Аллоҳ суйган бандалар: Таҳажжудга туриш (3)

0

Таҳажжуд намозининг фазилати ҳақида келган ривоятлар

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ деди: “Кечасидаги таҳажжуд намози ва мол-дунёдан садақа қилишдан кўра оғирроқ амални топмадик. Шунда: “Нима сабаб таҳажжуд намозини ўқийдиган кишиларнинг юзлари жуда нурли бўлади?” деб сўралди. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Чунки улар Раббилари билан холи қолиб илтижолар қилади, ажабмаски Парвардигорлари Ўз нуридан устларига ёғдирган бўлса”.

Яна деди: “Киши гуноҳ қилади натижада таҳажжудга туришдан маҳрум бўлади”.

Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ деди: “Кечаси таҳажжудга тура олмаётган, кундузи эса рўза тута олмаётган бўлсанг, билгинки, сен маҳрум экансан. Гуноҳларинг кўпайиб кетган”.

Ривоят қилинишича, Молик ибн Дийнор роҳимаҳуллоҳ таҳажжуд намозида Аллоҳ талонинг: “Ёки ёмонликлар қилган кимсалар Биз уларни Аллоҳга иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишилар каби қилишимизни гумон қилдиларми?” (Жосия, 21) оятини такрорлаб бутун кечани ўтказди”.

Молик ибн Дийнор айтади: “Бир куни Қуръон ва таҳажжуддаги кундалик вазифамни ўқишдан чалғиб ухлаб қолибман. Шу кеча туш кўрдим. Тушимда ўта чиройли бир жория қўлида нимадир ёзилган қоғоз ушлаб турибди. Менга: “Ўқишни истайсанми?” деди. Мен: “Ҳа, истайман”, дегандим, битикни менга узатди. Ўқисам қуйидагилар ёзилган экан:

“Сени дунё лаззатлари чалғитдими жаннатдаги оқ бадан ҳурлардан.

Жаннатда ўлим йўқ боқий яшарсан, кўнгилхушликка ҳозирдир ул соҳибжамол.

Тур уйқунгдан уйғон, зеро, уйқудан яхшидир таҳажжуд ила Қуръон”.

Кечалари таҳажжудда қоимлиги билан танилган Азҳар ибн Муғисдан ривоят қилинади: “Тушимда дунёдаги аёлларга ўхшамайдиган аёлни кўрдим. Ундан: “Сен кимсан?” деб сўраган эдим, “Ҳурларданман”, деб жавоб берди. “Менга турмушга чиқ”, дедим. “Менга уйланмоқчи бўлсанг, Хожамга совчи қўйиб, маҳримни бер”, деди. “Маҳринг нима?” деган эдим, “Таҳажжуд намозида узоқ туриш”, деб жавоб берди”.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг