Сийрат: Оналари вафот этиши

0

 

Оналари вафот этиши ва аввал боболари, сўнг амакилари қарамоғида бўлишлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олти ёшлик чоғларида оналари Омина Макка билан Мадина оралиғидаги Абво деган жойда вафот этди. У ўшанда Муҳаммад алайҳиссаломни ўзи билан бирга тоғалари Бани Адий ибн Нажжор зиёратига олиб келган эди. Мадинада бир ой чамаси тургач, Маккага қайтиб кетаётганида вафот этди ва Абвода дафн қилинди. Оминанинг вафотидан сўнг у зот боболари Абдулмутталибнинг қарамоғида бўлдилар. Абдулмутталиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ яхши кўрар, суйиб эркалар, у зотни ўз болаларидан афзал билар эди. Абдулмутталиб ҳайбатли инсон эди, ўғилларидан ҳеч бири унинг тўшагига ўтиришга журъат қилмасди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг  тўшагига келиб ўтирса, амакилари уни тургизиб юбормоқчи бўлишарди. Шундай пайтларда Абдулмутталиб уларни қайтариб: “Бу ўғлимга тегманглар. Аллоҳга қасамки, у улуғ одам бўлади”, дерди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёнига ўтирғизиб, елкаларини силар ва қилаётган ишидан қувонар эди.[1]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саккиз ёшда эканларида боболари Абдулмутталиб вафот этди, вафотидан олдин у зотнинг тарбиясини амакилари Абу Толибга васият қилди. Шундан сўнг то улғайгунларича Абу Толибнинг қарамоғида бўлдилар[2].

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг етим ўсишини истади. Токи у зот ёлғиз Аллоҳнинг инояти остида бўлсинлар, енгил ҳаёт ва тантиқликдан узоқда улғайсинлар, нафслари мол-дунё ва шон-шуҳратга мойил бўлмасин, яшаб турган муҳитидаги пешволик ва бошлиқлик маъноларидан таъсирланиб қолмасин, токи одамлар учун нубувват муқаддаслиги билан дунё обрўси ўртасидаги фарқ очиқ намоён бўлсин ва улар у зотни раҳбарлик ва бошлиқлик мақомига эришиш учун пайғамбарлик даъво қилди, деб ўйлаб қолишмасин[3].

Ота меҳридан маҳрум бўлганлари устига оналари ва боболарининг вафоти каби гўдакликдан бошларига келган мусибатлар у зотни кўнгли юмшоқ ва ҳассос қалбли бўлиб улғайишларига етарлича ҳисса қўшди. Зотан, нафс ғам-қайғулар оташида тобланади, кибр, ғурур ва тошбағирлик каби иллатлардан халос бўлади, тавозелик ва меҳр-шафқатга одатланади.

Чўпонлик қилганлари

Амакилари Абу Толиб камбағал эди, ночор кун кечирарди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалик пайтларида амакиларига ёрдам бўлсин деб маккаликларнинг қўйларини боқдилар. У зот ўзлари ҳам, бошқа пайғамбар биродарлари ҳам ўз вақтида қўй боққанлари ҳақида хабар берганлар: “Бирор пайғамбар йўқки, қўй боқмаган бўлса”, деганларида, саҳобалари: «Сиз ҳам боққанмисиз?» деб сўрашган, у зот: «Ҳа, Макка аҳлининг қўйларини бир неча танга эвазига боқиб берар эдим”, деб жавоб берган эдилар[4].

Қўй боқиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун руҳиятлари талаб қилган осойишталикни тақдир этар, саҳро манзараларига боқиб, Яратувчи зотнинг улуғворлигини ҳис қилишларига туртки берар, у зотни сабр, ҳилм, хокисорлик, меҳр-шафқат туйғуларига ошно қилар эди.

Қўйлар ювош ва заиф ҳайвон бўлгани учун  раҳм-шафқат ва ҳимояга муҳтож бўлади. Уларни боқиш асносида пайғамбарлар  халқларга сабр-бардош билан муомалада бўлишни касб этадилар, инсонларнинг табиатларини, ақл борасидаги тафовутларига риоя қилишни ўрганадилар, зўравонларга қатттиққўл, заифларга суянчиқ бўлишга одатланадилар.

Қўй боқишда тавозе, қалбни хилватга одатлантириш ва қайсидир маънода қўйларни бошқаришдан умматни бошқаришга юксалишга ёрдам бор эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ҳайвонларга яхши муомалада бўлишга буюришлари бежиз эмас.

Қўй боқишда бундан бошқа ҳам ҳикматлар кўп.

Қўй боқишлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга халқларни бошқариш учун гўё бир тажриба тўплаш ва чиниқиш майдони бўлди.

[1] Ибн Ҳишом, “Сийрат” (1/68).
[2] Абу Форис, “Ас-сийратун набавия” (101-бет).
[3] Бутий, “Фиқҳус сийра” (46-бет).
[4] Бухорий (2262) ривояти.

Изоҳ қолдиринг