Витр ҳақдаги боб (3)

0

Юз йигирма учинчи ҳадис

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси ўн уч ракаат (нафл) намоз ўқир эдилар. Уларнинг охирги беш ракаатини витр қилиб, бу беш ракаатнинг фақат охиридагина қаъдага ўтирар эдилар” (Муслим, 737).

Шарҳ:
Ушбу ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намозларини таърифлаб шундай дейди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн уч ракаат намоз ўқир эдилар. Унинг аввалги саккиз ракаатини икки-икки ракаатдан ўқир, сўнг қолган беш ракаатни бир салом билан, қаъдага фақат охирида ўтириб, витр-тоқ қилиб якунлар эдилар.

Фойда:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намоз, яъни таҳажжуд намозини неча ракаат ўқиганлари ҳақида Ойша розияллоҳу анҳодан ҳар хил ривоятлар келган. Баъзи ривоятда етти, баъзисида тўққиз, бошқасида ўн бир ва яна бирида ўн уч ракаат ўқиганлари айтилган. Бундан бошқа ривоятлар ҳам нақл қилинган. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳодан “Икки саҳиҳ ҳадис тўплами”да нақл қилинган ривоятда шундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозларини ўн бир ракаатдан оширмас эдилар”. Зоҳиридан бир-бирига зиддек кўринган мазкур ривоятлар ўртасини мувофиқлаштиришнинг энг яхши йўли қуйидагичадир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозини кўпинча ўн бир ракаатдан оширмас эдилар. Аммо баъзи ҳолатларда шижоатлари келиб мазкур ракаатдан кўпроқ ёки аксинча бироз толиққан пайтларида камроқ ўқиганлар ёхуд таҳажжуд намозини ўқиш тартибини саҳобаларга таълим бериш ёки гоҳо бундай, гоҳо ундай ҳам ўқиш жоизлигини баён қилиш мақсадида шундай қилганлар.

Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар:

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан тунда ўн уч ракаат нафл намоз ўқир эдилар.

  2. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзида витрни беш ракаат қилиб ўқир, унинг фақат охирги ракъатидагина қаъдага ўтирар эдилар.

  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Тунги (нафл) намозлар икки ракаат-икки ракаатдан ўқилади”, деган сўзларидан витрдан бошқа нафл намозлар кўзда тутилган. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айрим ҳолатларда тунда узлуксиз етти ракаат, гоҳида беш ракаат витр намози ўқиб, уларнинг фақат охирги ракаатидагина қаъдада ўтирганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз баъзан витр намозини тўққиз ракаат қилиб ҳам ўқиганлар. Саккизинчи ракаатдан кейин қаъда-ташаҳҳудга ўтириб, сўнг салом бермасдан туриб, тўққизинчи ракаатни ўқиб салом берганлар.

  4. Шайхул ислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Фарз намоздан кейин энг афзал намоз тунги намозлардир. Уларнинг энг таъкидлангани (яъни энг кўп тарғиб қилингани) витр намози ва бомдоднинг икки ракаат суннатидир”.

  5. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ суннатда витр намозининг тартиби борасида келган барча ривоятларни зикр қилиб бўлгач, шундай деган: “Тўғрироқ фикр шуки, имом суннатда келган бирор ишни қилса ва витр намозини мазкур кўринишлардан бирига мувофиқ ўқиса, ортидагилар унга эргашиши керак бўлади”.

  6. Маҳомилий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витр намозлари етти хил кўринишда бўлган:

А) бир ракаат;

Б) уч ракаат: биринчи икки ракаат ўқиб салом бериб, сўнг алоҳида бир ракаат ўқиганлар;

В) узлуксиз беш ракаат: унинг фақат охирги бешинчи ракаатида қаъдага ўтириб намозини якунлаганлар;

Г) етти ракаат: олти ракаатдан сўнг қаъдага ўтириб, ташаҳҳуд дуосини айтиб бўлгач, еттинчи ракаатга туриб, шу билан намозни якунлаганлар;

Д) тўққиз ракаат: саккиз ракаатдан сўнг қаъдага ўтириб, ташаҳҳуд дуосини айтиб бўлгач, тўққизинчи ракаатга туриб, шу билан намозни якунлаганлар;

Е) ўн бир ракаат: ҳар икки ракаатдан кейин салом бериб, сўнг охирида туриб бир ракаат ўқиганлар.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг