Тафсир: Бақара сураси, 30-34 оятлар

0

وَإِذۡ قَالَ رَبُّكَ لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٞ فِي ٱلۡأَرۡضِ خَلِيفَةٗۖ قَالُوٓاْ أَتَجۡعَلُ فِيهَا مَن يُفۡسِدُ فِيهَا وَيَسۡفِكُ ٱلدِّمَآءَ وَنَحۡنُ نُسَبِّحُ بِحَمۡدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَۖ قَالَ إِنِّيٓ أَعۡلَمُ مَا لَا تَعۡلَمُونَ ٣٠ وَعَلَّمَ ءَادَمَ ٱلۡأَسۡمَآءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمۡ عَلَى ٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ فَقَالَ أَنۢبِ‍ُٔونِي بِأَسۡمَآءِ هَٰٓؤُلَآءِ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ ٣١ قَالُواْ سُبۡحَٰنَكَ لَا عِلۡمَ لَنَآ إِلَّا مَا عَلَّمۡتَنَآۖ إِنَّكَ أَنتَ ٱلۡعَلِيمُ ٱلۡحَكِيمُ ٣٢ قَالَ يَٰٓـَٔادَمُ أَنۢبِئۡهُم بِأَسۡمَآئِهِمۡۖ فَلَمَّآ أَنۢبَأَهُم بِأَسۡمَآئِهِمۡ قَالَ أَلَمۡ أَقُل لَّكُمۡ إِنِّيٓ أَعۡلَمُ غَيۡبَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَأَعۡلَمُ مَا تُبۡدُونَ وَمَا كُنتُمۡ تَكۡتُمُونَ ٣٣ وَإِذۡ قُلۡنَا لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ ٱسۡجُدُواْ لِأٓدَمَ فَسَجَدُوٓاْ إِلَّآ إِبۡلِيسَ أَبَىٰ وَٱسۡتَكۡبَرَ وَكَانَ مِنَ ٱلۡكَٰفِرِينَ ٣٤

  1. Эсланг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Раббингиз фаришталарга: «Мен ер юзида бир халифа қилмоқчиман», деганида, улар: «Биз Сенга ҳамд ила тасбеҳ айтиб, Сени муқаддас санаб турган бўлсак, ерда фасод қилиб, қон тўкадиган махлуқотни яратасанми?!» деган эдилар. Аллоҳ уларга қарата: «Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан», деди. 31. Ва Одамга барча нарсаларнинг номларини ўргатди. Сўнг уларни фаришталарга кўрсатиб: «Қани, ростгўй бўлсангиз, Менга шуларнинг номларини хабар берингиз-чи?!» деди. 32. Фаришталар дедилар: «Эй Раббимиз, Сени барча айб-нуқсонлардан поклаймиз. Бизда Ўзинг бизга ўргатганингдан бошқа илм йўқ. Албатта, фақат Сенгина (барча нарсани) билувчи ва ҳикматли зотсан». 33. Аллоҳ деди: «Эй Одам, уларга бу нарсаларнинг номларини хабар бер». Одам фаришталарга уларнинг номларини хабар берганида Аллоҳ деди: «Мен сизларга «Осмонлару ернинг ғайбларини, шунингдек, сизлар ошкор этганингизни ҳам, ичингизда сир тутганингизни ҳам билурман», демаганмидим?!» 34. Ўшанда фаришталарга қарата: «Одамга сажда қилингиз», деб буюрдик ва (шу заҳоти) барчалари сажда қилдилар. Фақат Иблис (сажда қилишдан) бош тортди, такаббурлик қилиб, кофирлардан бўлди.

Мазкур оятларда Аллоҳ таоло башарият отаси Одам алайҳиссаломнинг яратилиши ва унинг фазилатини баён қилишга киришади. Аллоҳ таоло фаришталарга одамни яратишни хоҳлаганини ва уни ер юзида халифа қилишини хабар берди. Шунда фаришталар (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) дедилар: «(Эй Раббимиз), ер юзида гуноҳ ишлар қилиб, фасод қиладиган ва ноҳақ қон тўкадиган мавжудотни яратасанми?» Аслида ноҳақ қон тўкиш ҳам ер юзида фасод қилишга киради. Бироқ ноҳақ одам ўлдириш катта жиноят бўлгани учун умумий гапдан сўнг алоҳида тилга олинди. Фаришталар ер юзига халифа қилинган махлуқотдан мана шундай ишлар содир бўлади, деган гумон билан бу сўзларни айтдилар. Улар Аллоҳнинг бундай махлуқотни яратишини узоқ санаб, Уни улуғладилар ва ўзларининг фасоддан холи бўлган тарзда Унга ибодат қилишларини хабар бериб шундай дедилар: «Биз Сенга ҳамд ила тасбеҳ айтиб…» Яъни Сенинг ҳамдинга ва улуғворлигингга лойиқ тарзда Сени айб-нуқсонлардан поклаймиз. «Сен учун муқаддас қилган бўлсак», деган жумладан «Сени муқаддас санаган бўлсак» деган маъно назарда тутилган бўлиши мумкин. Шунингдек, ундан «Сен учун ўзимизни муқаддас қилган, яъни ўзимизни Аллоҳни яхши кўриш, улуғлаш, Ундан қўрқиш каби гўзал хулқлар билан поклаган ҳамда уни тубан ва разил хулқлардан тозалаган бўлсак» деган маъно кўзда тутилган бўлиши ҳам мумкин.

«Аллоҳ уларга қарата: «Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан», деди». Яъни Мен бу мавжудот ҳақида сизлар билмаган нарсаларни биламан. Чунки сизлар шунчаки гумондан келиб чиқиб гапирган бўлсангизлар, Мен барча ошкор ва махфий нарсаларни билган олим Зотман. Мен аниқ биламанки, ушбу мавжудотни яратиш ортидан ҳосил бўладиган яхшилик ундаги ёмонликдан бир неча марта кўпдир.

Дарҳақиқат, ер юзида инсониятни яратишдан Аллоҳ таоло улар ичидан пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларни танлаб олиши, бандаларига (Ўзининг бирлиги ва ибодатга ҳақли ягона зотлигига далолат қилувчи) оят-аломатларининг ошкор ва аён бўлиши, бу мавжудотнинг яратилиши билан жиҳод ва шунга ўхшаш ибодатларнинг рўёбга чиқиши, имтиҳон ва синов натижасида бандалар табиатида яширинган эзгулик ва ёвузликнинг зоҳир бўлиши, Аллоҳнинг дўсти душманидан, динининг ҳимояси учун курашадиганлар унга қарши курашадиганлардан ажралиши, шунингдек, Иблиснинг ичида яширинган, унинг асл сифати ва табиатининг инъикоси саналмиш ёвузлик ва ёмонликларнинг ошкор бўлишидан бошқа нарса бўлмаганида ҳам, мазкур ишларнинг баъзилари ер юзида башариятни яратиш учун кифоя қиладиган улуғ ҳикматлар саналган бўлар эди.

Фаришталарнинг (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) сўзида гуёки ўзларининг Аллоҳ ер юзида яратмоқчи бўлган халифадан устун ва афзал эканига ишора бор эди. Шунда Аллоҳ уларга Одамнинг фазлини баён қилишни хоҳлади. Токи улар Одамнинг афзаллигини ва Рабларининг ҳикмати ва илмининг мукаммаллигини билиб олсинлар.

«Ва Одамга барча нарсаларнинг номларини ўргатди». Яъни Аллоҳ таоло Одамга нарсаларнинbaг номларини ва бу номлар ким ва нималарнинг номи эканини, номни ҳам, ўша ном қўйилган нарсани ҳам, ҳатто «коса» ва «косача» сингари исмларнинг  кичрайтирилган шаклини ҳам ўргатди.

«Сўнг уларни фаришталарга кўрсатиб: «Қани, ростгўй бўлсангиз, Менга шуларнинг номларини хабар берингиз-чи?!» деди». Кейин Аллоҳ таоло фаришталарни имтиҳон қилиш учун уларга бу нарсаларни рўбару қилиб: «Қани, биз бу мавжудотдан афзалмиз деган гапингиз ва гумонингиз рост бўлса, уларни номларини айтиб беринг-чи?!» деди.

«Фаришталар дедилар: «Эй Раббимиз, Сени барча айб-нуқсонлардан поклаймиз. Бизда Ўзинг бизга ўргатганингдан бошқа илм йўқ. Албатта, фақат Сенгина (барча нарсани) билувчи ва ҳикматли зотсан». Яъни Биз Сенга эътироз билдириш ва амрингга хилоф қилишдан Сени поклаймиз. Бизда Ўзинг фазлу марҳаматинг ила ўргатганингдан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен ҳар бир нарсани билувчи, осмонлар-у ерда зарра мисқоличалик ёки ундан ҳам кичикроқ ёки каттароқ нарса илмидан четда қолмайдиган Зотсан.

Ҳаким зот деб, барча мавжудотни қамраб олган тўлиқ ҳикмат соҳибига айтилади. Аллоҳ таоло бирон нарсани яратса, ҳикмат билан яратади, бирон нарсага буюрса, ҳикмат билан буюради. Ҳикмат – ҳар бир нарсани ўзига муносиб ва лойиқ ўринга қўйиш, демакдир.

Шундай қилиб, фаришталар Аллоҳнинг илми ва ҳикматига иқрор бўлдилар, ўзларининг мустақил равишда озгина нарсани бўлса-да билишдан ожизликларини, Аллоҳ таолонинг уларга ато этган фазлини, уларга билмаган нарсаларини ўргатганини эътироф этдилар.

«Аллоҳ деди: «Эй Одам, уларга бу нарсаларнинг номларини хабар бер». Одам фаришталарга уларнинг номларини хабар берганида Аллоҳ деди: «Мен сизларга «Осмонлару ернинг ғайбларини, шунингдек, сизлар ошкор этганингизни ҳам, ичингизда сир тутганингизни ҳам билурман», демаганмидим?!»

Шундан сўнг Аллоҳ Одамга фаришталарга рўбару қилган ва улар исмларини айтишдан ожиз қолган нарсаларнинг отларини айтиб беришни буюрди. Одам уларни айтиб бергач, фаришталарга Одамнинг улардан афзаллиги ва яратган Зотнинг ушбу мавжудотни ер юзида халифа ўлароқ яратишидаги ҳикмати ва илми аниқ ошкор бўлди. Шунда Аллоҳ таоло: «Мен сизларга «Осмонлару ернинг ғайбларини, шунингдек, сизлар ошкор этганингизни ҳам, ичингизда сир тутганингизни ҳам билурман», демаганмидим?!» деди. Ғайб бизга кўринмас оламдир. Ғайбни билган Аллоҳ «шаҳодат» оламини, яъни бизларга кўриниб турган оламни билиши янада осонроқдир.

«Ўшанда фаришталарга қарата: «Одамга сажда қилингиз», деб буюрдик ва (шу заҳоти) барчалари сажда қилдилар. Фақат Иблис (сажда қилишдан) бош тортди, такаббурлик қилиб, кофирлардан бўлди».

Сўнг Аллоҳ фаришталарга Одамга ҳурмат ва таъзим юзасидан, айни пайтда Аллоҳга ибодат қилиш учун Одамга сажда қилишни амр этди. Фаришталар дарҳол Аллоҳнинг амрига бўйсундилар ва барчалари саждага шошилдилар. Фақат Иблис саждадан бош тортди, Аллоҳнинг амрига итоат этишдан ва Одамдан ўзини катта олди. Иблис деди: «Лойдан яратган мавжудотингга сажда қиламанми?!» (Исро сураси, 61). Иблиснинг саждадан бош тортиши ва такаббурлиги ичидаги куфр сабабли эди. Шундай қилиб, унинг Аллоҳга ва Одамга душманлиги, кофирлиги ва мутакаббирлиги маълум бўлди.

Мазкур оятларда бир қанча ибрат ва аломатлар бор. Жумладан, Аллоҳнинг калом – гапириш сифати бор бўлиб, У зот азалдан хоҳлаганини гапирувчидир. Шунингдек, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зот. Баъзи махлуқотларнинг яратилишидаги ёки шариат ҳукмларидаги ҳикмат махфий бўлган тақдирда банда Аллоҳнинг ишига ёки амрига таслим бўлиши, ҳикматни англамагани учун ўз ақлини маломат қилиши ва Аллоҳнинг ҳикматига иқрор бўлиши вожибдир. Яна мазкур оятлардан билиб оламизки, Аллоҳ фаришталарига эътиборли ва уларга ғамхўр Зотдир. Бу эътибор ва ғамхўрлик У зотнинг фаришталарга билмаган нарсаларни ўргатиши ва нотўғри тушунчаларини тузатиб қўйишида акс этган.

Ушбу оятларда бир неча жиҳатдан илмнинг фазилатига ишоралар бор:

1) Аллоҳ фаришталарига Ўзининг илми ва ҳикматини танитди;

2) Аллоҳ таоло фаришталарга Одам алайҳиссаломнинг илм билан улардан афзал эканини ва илм бандадаги энг аъло сифат эканини билдирди;

3) Одамнинг илм билан афзаллиги аён бўлгач, Аллоҳ таоло уни ҳурматлаш учун фаришталарни унга сажда қилишга буюрди;

4) кишининг афзаллигини бошданоқ баён қилгандан кўра, аввало, у афзал бўлган соҳада бошқаларни имтиҳон қилиш, улар имтиҳондан ўтолмагач, фазилатли кишини синовдан ўтказиш керак. Шунда унинг имтиҳондан муваффақиятли ўтиши афзаллик томонини янада мукаммалроқ намоён этади;

5) мазкур оятларда инсонлар отаси Одам ва жинлар отаси Иблиснинг ҳолидан ибрат олиш, Одамнинг фаришталардан афзаллиги, Аллоҳнинг Одамга кўрсатган инъоми ва Иблиснинг унга адоватининг баёни ҳамда бошқа талай ибратлар бор.

Изоҳ қолдиринг