Иддадаги аёлнинг кўчага чиқиши ҳақида

1

Савол:

Мен иддадаман. Қуръондан сабоқ олиш учун уйдан чиқсам бўладими?

Жавоб:

Аллоҳга ҳамд-санолар, Расулига салавот ва саломлар бўлсин!

Аввало шуни айтиб ўтишимиз керакки, идда икки хил бўлади: “ражъий”, яъни эр хотинини қайта никоҳ ўқитмай қайтариб олса бўладиган талоқнинг иддаси ва “боин”, яъни эр хотинини қайтариб олиши учун қайтадан никоҳ ўқитиши, маҳр бериши керак бўлган талоқнинг иддаси.

Биринчи ҳолатда эр изн берса, аёл масжидга ёки Қуръондан таълим олиш учун таълим даргоҳларига чиқиши мумкин. Чунки ражъий талоқ қилинган аёл эрига нисбатан ҳануз хотин саналади, улар ўртасидаги эр-хотинлик ҳақ-ҳуқуқлари давом этаверади. Ибн Умар разияллоҳу анҳумо: “Агар эркак аёлини бир ёки икки талоқ қилса аёл эрининг изнисиз уйидан чиқиши жоиз эмас” – дейди (Ибн Абу Шайба ривояти).

(Идда асносида) уларни уйларидан чиқармангиз, улар ҳам ўзбошимчалик қилиб (уйдан) чиқмасинлар” (Талоқ, 1) оятидан идда сақлаётган аёллар уйларидан чиқиб, бошқа уйда яшамаслиги назарда тутилган.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Агар аёл ражъий талоқ қилинган бўлса, у ҳануз эрининг измида ҳисобланади, аёлни етарли нафақа билан таъминлаш эрнинг вазифасидир. Аёл эрининг рухсатисиз уйидан чиқиши жоиз эмас” – дейди.

Иккинчи ҳолатда эса, яъни аёл катта ёки кичик боин талоқ қилинган ёки хулуъ қилган – моддий маблағ эвазига эридан талоқ қилишини сўраган ёки бирор айби борлиги учун никоҳ бузилган бўлса, у ҳолда эрининг рухсатисиз чиқиши жоиздир. Чунки бундай ҳолатда аёл уни талоқ қилган эркакнинг хотини ҳисобланмайди. Ибн Умар разияллоҳу анҳумо: “Агар аёл боин талоқ қилинса, масжидга чиқиши жоиз. Бирор жойга чиқиш-чиқмаслик ўз ихтиёрида. Бироқ иддаси тугамагунча уйида тунаши лозим” – дейди (“Мудаввана” китобидан).

Хулоса

Агар аёл ражъий талоқ иддасида бўлса, эрининг изнисиз чиқиши мумкин эмас. Аммо боин талоқнинг иддасида бўлса, эр-хотинлик ҳақ-ҳуқуқлари тугагани боис эридан изн сўрамай чиқса ҳам бўлаверади. Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

Изоҳ қолдиринг