Намоздан кейинги зикрлар ҳақида

0

Намоздан кейин айтиладиган зикрларнинг буюк ҳикматлари ва улкан фойдалари бор. Жумладан, банда намозни мукаммал адо қила олмагани, камчиликларга йўл қўйгани ва бу камчиликларнинг ўрнини ушбу зикрлар билан тўлдиришни истаётганини билдириш. Зеро, фарз намоздан кейинги вақт дуо ижобат бўладиган ўринлардан биридир. Шунингдек, намоз кетидан зикр айтиш банданинг тоат-ибодатга рағбати борлигига ва ундан сира малолланмаганига далолат қилади. Негаки, ибодатгўй одам доимо бир ибодатни битириб бошқа бир ибодатга киришади. Қолаверса, дуо ҳасанотлар ортишига, гуноҳлар ўчирилишига ва банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади.

Юз йигирма тўртинчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما: ((أَنَّ رَفْعَ الصَّوْتِ بِالذِّكْرِ حِينَ يَنْصَرِفُ النَّاسُ مِنْ الْمَكْتُوبَةِ كَانَ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم)).
قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ: ((كُنْتُ أَعْلَمُ إذَا انْصَرَفُوا بِذَلِكَ إذَا سَمِعْتُهُ)).
وَفِي لَفْظٍ: ((مَا كُنَّا نَعْرِفُ انْقِضَاءَ صَلاةِ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – بِالتَّكْبِيرِ)).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Одамлар фарз намозини якунлашгач, овозларини кўтариб зикр айтишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида ҳам бор эди” (Бухорий, 841, Муслим, 583).

Ибн Аббос айтади: “Одамларнинг намоз кетидан зикрлар айтишини эшитганимда намоз якунланганини билар эдим”.

Бошқа бир ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари тугаганини такбирдан (яъни одамлар айтган зикрлардан) билар эдик” (Бухорий, 842, Муслим, 583), дейилган.

Шарҳ:

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо зикр қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар фарз қилинган беш вақт намозни якунлашгач, овозларини кўтариб такбир, тасбеҳлар айтишар эди. Ибн Аббос намоз тугаганини уларнинг овоз чиқариб зикр қилишларидан билиб олар эди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Намоздан сўнг зикр айтиш мустаҳаб саналади. Негаки, зикрда катта фойдалар бор ва у Пайғамбаримиз суннатига эргашиш ҳисобланади.

  2. Овоз чиқариб зикр айтиш. Чукни Пайғамбаримиз ва саҳобалар шундай қилишган. (Бу ерда овоз чиқариб зикр айтишдан мақсад барча намозхонлар жўр бўлиб, овозларини чиқариб бирга зикр айтишлари эмас, балки ҳар бир намозхон ўзи алоҳида, ёнидагиларга халақит бермайдиган даражада овоз чиқариб зикр айтишидир).

  3. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эҳтимол ёши кичик бўлгани сабабли жамоат намозига қатнашмаган ва масжиднинг ташқарисида туриб намозхонларнинг овозларини кўтариб зикр айтишларини эшитган бўлиши мумкин. Эҳтимол, у жамоат намозига қатнашган-у, лекин ёш бола бўлгани сабабли орқадаги сафларда намоз ўқиган, охирги сафдагиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозини етказиб турадиган одам бўлмагани сабабли у зот намозни якунлаганини аввалги сафларда янграйдиган зикр орқали билган бўлиши мумкин.

Изоҳ қолдиринг