Ҳаром амаллар: Намозда хотиржамликни тарк қилиш

0

Намозда хотиржамликни тарк қилиш

Энг катта ўғрилик намоздан ўғирлашдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Инсонларнинг ичидаги энг ёмон ўғри намозидан ўғирлайдиган кишидир”. Саҳобалар: “Эй Росулуллоҳ, намозидан қандай ўғирлайди?” деб сўрадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Рукуъ ва саждаларни мукаммал қилмасдан”. (Имом Аҳмад)

Намозда хотиржам турмаслик, рукуъ ва саждаларда белни текис тутмаслик, рукуъдан кўтарилганда қоматни тўла ростламаслик ҳамда икки сажда орасида тўғри ўтирмаслик, буларнинг бари кўпгина намозхонларда топиладиган қусурлардир. Ҳатто намозларида хотиржам турадиган қавмни масжидларда топиш амри маҳол бўлиб қолди. Ваҳоланки, намозда хотиржам туриш унинг рукнларидан бири бўлиб, усиз намоз дуруст бўлмайди, унинг масаласи жиддийдир.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Рукуъ ва саждаларда орқасини текис қилмагунча кишининг намози ўтмайди” (Абу Довуд ривояти).

Хотиржам бўлмасдан намозни тез ўқиш зажр ва ваъидга лойиқ мункар ишдир. Абу Абдуллоҳ Ашъарий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан намоз ўқидилар. Сўнг уларнинг бир тоифаси билан ўтирган эдилар, бир киши кириб намоз ўқий бошлади ва рукуъ, саждаларни худди дон чўқигандек тез-тез қилди. Шунда Расулуллоҳ: “Мана буни кўряпсизми? Ким мана шу ҳолатда ўлса, Муҳаммаднинг миллатидан бошқа миллатда ўлибди, намозини худди қарға қон чўқиётгандек ўқимоқда. Худди дон чўқигандек тез-тез рукуъ ва саждаларни қилган кишининг мисоли, бир ё икки хурмо еган қорни оч кишига ўхшайди, бу эса унинг очлигини кетказа олмайди”, дедилар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Зайд ибн Ваҳб ривоят қилади: Ҳузайфа розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждаларни мукаммал қилмаётган кишини кўриб унга деди: “Сен намоз ўқимадинг, агар шу ҳолда ўлсанг, Исломдан бошқа фитратда ўласан”.

Намозда хотиржамликни йўқотганлар бу ҳукмларни билганларидан сўнг, намозни оҳиста, хотиржам ўқишлари ва ўтган намозларига Аллоҳга кўп тавба қилишлари лозимдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг