Маҳрумлар (5)

0

Эй маҳрум! Гарчи сен дунёдаги энг қиммат нарсага эга бўлиб, дунё хазиналари қўлингда турса ҳам, ўзингни дунёдаги энг гўзал лаҳзалар –Аллоҳ учун пешонани ерга қўйишдек гўзал лаҳзалардан маҳрум қилдинг. Ўзингни энг гўзал лаззат – Аллоҳга муножот қилиш, Унга ялиниб-ёлвориш, ўзни хор тутиб, Унга бўйин эгиш лаззатидан маҳрум қилдинг… Беш вақт намоз, кечанинг дуолар ижобат бўладиган охирги учдан бири… буларнинг барчасидан маҳрум бўлдинг. Содиқ намозхонлардан сўра, иккиланма, улар намоздан нима топадилар? Сўра улардан! Улар сенга хотиржам, рози бўлган ва дунё ҳаловатини топган сокин нафс билан: “ Биз роҳат-ҳаловатни топдик, дунёда ғам-ташвиши, юрак сиқилиши кўп бўлган инсонлар намозга бепарво, намозни зое қилувчи инсонлар деб топдик”, дейишади. Ҳақиқатда ҳам шундай, лекин сен ноумид бўлма, азиз дўстим! Сенга хушхабар бор, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи бор: “Фақат улар ичидан ўз гуноҳларига тавба қилган, Раббига иймон келтирган ва тавбасига тасдиқ ўлароқ солиҳ амаллар қилган кишиларнинг тавбаларини Аллоҳ қабул этгай ва ўшалар мўминлар билан бирга жаннатга киргайлар, уларнинг солиҳ амалларидан бирон нарса камайтирилмагай” (Марям сураси, 60).

Тавба қилувчи ўзини нафс-ҳаво асирлигидан халос қилади, қалбини маъсият қамоғидан озод этади. Тавба қилувчи тоат ҳаловатини, ибодат роҳатини, иймон таъмини, Аллоҳга юзланиш лаззатини топади. Тавба қилишдан маҳрум эса қалбда сиқилиш, юзда қайғу, беҳаловатлик, нафс-ҳавога қулликдан бошқа нарса топа олмайди. Содиқ тавба қилган  кишининг тили орқали қалбидан чиққан рост сўзини кўринг (байт мазмуни): «Бугун янги туғилган кундир, ўтгани мен балоланган ўлимдир…»

Эй маҳрум! Аллоҳга тавба қил, тавба таъмини тот, қалб сиқиб чиқарган кўз ёшлар ҳаловатини тот. Бу кўз ёшлар кўздан сизиб, яноқлардан оқсин, гуноҳлар чўғини ўчирсин. Раббинг билан холи қол, гуноҳларингни эътироф эт, Парвардигоринга дуо қил. «Эй Аллоҳим! – де, – Сен Роббимсан ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳд паймонинг ва ваъдангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Мени мағфират қил. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни кечирувчисан».

Хатоларинга йиғла, муножот лаззатини ўзингда ҳис қил, Аллоҳ таолога хорлик ва қулликни эътироф эт, Аллоҳга сидқидилдан тавба қил, Унга муножот қилиб айт: “Парвардигоро! Албатта, мен ўз нафсимга кўп зулмлар қилдим. Гуноҳларни ёлғиз Сенгина кечирувчисан. Мени Ўз марҳаматинг – Ўз томонингдан бўладиган мағфират билан кечиргин, раҳм этгин! Албатта Сен кечирувчи ва раҳмли Зотсан».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби, сен ҳам бу дуоларни айтиб юришни одат қил.

Аллоҳни Яратувчи деб, Исломни дин деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар деб рози бўлган киши иймон таъмини тотади. Шоҳлар шоҳига қулоқ сол, осмонлару ерни яратган Зотни эшит, Мағфиратли, Муҳаббатли Зот сенга нидо қиляпти, ўта Меҳрибон, жуда Раҳмли Зот сенга хитоб қилмоқда: «Эй Пайғамбар, Гуноҳу маъсиятларга муккасидан кетган ва  нафсларнинг гапига кириб, гуноҳлар қилиш билан ўзларига зулму исроф қилган бандаларга айтинг: «Сизлар гуноҳимиз кўп деб, Аллоҳнинг Раҳматидан умидсиз бўлиб қолманглар. Шубҳасиз Аллоҳ ҳар қанча кўп гуноҳ қилган киши ҳам гуноҳидан тавба қилса ва гуноҳларидан қайтса, барча гуноҳларини мағфират қилади. У тавба қилувчи бандаларининг гуноҳларини кечирувчи уларга Раҳмли Зотдир» (Зумар сураси, 53).

Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло деди: “Эй бандаларим, сизлар кечаю кундуз гуноҳ қиласиз. Мен эса барча гуноҳларни кечираман, бас, Менга истиғфор айтинг, Мен сизларни кечираман” (Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси қудсийда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шундай деди: «Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам, (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъи назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъи назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан» (Термизий ривояти).

Эй маҳрум! Осмонлару Ернинг Парвардигоридан ушбу нидоларни эшитдинг. Хўш, нима узринг бор энди? Дунёдаги энг бахтли лаҳзалар, Аллоҳга бўйин эгиб, Унга зорланиб, Ундан қўрқиб, йиғлаб, истиғфор айтиб, тавба қилган кундир. Сўзлари содиқ, кўз ёшлари қайноқ, ғам-ташвишлари оғир тавба қилувчилар, маҳрумлик аччиғидан сўнг иймон ҳаловатини тотинг, ҳайрат ўтидан сўнг ишонч роҳатини топинг, изтиробли йўллардан сўнг хотиржам ҳаётда яшанг. Мана шундай яхшиликлардан, бахт-саодат ва роҳатлардан нима учун ўзингизни маҳрум қилишингиз керак? Гуноҳ қилиб қўйсангиз, тавба қилиб истиғфор айтинг, хато қилиб қўйсангиз тўғриланг, тузатинг. Раҳмат кенгдир, эшиги очиқдир.

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Фавоид” китобларида шундай деганлар: “Барака топкур, ўзингни камситма, тавба қилувчи севиклидир, синиқ одам саломатдир, муҳтожликка иқроринг айни бойликдир, надоматдан бош эгишинг олийликдир, хатони тан олишинг тўғриликдир”. Демак, Аллоҳ учун қуллик қилиш азизлик ва олийликдир. Бошқага қуллик эса хорлик ва пастликдир.

Ҳабибим! Тавба қилсанг, мен хурсанд бўламан, Аллоҳга қайтишинг билан шодланаман. Менда бундан бошқа нарса йўқ. Шеърнинг маъноси:

Содиқ тавба қилиш билан Аллоҳ таолога қайтайлик.

Биз тавба қилувчилар билан биргамиз, уларга қўлимизни чўзамиз, молимиз ва дуоларимиз билан ёрдам берамиз.

Бизнинг қўлимизда бундан бошқа нарса йўқ.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг