуниш ва улардан ҳукмлар чиқаришга катта ёрдам беради. У ёзган китобларга, хусусан, “Саҳиҳ” китобига назар солсангиз, фиқҳий бир ҳукмни келтиришдан олдин шу ҳукмга муносиб араб тили қоидасини зикр қилганини кўп учратасиз.

Қолаверса, Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ шаръий илмлар билан бир қаторда мантиқ, табобат ва фалакиёт илмларини ҳам ўрганиб, бу фанларда ҳам юксак мартабаларга эришади. Бир қанча олимлар Ибн Ҳиббонни: “Табобат ва фалак илмини яхши билувчи олим эди”, деб таърифлашган.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ талай фанларни пухта ўзлаштириб, уларнинг барчасида юксак чўққиларга эришган. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай дейди: “Ибн Ҳиббон талай фанларни пухта ўзлаштирган, ўта зийрак, жуда кўп маълумотларни ёддан биладиган олим эди”.

(Давоми бор)

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг