Ҳаром амаллар: Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш

0

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўзи яратган махлуқотлардан хоҳлагани билан қасам ичади. Аммо инсонлар Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичишлари жоиз эмас. Кўпгина инсонлар билиб-билмай Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичадилар. Ҳолбуки, қасам ичиш улуғлашнинг бир тури бўлиб, бундай улуғлаш фақат Аллоҳ таологагина қаратилиши лозим. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳ сизларни ота-боболарингиз билан қасам ичишингиздан қайтаради. Ким қасам ичса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки жим бўлсин” (Бухорий ривояти, 6270).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, ширк келтирибди[1] (Имом Аҳмад ривояти, санади саҳиҳ).

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким омонат билан қасам ичса, биздан эмас” (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Демак, Каъба, омонат, фалончининг обрўйи ёки баракаси ёки унинг ҳаёти билан, пайғамбарлар ёки авлиёларнинг ҳаққи-ҳурмати билан, ота-она ва фарзандлар билан қасам ичиш жоиз эмас, буларнинг барчаси ҳаромдир. Кимда ким Аллоҳдан бошқа нарсалар билан қасам ичиб қўйса, унинг каффорати “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким қасам ичса-ю, қасамида Лот ва Уззога [2] қасам, деса, Ла илаҳа иллаллоҳ деб қўйсин” (Бухорий ва Муслим ривояти). Негаки, Аллоҳдан бошқа нарса билан қасам ичган одам ширк ишни қилган бўлади. Шу боис чин ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиши ширкка каффорат бўлади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, баъзи мусулмонлар билиб-билмай айтадиган ширк ва ҳаром сўзлар ҳам бор. Масалан, “Аллоҳ ва сендан паноҳ сўрайман”, “Аллоҳ ва сенга суянганман”, “Аллоҳ ва сен бўлмаганингда”, “бу нарса Аллоҳ ва сендан”, “Менга ёрдам берадиган осмонда Аллоҳ бўлса, ерда эса сен борсан”, “Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида” каби сўз ва ибораларда инсонларни Аллоҳга тенглаштириш бўлгани учун уларни ишлатишдан четланиш лозим.  Шунингдек, “табиат инжиқликлари”, “табиат шуни хоҳлади” ва “она табиат” каби иборалар дарвинизм таълимотининг асорати бўлгани ҳамда яратиш, бошқариш ва хоҳиш-ирода сифатларини бериш орқали табиатни илоҳийлаштириш бўлгани боис бундай сўзлардан ҳам узоқ туриш лозим. Қолаверса, “замон бузилиб кетди”, “ёмон замон бўлди”, “бу омадсиз (бехосият) пайт”, “алдоқчи замон” ва ҳоказо сўз ва иборалар замонни сўкиш ҳисобланади. Ҳолбуки, ҳадисда замонни сўкишдан қайтарилган.

Ундан ташқари Абдулмасиҳ [3], Абдунабий, Абдурасул [4] ва Абдулҳусайнга [5] ўхшаш бандалик – қулликни Аллоҳдан бошқага нисбат берадиган исмлар қўйиш ҳам жоиз эмас. Шунингдек, мусулмонлар орасида айрим янги пайдо бўлган ва тавҳидга зид бўлган истилоҳ ва иборалар ҳам ишлатилиб келинади. Масалан, “ислом социализми”, “ислом демократияси”, “халқ иродаси – бу Аллоҳнинг иродасидир”, “дин Аллоҳники, ватан эса барча учун”, “миллат номи билан ёки революция номи билан бошлайман” каби исломий эътиқодга зид бўлган ботил ибора ва шиорларни ишлатиш ҳам ҳаромдир.

Қолаверса, одамларни “олампаноҳ”, “шаҳаншоҳ”, “балогардон” каби сўзлар билан васф этиш ҳамда кофир ёки мунофиқ кишиларга “саййид” (жаноб, улуғ киши) деб мурожаат қилиш ҳам ҳаромдир. Шунингдек, бўлиб ўтган иш – тақдирдан норози бўлиб, “агар бундай бўлмаганда, бундай бўлар эди”, дейиш, яъни иш юз берганида Аллоҳ тақдир қилган ишнинг олди олинар эди, деган эътиқодда айтиш ҳаромдир. Негаки, Аллоҳ тақдир қилган иш ҳар қандай ҳолатда ҳам содир бўлмай иложи йўқ. Бироқ киши бажара олмай қолган яхши амаллар – тоат-ибодатлар тўғрисида надомат чекиб, “фалон ишни қилганимда фалон ажр-савобга эга бўлар эканман”, қабилида сўзлаши жоиз. Чунки “Агар бундоқ бўлганида, бундоқ бўлур эди” деган сўз шайтоннинг амалини очади [6] деган ҳадисдан мақсад тақдирга ва шариатга эътироз билдириб айтилган сўзлардир.  Ана шундай ножоиз гаплардан бири айрим инсонларнинг дуода “Эй Аллоҳ, агар хоҳласанг мени кечир”, деб айтиши. Зеро, Аллоҳ таолога бу тариқа хитоб қилишлик одобсизлик саналади.

[1] Шунингдек, Термизий ва Ҳоким саҳиҳ санад билан Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса, кофир ёки мушрик бўлибди”.

[2] Лот ва Уззо – жоҳилият даврида мушриклар сиғиниб келган икки бутнинг номи.

[3] Масийҳ – Ийсонинг қули, асосан христианларда учрайди.

[4] Набий ёки расул (пайғамбар)нинг қули.

[5] Ҳусайннинг қули, асосан шиаларда кўп учрайди.

[6] Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг