Соғлом эътиқодга йўлланма: Анбиёларнинг маъсумлиги (1)

0

Анбиёларнинг маъсумлиги

Анбиёларнинг маъсумлиги деб Аллоҳ уларни гуноҳ-маъсият қилишдан сақлаши назарда тутилади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ пайғамбарлар маъсумлиги тўғрисидаги ихтилофни ва ундаги устун фикрни баён қилиб шундай дейди: «Анбиёлар алайҳимуссалом Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан хабар бериш, У зотнинг рисолатларини бандаларга етказиш борасида маъсум – хатодан холи эканларига бутун уммат иттифоқ қилган. Шу боис, улар келтирган барча нарсага иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар, яҳуд ва насороларга) айтингиз: «Аллоҳга, бизга нозил қилинган Қуръонга, шунингдек, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва Бани Исроил қавмидан юборилган пайғамбарларга нозил қилинган таълимотларга, Мусо ва Ийсога берилган Таврот ва Инжилга ҳамда пайғамбарларга Раблари томонидан берилган китобларга иймон келтирдик. Пайғамбарлардан биронтасини ажратмай иймон келтирамиз ва биз Аллоҳга бўйсунувчимиз (Унга тоат-ибодат қилувчимиз). Агар улар сиз иймон келтирган нарсага иймон келтирсалар, у ҳолда ҳидоят топган бўладилар. Агар бош тортсалар, демак, улар сизга қаршидирлар. Аллоҳнинг Ўзи сизни уларнинг ёмонлиги ва зараридан сақлайди ҳамда улар устидан ғалаба қилдиради. У эшитувчи ва билувчи зотдир» (Бақара сураси, 136-137).

Бошқа бир оятда айтилади: «Балки яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, Китобга (Қуръонга) ва пайғамбарларга иймон келтирган кишининг яхшилигидир» (Бақара сураси, 177).

Аллоҳ таоло яна бир оятда шундай дейди: «Пайғамбар Раббидан унга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) иймон келтирди. Мўминлар ҳам иймон келтирдилар. Барчалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтирдилар. (Улар): «Аллоҳнинг пайғамбарларидан биронтасини ажратмаймиз» (дейдилар). Ва барча мўминлар айтдилар: «Эшитдик ва итоат этдик. Гуноҳларимизни мағфират эт, эй Раббимиз. Қайтишимиз фақат Сенинг ҳузуринггадир…» (Бақара сураси, 285).

Анбиёларнинг ажралмас сифати бўлган маъсумлик билан нубувват ва рисолат мақсади ҳосил бўлади. Зеро, набий Аллоҳдан хабар келтирувчи, расул эса Аллоҳ юборган элчи демакдир. Барча расулга набий дейилса-да, бироқ ҳар қандай набий ҳам расул бўлавермайди. Пайғамбарлар Аллоҳдан етказган нарсаларида маъсумлик сифати собит бўлиб, унда бирон хато қарор топмаслигига барча мусулмонлар иттифоқ қилишган…

Аммо пайғамбарлар Аллоҳнинг рисолатини етказишдан бошқа ишларда ҳам маъсумлик сифатига эга ёки эга эмасликлари, маъсумликнинг ақл ёки шариат билан собит бўлгани, пайғамбарларнинг поклиги каттаю кичик гуноҳларга тегишлими ёки фақат баъзи гуноҳларгами, маъсумлик дегани хато қилмасликми ёки хато қилса ҳам, албатта, Аллоҳ томонидан қилган ишининг хатолигини билдирилишими, пайғамбарлар фақат Аллоҳнинг рисолатини етказишга оид ишларда хатодан маъсум дейиш вожиблиги, улар пайғамбарликдан олдин куфр ва бошқа гуноҳлардан маъсум бўлган-бўлмаганлари хусусида уламолар ихтилоф қилишган.

Салафи солиҳлардан нақл қилинган сўзларга мувофиқ бўлган жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, пайғамбарлар содир этган бирорта гуноҳ ва хато Аллоҳ таоло томонидан танбеҳ берилмасдан қолиб кетмайди. Шунингдек, бу уламолар пайғамбарлардан содир бўлган гуноҳ ва хатолар танбеҳсиз қолиб кетиши жоиз, деганларнинг фикрини қаттиқ рад этишади.

Пайғамбарлар хатодан покдирлар, деган уламоларнинг далил ва ҳужжатлари тадқиқ қилинса, олинган хулоса жумҳур уламолар фикрини қўллаб-қувватлайди. Пайғамбарларнинг маъсумлигини инкор этувчиларнинг далиллари бирон-бир пайғамбардан содир бўлган хато танбеҳсиз қолиб кетганига далолат қилмайди. Пайғамбарлар хатодан маъсумдирлар, деганларнинг далилларга кўра, уларнинг фақат тўғри ишларига эргашиш жоиз, Аллоҳ таоло тарафидан танбеҳ берилгач, ундан қайтган ишларига эмас. Шунингдек, пайғамбарлар бирон ишга буюрган ёки қайтарган бўлсалар, модомики, насх қилинмаган экан, итоат этилади. Аммо насх қилинган бўйруқ ва қайтариқларга бўйсуниш вожиб дейиш нари турсин, ҳатто уларни буюрилган ва қайтарилган ишлар сирасига киритиш ҳам жоиз бўлмайди.

Пайғамбарлар хатодан маъсум, деган уламолар бир қанча ақлий далиллар келтиришган. Унга кўра, гуноҳлар камолотга зид, улуғ неъматлар ато этилган зотлардан гуноҳ содир бўлиши жуда қабиҳ иш ёки гуноҳлар инсоннинг салбий томонга ўзгаришига олиб боради, деб айтишади. Тўғри, инсон бир гуноҳда давом этса, ундан тийилмаса, ўшанда юқорида келтирилган ақлий далиллар ўринли бўлиши мумкин. Аммо чин дилдан қилинган тавба сабаб Аллоҳ таоло кишини гуноҳга қўл уришидан олдинги ҳолатидан ҳам яхшироқ даражага кўтаради.

Салафлардан бири айтади: «Довуд алайҳиссаломнинг тавбадан кейинги ҳолати гуноҳдан олдинги ҳолатидан кўра яхшироқ эди».

Бошқа бири айтади: «Агар бандаси гуноҳ қилиб, сўнг ундан тавба қилиши Аллоҳга энг суюкли ишлардан бўлмаганида, бандаларнинг энг афзалини гуноҳга мубтало қилмаган бўлур эди».

Дарҳақиқат, саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: «Аниқки, Аллоҳ бандасининг тавбасидан туясини топиб олган кишидан кўра кўпроқ севинади: у туясини миниб (кимсасиз) чўлу биёбонда кетар экан, таоми ва суви юкланган туяси қўлидан чиқиб, қочиб кетади. Уни топишдан умидини узиб (ва очлик, чанқоқликдан силласи қуриб), эгаси бир дарахт соясига келиб ёнбошлайди. Туясидан батамом умиди кесилади. Дарахт соясида ёнбошлаб ётар экан, ногоҳон туяси унинг олдига келиб қолади. Шунда у туясининг тизгинидан ушлаб, қаттиқ хурсанд бўлганидан: «Ё Аллоҳ, Сен бандамсан, мен Сенинг Раббингман!» деб қаттиқ севинчдан хато гапириб юборади…»[1]

Қуръон ва саҳиҳ суннатда, Қуръондан олдин нозил қилинган илоҳий китобларда жумҳур уламолар билдирган фикрга мувофиқ бўлган сон-саноқсиз воқеа-далиллар бор. Бу далилларни рад этувчилар уларни худди жаҳмийлар, қадарийлар ва даҳрийлар Аллоҳнинг исм ва сифатларига, қадарга ҳамда охиратга оид оят ва ҳадисларни таъвил қилишганига ўхшаш таъвиллар билан қарши олдилар. Бу таъвиллар қарматий-ботинийлар тоифасиникига ўхшайди. Бу таъвилларнинг ботиллиги, Қуръон ва ҳадислар маъноларидан бошқа томонга бурилиб кетгани кундек равшан. Улар пайғамбарларни улуғлаймиз деб, уларни ёлғончига чиқаришади, уларга иймон келтирамиз деб, кофир бўлишади.

Ундан ташқари, улар ўзлари иқрор бўлишган шариат, ақл ҳамда уламолар ижмоси тасдиғидан ўтган «пайғамбарларнинг хатодан маъсум», деган қоидага ҳам амал қилмайдилар. Чунки улар пайғамбарлар етказган сўз тақозо қилган ишга иқрор бўлмайдилар. Балки ўзлари маъносини англаб етмаган сўзларни тасдиқлайдилар, холос. Ёки улар бу борада худди ёзиш-чизишни билмайдиган саводсиз кимсалар сингари қуруқ даъводан нарига ўтмайдилар. Улар даъво қилган маъсумлик собит бўлган тақдирда ҳам амал қилмас эдилар. Уларнинг ўзлари даъво қилган маъсумликка эҳтиёжлари ҳам йўқ. Зеро, мазкур маъсумлик улар иймон келтиришга буюрилган нарсаларга эмас, балки бошқаларига тааллуқлидир. Улар пайғамбарлар маъсумлиги ҳақида ҳеч бир ҳужжат-далилсиз гапираверади, пайғамбарларни тасдиқлаш, уларга итоат этишдан иборат зиммасидаги фарзга эса амал қилмайди. Аслида, итоат билан саодатга, итоатсизлик билан эса бахтиқароликка йўлиқади-ку! Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбар ўзига юкланган мажбуриятга (рисолатни етказишга), сизлар эса ўзингизга юкланган мажбуриятга (унга итоат этишга) жавобгарсиз» (Нур сураси, 54).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда бирон пайғамбардан содир бўлган хато-камчиликни зикр қилар экан, албатта, уни тавба ва истиғфор билан бирга келтиради. Масалан, Одам алайҳиссалом ва аёлининг гапларига қаранг: «Эй Раббимиз, ўзимизга зулм қилдик. Агар гуноҳимизни мағфират қилиб, бизга раҳм этмасанг, аниқ зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз» (Аъроф сураси, 23).

Нуҳ алайҳиссалом айтади: «Эй Раббим, мен Сендан у ҳақда билимим йўқ нарсани сўрашдан паноҳ беришингни сўрайман. Агар гуноҳимни мағфират қилиб, менга раҳм қилмасанг, аниқ зиён кўрувчилардан бўлиб қоламан» (Ҳуд сураси, 47).

Қуйидаги икки оятдаги Иброҳим Халилнинг сўзига диққат қилинг: «Эй Раббимиз, (одамлар қиёматда) ҳисоб-китоб учун турганларида менинг, ота-онамнинг ва (барча) мўминларнинг (гуноҳларини) мағфират қил» (Иброҳим сураси, 41); «Ва яна У шундай зотки, ҳисоб-китоб кунида хатоларимни мағфират қилишини умид қиламан» (Шуаро сураси, 82).

Ёхуд қуйидаги оятлардаги Мусо алайҳиссаломнинг сўзларини ўқинг: «Сен бизнинг Валиймиз (бизни яхши кўрувчи ва бизга ёрдам берувчи)сан. Шундай экан, гуноҳларимизни мағфират қил ва бизга раҳм эт. Сен мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан. Бизга шу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёз (насиб қил). Албатта, биз Сенга тавба қилдик» (Аъроф сураси, 155-156); «Эй Раббим, мен (гуноҳ қилиб) ўзимга зулм қилдим. Шундай экан, (гуноҳимни) мағфират қил» (Қасас сураси, 16); «У ўзига келгач деди: «(Раббим), Сени (барча айб-нуқсонлардан) поклайман. Сенга тавба қилдим ва мен мўминларнинг аввалгисиман» (Аъроф сураси, 143).

Шунингдек, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом тўғрисида шундай дейди: «Бас, Раббидан мағфират сўради, саждага йиқилди ва (тавба ҳамда тоат-ибодатда бардавом бўлиш билан Аллоҳга) қайтди. Шунда биз (унинг) бу (гуноҳи)ни кечирдик. Албатта, унинг учун (охиратда) Бизнинг ҳузуримизда олий мартаба ва чиройли қайтадиган жой (жаннат) бор» (Сод сураси, 24-25).

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссалом ҳақида айтади: «Раббим, гуноҳимни мағфират қил ва менга мендан кейин ҳеч кимсага насиб қилмайдиган мулку салтанат инъом эт. Албатта, Ўзинг кўп ҳадя этувчи зотсан» (Сод сураси, 35).

(Давоми бор)

[1] Бухорий (6308), Муслим (2747) ривояти. Ҳадис матни Муслимга оид.

Изоҳ қолдиринг