Охирзамон қирғинлари (2)

0

(Давоми)

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади[1]: “Мусулмонлар билан кофирлар ўртасидаги жангларга «малоҳим» дейилади. Аммо мусулмонлар ўртасидаги ўзаро урушларга фитна дейилади[2].

 Абу Мусо Ашъарий[3] розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини бир неча исмлар билан номладилар. Улардан айримлари ёдимизда қолди. Ўшанда у зот: «Мен  Муҳаммад, Аҳмад, Муқаффий[4], Ҳошир[5], Набийюр-раҳма ва Набийюл-малҳама»,[6] дедилар. Ҳузайфа ибн Ямон[7] ривоятида “Набийюл-малоҳим” деб келган. Ҳузайфа шундай дейди: «Мадина кўчаларидан бирида кетаётиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қолдим ва у зотни: «Мен Муҳаммад, Аҳмад, Набийюр-раҳма, Набийют-тавба, Ҳошир, Муқаффий ва Набийюл-малоҳим»,[8] деганларини эшитдим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Набийюл-малоҳим» деб номланиши у зотнинг кофирларга қарши жиҳод қилиш ҳамда Ислом ва мусулмонларга қарши урушган ёки одамларни Аллоҳнинг динидан тўсган кишиларга қарши шиддатли жанг қилиш учун юборилган пайғамбар эканини билдиради.

Ибн Қаййим[9] роҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Набийюл-малҳама» деб номланишига келсак, у зот Аллоҳнинг душманларига қарши жиҳод қилиш учун юборилган пайғамбар эди. Бирор  пайғамбар ва унинг уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг умматичалик Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қилмаган»[10].

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини умумий тарзда «Набийюл-малҳама» ёки «Набийюл-малоҳим» деб номлаганларини ҳисобга олмаганда, у зот ҳар қандай урушни ҳам малҳама деб номламаганлар. Балки фақат охирзамонда мусулмонлар ва Рум насоролари ўртасида юз берадиган шиддатли қирғин ва қақшатқич урушни малҳама деб номлаганлар. Бунга жумладан Зумехбар[11] розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далолат қилади. Ҳадисда Зумехбар  розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Сизлар Рум билан тинчлик битимини тузасизлар. Сизлар ҳам, румликлар ҳам ортингизда турган душманга қарши жанг қиласиз. Шунда сизлар душманни енгиб, ўлжаларни қўлга киритасизлар ва саломат ҳолда қайтасизлар. Қайтаётиб тепаликлардан иборат кенг бир яйловга келиб тушасизлар. Ногаҳон насронийлардан бири хочни кўтаради ва «Хоч ғолиб бўлди», деб қичқиради. Буни эшитган мусулмонлардан бири қаттиқ ғазабланиб, хочни мажақлаб ташлайди. Шу воқеа сабаб бўлиб, Рум битимни бузади ва малҳама – қирғинбарот жанг учун лашкарларини тўплайди[12].

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу жангни “малҳама” деб аташи бу жангнинг ундан олдинги ва кейинги жангларга нисбатан қатл қилинганларнинг кўплиги ёки аскарларнинг ўзаро бир-бирларининг ичига кириб кетиши жиҳатидан катта ва шиддатли жанг эканига далолат қилади, валлоҳу аълам.

Баъзи ҳадисларда Бани Тамим қабиласи малҳамаларда энг шиддатли жанг қиладиган кишилар эканига ишоралар бор. Шунингдек, бошқа бир ҳадисларда бу қабиланинг уммат ичида Дажжолга[13] қарши энг шиддатли жанг қилиши айтилган. Айрим олимлар шу ҳадислардан келиб чиқиб, Дажжолга қарши уруш энг катта малҳамалардан бўлишини хулоса қилишган. Заиф асарда келишича, малҳама сўзи келгусида мусулмонлар билан кофирлар ўртасида бўлиб ўтадиган турклар, Масеҳ Дажжол ва ундан бошқа урушларга ишлатилган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан[14] ривоят қилинган асарда шундай дейилади: “Одамлар ўртасида юз берадиган малҳамалар сони бешта бўлиб, шундан иккитаси бўлиб ўтган ва учтаси шу уммат иштирокида юз беради. Улар турк, Рум ва Дажжол малҳамаларидир. Дажжол малҳамасидан кейин ҳеч бир малҳама бўлмайди[15]».

(давоми бор)

[1] Абул Аббос Шайхулислом Аҳмад Ибн Абдулҳалим Ибн Таймия Ҳарронда туғилган. Дамашқда донғи кетиб, у ерда ва Мисрда муфтий бўлган. Бир неча марта қамалган. Ҳанбалий мазҳаби буйича қозилик қилиш ҳамда уламолар ҳайъатига раҳбарлик лавозими таклиф қилинганда қабул қилмаган. Ҳижрий 728 йилда вафот этган.

Қаранг: Заҳабий, “Ал-мўъжамул мухтас билмуҳаддисин” (25-27), Ибн Муфлиҳ,”Алмақсидул аршад” (1/132-139), Ибн Ҳажар, ”Дурарул комина фи аъёнил миатис сомина” (1/154-170).

[2] “Мажмуу фатово Ибн Таймия” (13/255).

[3] Тўлиқ исми Абдуллоҳ Ибн Қайс Ашъарий, Қаҳтонлик, Яманнинг Забид шаҳрида туғилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Яманга волий қилиб тайинлаганлар. Ҳабашистонга ҳижрат қилган ва Қуръонни чиройли овозда ўқийдиган саҳобий бўлган. Ҳижрий 44 йилда вафот этган.

Қаранг: Ибн Саъд, ”Табақотул кубро” (6/94-95), Ибн Абдулбар, “Истийъоб” (3/103-104, 4/327). Ибн Ҳажар, “Исоба фи тамйизи саҳоба”(4/181-183).

[4] Муқаффий: орқа ўгириб кетувчи дегани. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси, уларнинг орқасидан келувчи, у зот вафот этса, ундан кейин пайғамбар келмаганлиги учун шундай номланганлар.

Қаранг: Қози Иёз, “Машориқул анвор” (2/238), “Ан-ниҳоя фи ғарибил ҳадис вал асар” (4/94), Нававий, «Саҳиҳи Муслим шарҳи» (15/154).

[5] Ҳошир: одамлар унинг ортидан маҳшарда тўпланувчи дегани. Бошқа бир фикрда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қиёмат ва қайта тирилиш орасида бошқа пайғамбар келмаганлиги учун у зот шундай номланганлар.

Қаранг: “Машориқул анвор” (1/267), “Ан-ниҳоя фи ғарибил ҳадис вал асар” (1/388), Нававий, «Саҳиҳи Муслим шарҳи» (15/153-154).

[6] Имом Аҳмад, “Муснад” (19621), Бухорий, “Ат-тарихул авсат” (21), “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” (6314), Табароний, “Ал-мўъжамул авсат” (2716). Қози Иёз айтади: “Набийюл-малҳама” ривояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уруш қилишга буюрилган пайғамбар эканига ишора қиладиган саҳиҳ ривоятдир» («Шифо», 1/452). Ибн Абдулбар айтади: “Набийюл-малҳама” ва “Набийюл-малоҳим” иборалари саҳобаларга оид талай асарларда “саҳиҳ” ёки “ҳасан” даражалар билан ривоят қилинган» (“Истийъоб”, 1/150). Ҳадисни Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да (1473) саҳиҳ деган.

[7] Абу Абдуллоҳ Ҳузайфа ибн Ямон. Ямон отаси Ҳусайлнинг лақаби бўлган. Уҳуд ва бошқа жангларда иштирок этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирдоши, кўп фатҳларда иштирок этган жасур саҳобалардан. Ҳадис китобларида 225 та ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 36 йилда вафот этган.

Қаранг: “Ат-табақотул кубро” (6/94), “Истийъоб” (1/393-394), Ибн Асир, “Усдул ғоба” (1/2220).

[8] Аҳмад  “Муснад”да  (23445, юқоридаги ҳадис матни Аҳмадга оид), Термизий «Шамоили Муҳаммадия»да («Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари борасида келган хабарлар боби”, 368) ва Баззор “Муснад”да ривоят қилганлар. Зайн Ироқий  ҳадис санадини  саҳиҳ деган («Ал-муғний ан ҳамлил асфор», 1/688). Ҳайсамий  айтади: «Ҳадисни Аҳмад ва Баззор ривоят қилган. Аҳмаднинг Осим ибн Баҳдаладан бошқа ровийлари саҳиҳ ҳадис ровийларидир. Осим эса хотирасида бироз сустлик бор бўлган ишончли ровийдир (“Мажмауз завоид”, 8/284). Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий айтади: «Ҳадисни имом Аҳмад, шунингдек, Термизий «Шамоил»да ривоят қилган ва барча ровийлари ишончлидир» (“Субулул ҳудо вар рашод”, 1/404). Ҳадисни Албоний “Мухтасари шамоили Муҳаммадия”да (315, 316) ҳасан деган.

