Саҳобий бўлинг: Нодир авлод (4)

0

Саҳобаларнинг улуғлиги сабабларидан яна бири – ноёб тажрибадан ўтишгани

Иккинчи сабаб: Саҳобалар авлоди жуда ҳам ноёб тажрибани бошдан кечирдилар, улар яшаб ўтган тажрибани ҳеч қайси мусулмон кўрмаган. Келинг, қуйида ушбу нодир авлоднинг ўзига хос тажрибасига назар ташлаймиз:

  • Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, у киши билан муомалада бўлишгани

Биринчидан: Улар кўзлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришган, у зот билан бир маконда жамланишган ва муомалада бўлишган, у зотнинг ортида туриб намоз ўқишган, у зотнинг сўзларини тинглашган. Аслида, шунинг ўзи жуда ҳам буюк ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин то бизнинг замонимизга қадар, балки Қиёматгача ҳам мўмин киши тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрадиган бўлса, буни жуда табаррук ҳодиса дея эътиборга олади. Аслида ҳам шундай бўлиб, ушбу ҳодисага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам катта эътибор қаратганлар. Бухорий ва Муслим роҳимаҳумуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким тушида мени кўрса, ўнгида мени кўради ёки ўнгида мени кўргандай бўлади. Шайтон менинг суратимда гавдалана олмайди»[1]. Дарҳақиқат, у зотни тушда кўриш ажойиб ишдир. Энди у зотни ҳар куни, ҳар лаҳза, тушида эмас, ўнгида, бир-икки соат эмас, балки бутун умри давомида ўз кўзлари билан кўрган инсон ҳақида нима дейсиз?

Келинг, биргаликда қуйидаги ҳолатни тасаввур қилиб кўрамиз: Агар бир киши бошқа бир кишини сизга мақтаб, унинг кимгадир яхшилик қилганини айтса, сиз ушбу хабар ва таърифнинг ўзи билангина ўша одамни яхши кўриб қоласиз, унга нисбатан кўнглингизда илиқлик пайдо бўлади. Энди ўша яхшилик шахсан сизнинг ўзингизга нисбатан қилинган бўлса-чи?! Яъни сиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақирликдан қўрқмасдан садақа қилганлари ҳақида эшитсангиз, бу нарса қалбингизда у кишига нисбатан муҳаббат пайдо қилади. Энди у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидаги тортиқни қабул қилиб олувчи киши айнан сиз бўлсангиз-чи?!

Термизий ривоят қилган ҳадисдаги Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳунинг мана бу сўзларига эътибор беринг: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ табассум қилувчи бошқа бирор кишини кўрмадим»[2].

Шу нарсани англаганингиз заҳоти қалбингизда у зотга нисбатан муҳаббатингиз ўсади. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум билан қараган ўша киши сиз бўлсангиз-чи?! У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилган пайтларида у кишининг муборак юзларига қараб турган ўша одам сиз бўлсангиз-чи, бунга нима дейсиз?! Мен сизга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал кишиларни зиёрат қилар, вафот этганларнинг жанозаларида қатнашар эдилар», десам. Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйига бориб зиёрат қилган ўша бетоб сиз бўлсангиз-чи?! Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанозасида ҳозир бўлган марҳум сизнинг яқинингиз бўлса-чи?! Ушбу ҳолатда сизнинг у зот билан алоқангиз, у кишига нисбатан иймонингиз қандай даражада бўлади? Бу айтганларим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига қарашдан ташқари ишлардир. Фақатгина қарашнинг ўзига келадиган бўлсак, унинг ўзига хос бўлан таъсир кучи бор. Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг айтган сўзларига диққат қилинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларини кўрган пайтимда бу юз ёлғончининг юзи эмаслигига амин бўлдим»[3].  Яъни пайғамбарлик муҳрини ҳали кўрмай туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига боқишнинг ўзи қалбда унутилмас из қолдирди. Салмон Форсий, Абдуллоҳ ибн Саржис, Амр ибн Ахтаб ва бошқа кўплаб саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки елкалари ўртасида жойлашган пайғамбарлик муҳрини кўзлари билан кўрганлар. Ушбу пайғамбарлик муҳрини кўришнинг қалбга таъсири уни кўрмасдан, фақат эшитгандаги таъсири билан тенг эмас, албатта.

[1] Бухорий: (6993). Муслим: (2266). Ҳадис матни Муслимга тегишли.

[2] «Сунани Термизий» (3641).

[3] «Сунани Термизий» (2485).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг