Аллоҳ суйган бандалар: Таҳажжудга туриш (4)

0

Таҳажжудга туришни енгиллатувчи сабаблар

Мусулмон биродарим, тўғри, таҳажжудга туриш нафсга энг қийин бўлган ибодатлардан, лекин кимга Аллоҳ енгил қилиб қўйса, қийинлиги билинмайди. Таҳажжудга туришни енгиллатувчи бир қанча сабаблар ҳам бор, киши агар шуларга риоя қилса, кечаси туриб намоз ўқишга муяссар бўлади, иншааллоҳ. Булар икки қисмдан иборат бўлиб, бири зоҳирий ва иккинчиси ботиний ишлар.

Зоҳирий ишлар:

  • кўп еб-ичмаслик, чунки одам кўп еса, уйқу босади, натижада, кечаси туриши қийинлашади. Бекорга айтилмаган: “Кўп есанг кўп ичасан, кўп еб-ичсанг, кўп ухлайсан, кўп ухласанг, кўп йўқотасан”;

  • кундузи тинкани қуритиб, асабни бузадиган ишлар билан ўзини чарчатмаслик, чунки бу ҳам уйқуни келтиради;

  • кечаси туришга ёрдам бўлсин учун, кундузи бир оз бўлса-да қайлула (кундузги бир оз уйқу) қилиш;

  • гуноҳдан тийилиш. Чунки гуноҳ қалбни қотириб, қалб билан раҳмат сабабларининг орасини тўсиб қўяди. Бир киши Ҳасан Басрийга: “Эй Абу Саид, мен касалмасман, соғломман, кечаси таҳажжудга туришни хоҳлайман, шунга яраша ҳозирлигимни олиб ётаман, лекин тура олмайман. Сабаби нимада?” деди. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Сени гуноҳларинг кишанлаб қўйибди”, деб жавоб берди.

Ботиний ишлар:

  • мусулмонларга кек сақлашдан, бидъат-хурофотларга берилишдан, дунё учун керагидан ортиқ ғам-ташвиш чекишдан қалбни саломат сақлаш;

  • қалбда орзу-ҳавасни озайтириб, хавфни кўпайтириш, чунки инсон охират даҳшати ва жаҳаннам азоби ҳақида фикр юритса, уйқуси қочиб, ҳушёрлиги ортади. Шоир айтганидек (мазмуни):

“Қуръондаги ваъда ва ваъидлар кўзни тундаги уйқудан тўсди,

Аллоҳнинг каломини фаҳмлаган оқиллар ибодат билан бўйнини эгди”.

“Қоронғу кечада нафсни чарчатиб ибодат қилдилар,

Саҳар чоғида уларни рукуъда топдилар.

Аллоҳдан қўрқув кўзларидан уйқуни қочирди,

Улар қоим эдилар, дунё аҳли эса ғафлатда ётди”;

  • таҳажжуд намозининг фазилатини Қуръон оятлари, ҳадислар ва шу ҳақда келган ривоятлардан ўқиб ўрганиш. Чунки қиёмул лайлнинг фазлини билиш кишини амалга ундайди ҳамда унинг машаққатини кетказади;

  • Аллоҳнинг ҳузурида туриш ва Унга илтижо қилиш ҳаловатини эслаш. Бу ҳаловат ва лаззатни Аллоҳ таолони чин дилдан яхши кўрган ва Расулига чинакам эргашган кишигина хис қила олади. “Айтинг эй Пайғамбар: Агар Аллоҳни чиндан яхши кўрсанглар, менга эргашинглар, шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради” [Оли Имрон, 31].

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг