Маҳрумлар (3)

0

Маҳрумларга савол: Нима учун Аллоҳнинг зикридан юз ўгирдингиз? Нима учун ўзингизни маърузалар эшитишдан, диний суҳбатларда ўтиришдан маҳрум қилдингиз. Чақирилса, келмайсиз, насиҳатга қулоқ солмайсиз, ғофилликда юрасиз, аксинча, масхара-мазах қиласиз, лекин натижа қандай бўлишини, бу ҳолатнинг қочиб қутилиб бўлмайдиган ниҳоясини кўриб қўйинг! Аллоҳ таоло деди: «Ким Менинг огоҳлантиришимдан юз ўгирса, у учун тор-танг ва машаққатли ҳаёт бўлгай…» Бу мана шу дунёдагиси, охиратда эса: «Биз уни кўр ҳолда тирилтиргаймиз.

Аллоҳнинг зикридан юз ўгирган ўша кимса: “Эй Раббим, Сен мени нега кўр ҳолда тирилтирдинг? Дунёда кўзларим кўрар эди-ку!”, дейди.

Аллоҳ таоло унга айтади: “Мен сени кўр қилиб тирилтирдим. Чунки сенга менинг очиқ-равшан оятларим келганида улардан юз ўгирдинг, уларга иймон келтирмадинг. Дунёда уларни қандай ташлаган бўлсанг, бугун ўзинг дўзахда худди ўшандай ташлаб қўйиласан» (Тоҳа сураси, 124-126).

Уни унутаман, ундан юз ўгираман, унга бепарво бўламан. Ана шундай, жазо амалга қараб бўлади, “қилмиш-қидирмиш”, “экканингни ўрасан”.

Бугун сен ҳам ана шундай унутилурсан… Бас, бу Кун улар бугунги учрашувни унутиб қўйганлари каби, Биз ҳам уларни «унутиб қўярмиз», “Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган яъни Аллоҳнинг фарз қилган амрларини адо қилишни ортга ташлаган шу сабаб Аллоҳ Қиёмат куни азобдан қутқарадиган яхши амаллар қилишни уларга ҳам унуттириб қўйган кимсаларга ўхшаб қолманглар. Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир” (Ҳашр сураси, 19-оят).

Эй маҳрумлар, нима учун Роббингизга йўлиқишни унутдингиз, бу юз ўгиришнинг боиси нима? Бу билан сиз ўзингизни саодатдан, роҳатдан ва барқарорликдан маҳрум этдингиз. Нима учун эртанги кунни унутдингиз? Нима учун ғафлатдасиз? Нима учун гуноҳ-у маъсиятларнинг нималигидан ғафлатдасиз? Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига қулоқ солинг: «Раббининг очиқ-равшан оятлари эслатилганда улардан юз ўгириб, ўз ботили сари кетган ҳамда ўзининг қилиб ўтган ёмон қилмишларини эсдан чиқарган ва уларни қилишдан қайтмаган кишидан кўра золимроқ ким бор?!” (Каҳф сураси, 57). Қани маломатгўй нафс, қаерда гуноҳкорлик ҳисси, қаерда яхшилик фитрати, қаерда мулойим юмшоқ қалб ва, ниҳоят, қайноқ кўз ёшлар қаерда? Қаерда?! Жон қулоғингиз билан эшитинг: «Албатта Биз сизларни ҳар бир киши ўзи қилиб ўтган яхшию ёмон амалларини ўз кўзи билан кўрадиган ва ҳисоб-китобнинг дахшатидан кофир кимса: “Эй кошкийди, тупроқ бўлиб кетсаму қайта тирилмасам эди”, деб айтадиган яқин куннинг (охират кунининг) азобидан огоҳлантирдик» (Набаъ сураси, 40).

Тавба қилганларнинг айримлари ҳатто ҳаёти давомида бир марта ҳам Аллоҳ учун рукуъ ва сажда қилмаганларини эътироф этадилар. Бундан-да маҳрумлик борми дунёда?!

Эй маҳрумлар! Қалб учун роҳат ва барқарорлик, фақатгина Аллоҳга қайтишда, ҳидоятда, истиқоматда ва Аллоҳнинг буйруқларига жиддий қарашдадир. Баъзи маҳрум ва маҳрумалар, роҳат ва саодат мол-дунё, мансаб-мартаба ва хорижга сафар қилишда деб ўйлайдилар, ваҳоланки, шу нарсаларга эга бўлганларнинг қанчалари бахтсиз эканларини, ҳақиқий бахт бу нарсаларда эмаслигини эътироф этганлар.

Тарих саҳифаларида зикр қилинишича, халифа Маъмун Аббосийнинг ўғли Али ҳашаматли қасрда мол-дунёга ғарқ бўлган ҳолда тўкин-сочин яшар эди. Кунларнинг бирида қаср дарчасидан қараган йигитнинг кўзи бир хизматчига тушди. Хизматчи кун бўйи меҳнат қилар, намоз вақти бўлса, таҳорат қилиб, намоз ўқир, кун ботишига яқин эса оиласи ҳузурига қайтарди. Халифанинг ўғли бу ҳолатни бир неча кун кузатгач, хизматчини ҳузурига чақиртириб, ҳол-аҳвол сўради. Хизматчи ҳолини баён қилар экан, унинг онаси, хотини ва икки синглиси борлигини, уларни боқиш учун кун бўйи меҳнат қилишини, бошқа даромад келадиган жойи йўқлигини, ўзи камбағал эканини, хизматкорлиги ортидан рўзғор тебратишини, ҳар куни рўза тутиб, кун ботгач, оиласи билан топган нарсасини баҳам кўриб, бирга ифтор қилишини айтди. Халифанинг ўғли: “Шикоятинг борми?” деб сўради. Хизматчи: “Йўқ, алҳамдулиллаҳ”, деб Аллоҳга ҳамд айтди. Бундан таъсирланган халифанинг ўғли қаср ва молу мулкни ташлаб, боши оққан тарафга кетиб қолди ва бир неча йиллардан сўнг вафот топгани хабари келди. Айтишларича, у Хуросон тарафларда дурадгорлик қилиб яшаган экан. Субҳоналлоҳ, шоҳликдан дурадгорликка… Сабаби шаҳзода қасрларда топмаган бахт-саодатни шунда топган эди. Маҳрумларнинг яна шундайлари борки, улар ҳақида Аллоҳ бундай деган: “Кейин Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган ўша зотлар ортидан ёмон издошлар келди. Улар намозни зое қиладилар. Ўз нафси ҳаволарига мос келадиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Улар яқинда жаҳаннам ичра ёмонлик ва умидсизликка йўлиқадилар” (Марям сураси, 59).

Намозни зое қилишдан ҳам ёмонроқ маҳрумлик борми? Эй маҳрум! Намозни зое қилиш куфр ва залолат эканини биласанми? Билмасанг, билиб ол! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Биз билан уларнинг ўрталаридаги фарқ намоздир, ким намозни тарк қилса, бас, у кофирдир” (Термизий, Насоий, Аҳмад, Ҳоким ривояти).

Яна бир ҳадисда эса бундай деганлар: «Киши билан ширкни ораси намозни тарк қилишдир» (Имом Муслим ривояти).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг