Кўп истиғфор айтишнинг ўн самараси

0

Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуръон сизларга дард ва даволарингизни кўрсатади. Дардларингиз – гуноҳларингиз, даволарингиз эса, истиғфордир”.

Агар юрагингизда сиқилишни ҳис қилсангиз, қалбингиз ғам-ташвишларга тўлиб кетса, дунё тор бўлиб, эшиклар ёпилса, билингки, сизнинг кўп истиғфор айтишга эҳтиёжингиз бор.

Дарҳақиқат, истиғфор яхшиларнинг озиғи, тақводорлар шиори, солиҳлар бошпанасидир. Истиғфор билан қалблар саодатга тўлади, кўнгиллар ёришади, ғам-ташвишлар арийди, тарозулар савоблар ила оғирлашади, даражалар кўтарилади, хатою гуноҳлар ўчирилади, ғам-ғуссалардан халос бўлинади. Истиғфор бандага қанчадан-қанча яхшиликларни олиб келади, қанчадан-қанча балою офатларни буриб юборади!

Истиғфор фойдали дори, манфаатли даво, хафалик булутларини ҳайдовчи, ғам бўронларини аритгувчидир. У шифо берувчи малҳам, кифоя қилувчи доридир.

Истиғфорнинг ғарқ пишган мевалари, талай фойдалари, қимматли ўлжалари бор. У ўзида дунё ва охират яхшиликларини жамлаган бўлиб, банда учун дунёда бахт-саодат, охиратда эса нажотдир. Ким истиғфорни маҳкам тутса, албатта зафар қозониши тайин. Келинг, истиғфорнинг баъзи самаралари ва фойдаларини кўриб чиқамиз:

  1. Истиғфор қалбни поклайди.

Истиғфор қалбни гуноҳ ва маъсиятлар зулматидан тозалайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Банда бир гуноҳни қилса, унинг қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар ундан тийилиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби тозаланади. Агар яна гуноҳ қилишга қайтса, доғ кўпайиб, бутун қалбини қоплаб олади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида айтилган қоплаб олишдир: “Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари (занги) қоплаб олгандир!” (Мутоффифун сураси, 14)”[1].

Уламолар айтадилар: “Албатта, гуноҳлар қалбни қорайтиради. Банда ҳар сафар гуноҳ қилишда давом этар экан,  қалбидаги зулмат зиёда бўлиб, қоралик каттариб бораверади. Аммо гуноҳдан сўнг тавба ва истиғфорга шошилса, қалби покланиб, тозаланади ва ўнгланади”.

Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуръон сизларга дард ва даволарингизни кўрсатади. Дардларингиз – гуноҳларингиз, даволарингиз эса, истиғфордир»[2].

Яна салафлардан бирига: «Динингиздаги аҳволингиз қандай?» дейишганда, у киши: «Уни гуноҳлар билан парчалаяпман ва истиғфор билан ямаб, бутлаяпман», деб жавоб бергани нақл қилинган.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга: «Одамлар тасбеҳ ёки истиғфор айтишдан қайси бири банда учун манфаатлироқ эканини сўраяптилар», дедим. Шунда у киши: «Агар либос тоза бўлса, унга хушбўйлантирувчи тутатқи ва атиргул суви муносиб бўлади. Агар у кир бўладиган бўлса, унга совун билан сув кўпроқ зарурдир», деди”[3].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Юрак сиқилишининг энг катта сабабларидан бири Аллоҳдан юз ўгириш, У Зотнинг зикридан ғафлатда бўлишдир. Қалбда ҳақиқий истиғфор давомли бўлар экан, бора-бора уни соғлик ва саломатликка қайтаради».

Қаранг, биродарим, Аллоҳ азза ва жаллага маъсият қилиш билан қалбларимизни қорайтириб оламиз-да, сўнг уни тозаламаймиз, натижада, ибодат билан роҳатланмайдиган, тоат билан ҳузурланмайдиган бўлиб қоламиз.

Биз қалбларимизни тўғрилаш ва гуноҳлардан тозалашга муҳтожмиз. Қалб учун истиғфордан кўра покловчироқ, тозаловчироқ нарса йўқ. Агар гуноҳлар йиғилиб қолса, уларни истиғфор билан тозалаб турилмаса, қалб қоп-қора зулматга айланиб, устидан муҳр босиб қўйилади.

Сиз уйини тозаламасдан яшайдиган инсонни кўрганмисиз?

Умуман ювинмайдиган, кийимларини тозаламайдиган одамни-чи?

Бакр ал-Музаний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Одамзоднинг амаллари Аллоҳга кўтарилади. Агар улар истиғфори бор саҳифада кўтарилса, оппоқ ҳолатда бўлади. Агар истиғфори йўқ саҳифада кўтарилса, қоп-қора суратда бўлади».

(Давоми бор)

[1]Санади ҳасан. Аҳмад (2/297), Термизий (3334) ва Ибн Можа (4244) ривоятлари.

[2]Байҳақий «Шуъабул иймон»да (6745) келтирган.

[3]Ал-вобилус соййиб, 92-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг