Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 6-16 оятлар

0

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا سَوَاءٌ عَلَيْهِمْ ءأَنذَرْتَهُمْ أَمْ لَمْ تُنذِرْهُمْ لا يُؤْمِنُونَ٦

  1. Раббингиздан сизга туширилган Қуръонни кибр ва туғён сабабли инкор қилган кимсаларни хоҳ Аллоҳнинг азобидан қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, барибир: улар ўз ботилларида маҳкам туришгани учун асло иймон келтиришмайди.

خَتَمَ اللَّهُ عَلَى قُلُوبِهِمْ وَعَلَى سَمْعِهِمْ وَعَلَى أَبْصَارِهِمْ غِشَاوَةٌ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ ٧

  1. Уларга ҳақ равшан бўлганидан сўнг куфр ва саркашлик йўлини тутишгани сабабли Аллоҳ дилларини ва қулоқларини муҳрлади, кўзларига парда тортди, ҳидоятга муваффақ қилмади. Улар учун жаҳаннамда қаттиқ азоб бордир.

وَمِنْ النَّاسِ مَنْ يَقُولُ آمَنَّا بِاللَّهِ وَبِالْيَوْمِ الآخِرِ وَمَا هُمْ بِمُؤْمِنِينَ ٨

  1. Одамлар ичида бир гуруҳи борки, мўминлар билан кофирлар орасида беқарорлик билан иккиланиб юришади. Улар тиллари билан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, деб айтадиган, ботинларида эса иймон келтирмаган ёлғончи мунофиқлардир.

 يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَمَا يَخْدَعُونَ إِلاَّ أَنفُسَهُمْ وَمَا يَشْعُرُونَ ٩

  1. Жоҳилликлари сабабли улар тилларида иймонни изҳор қилиб, дилларида куфрни яшириш билан Аллоҳни ва мўминларни алдаяпмиз, деб ўйлашади. Ваҳоланки, улар бу билан фақат ўзларини алдашади. Чунки алдовлари охир-оқибат ўзларига зиён келтиради. Бироқ ўта жоҳилликларидан ва кўнгиллари бузуқлигидан буни ўзлари сезишмайди.

 فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ فَزَادَهُمْ اللَّهُ مَرَضاً وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ بِمَا كَانُوا يَكْذِبُونَ ١٠

  1. Дилларида шак-шубҳа ва фасод борлиги туфайли азоб-уқубат келтирувчи гуноҳларга мубтало бўлишган. Шу боис Аллоҳ уларнинг шак-шубҳаларини кучайтириб қўйди. Ёлғончиликлари ва мунофиқликлари учун уларга аламли азоб бордир.

 وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ لا تُفْسِدُوا فِي الأَرْضِ قَالُوا إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ ١١

  1. Уларга: “Ер юзида бузғунчилик қилманглар: куфр ва гуноҳларга қўл урманглар, мўминларнинг сирларини фош этманглар, кофирларни дўст тутманглар”, деб насиҳат қилинса, ёлғончилик ва гапдонлик билан: «Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз, холос», дейишади.

أَلا إِنَّهُمْ هُمْ الْمُفْسِدُونَ وَلَكِنْ لا يَشْعُرُونَ ١٢ 

  1. Огоҳ бўлингларки, уларнинг ислоҳ деб даъво қилаётган бу ишлари, аслида, айни фасоддир. Лекин, жоҳилликлари ва қайсарликлари сабабли буни ўзлари сезмайдилар.

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ آمِنُوا كَمَا آمَنَ النَّاسُ قَالُوا أَنُؤْمِنُ كَمَا آمَنَ السُّفَهَاءُ أَلا إِنَّهُمْ هُمْ السُّفَهَاءُ وَلَكِنْ لا يَعْلَمُونَ١٣

  1. Мунофиқларга: «Сизлар ҳам саҳобалар иймон келтирганидек иймон келтиринглар: қалбдаги иймонни тил ва аъзолар билан тасдиқланглар», дейилса, улар тортишиб: «Биз ақли паст ва фикри саёз кимсалар каби тасдиқлаб, ақлсизликда улар билан тенг бўламизми?!» дейишади. Шу боис Аллоҳ таоло уларга раддия бериб: «Огоҳ бўлингки, ақлсизлик фақат уларга хос, улар ўзларининг бутун ҳаётлари адашиш ва зиён кўришдан иборат эканини билишмайди», деди.

وَإِذَا لَقُوا الَّذِينَ آمَنُوا قَالُوا آمَنَّا وَإِذَا خَلَوْا إِلَى شَيَاطِينِهِمْ قَالُوا إِنَّا مَعَكُمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِئُونَ ١٤

  1. Мунофиқлар мўминларга йўлиққанда: «Биз ҳам худди сизлар каби иймон келтирдик», дейишади. Улар ҳузуридан кетиб, Аллоҳга қарши туғён қилувчи кофир пешволари ёнига боришганида уларга ўзларининг куфр миллатида эканларини, уни тарк қилишмаганини, шунчаки, мўминларни мазахлаб, улар устидан кулиб юришганини таъкидлашади.

اللَّهُ يَسْتَهْزِئُ بِهِمْ وَيَمُدُّهُمْ فِي طُغْيَانِهِمْ يَعْمَهُونَ ١٥

  1. Аллоҳ уларни масхара қилади ва яна ҳам кўпроқ адашиб-улоқиб юришлари учун уларнинг муҳлатларини узайтиради ва уларни мўминларни мазах қилишгани учун жазолайди.

أُوْلَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوْا الضَّلالَةَ بِالْهُدَى فَمَا رَبِحَتْ تِجَارَتُهُمْ وَمَا كَانُوا مُهْتَدِينَ ١٦

  1. Ўша мунофиқлар жонларини зиёнли бўлган савдога тикиб, иймонни ташлаб, ўрнига куфрни олдилар. Бу ишлари билан бирон фойда топиш ўрнига, аксинча, ҳидоятни бой бердилар. Бу эса очиқ зиёндир.

Изоҳ қолдиринг