[9] Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Қаййим Ал-Жавзийя Аз-Заръий Ад-Димашқий. Ибн Қаййим чуқур билим соҳиби, талай фойдали китоблар муаллифидир. Аксар китоблари нашр қилинган. У хилоф (баҳс-мунозара) илми ва салафлар мазҳаби борасида чуқур билимга эга бўлган. Ҳижрий 751 йилда вафоти этган.

Қаранг: “Ал-мўъжамул мухтас билмуҳаддисин” (269), “Алмақсидул аршад” (2/384-385), «Дурарул комина фи аъёнил миатис сомина” (4/21-23).

[10] “Зодул-маод”(1/95). Қаранг: “Шифо” (1/452), Нававий, “Саҳиҳи Муслим” шарҳи (15/155).

[11] Зумехбар ёки Зумехмар Ҳабаший – Нажжошийнинг жияни. Айтишларича, исми Язид бўлган. Ҳабашистондан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотнинг хизматларида бўлган. Кейин Шомга бориб яшаган.

Қаранг: “Табақотул-кубро” (297/7), Асфаҳоний, “Маърифатус-саҳоба” (2/1036-1039), “Усдул-ғоба” (1/245) ва “Исоба фи тамйизи саҳоба” (2/348).

[12] Абу Довуд «Малоҳим китоби»да, «Рум малҳамаларининг зикри боби»да (4292) ривоят қилган. Албоний “Саҳиҳи сунани Абу Довуд”да (4292) саҳиҳ санаган.

[13] Дажжол сўзи каззоб деган маънони англатади. У ҳақни ботил билан беркитгани учун шундай номланган. Одамларни йўлдан оздириш учун кўзбўямачилик, алдамчилик ва ҳақни ботилга аралаштириш каби услубларни қўллайди. Уламолар Дажжолнинг «масеҳ» деб номланиши борасида турлича фикрлар билдиришган. Бу фикрлардан энг муҳимроғига кўра, бир кўзининг ўрни текис бўлгани учун шундай номланган. Шу фикр ҳақиқатга яқинроқдир. Бошқа бир фикрда айтилишича, Дажжол чиққан пайтда ер юзини кезгани учун «масеҳ» деган ном олган. Шунингдек, бундан бошқа фикрлар ҳам мавжуд.

Қаранг:  “Кашфул-мушкил” (2/492), “Жомеул усул” (10/338), “Ан-ниҳоя фи ғарибил ҳадис вал асар” (2/102), Қуртубий, “Тазкира” (2/344-345), Нававий, “Саҳиҳи Муслим” шарҳи (2/304), “Лисонул-араб” (3/300), “Умдатул-қори” (10/242).

[14] Тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, зоҳид саҳобалардан. Ҳижратдан етти йил олдин туғилган. Отасидан олдин исломга кирган ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 700 та ҳадис ривоят қилган. Отасидан бор-йўғи ўн икки ёш кичик бўлган. Ҳижрий 65 йилда вафот этган.

Қаранг: “Истийъоб” (3/86), “Сияри аъломин-нубало” (3/89-94), “Исоба фи тамйизи саҳоба” (4/192), «Тақрибут-таҳзиб» (257).

[15] Нуайм ибн Ҳаммод “Китобул-фитан”да (1425) ривоят қилган. Шунингдек, Абу Амр Доний “Ас-сунанул-ворида фил-фитан”да (486), Журжоний “Китобул-амолий хумайсийя”да (2/266) шунга ўхшаш ҳадисни ривоят қилишган. Ҳадисда заифлик бор. Шунга қарамай, уни Дажжолга қарши урушга малҳама деб айтиш борасида кўнгилга таскин бериш учун далил қилиш мумкин, валлоҳу аълам.

Қаранг: “Таҳқиқи сунанил-ворида фил-фитан” (4/928).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг