Пайғамбарлар қиссаси: Иброҳим Халилга айтилган мақтовлар зикри (1)

0

Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва халили Иброҳим алайҳиссаломга айтган мақтовларининг зикри

  Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эсланг (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Иброҳимни Рабби бир неча сўзлар (мажбуриятлар) билан синаган ва у уларни бекаму кўст бажарганидан сўнг Рабби унга шундай деган эди: «Мен сени бутун инсонларга имом – йўлбошчи қиламан». Иброҳим деди: «(Эй Раббим), зурриётимдан ҳам бир тоифасини (имом қилгин)». Рабби деди: «Бу аҳдим (яъни сенга ваъда қилинган йўлбошчилик шарафи) золимларга насиб қилмас» (Бақара сураси, 124). Иброҳим алайҳиссалом Рабби буюрган улкан вазифаларни тўла-тўкис адо этгач, Аллоҳ таоло уни бутун инсонларга имом-ўрнак қилди. Одамлар унга эргашадиган ва унинг йўлидан борадиган бўлдилар. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан имомлик унинг зурриётига уланиши, наслида боқий бўлиши ва фарзандларида мангу қолишини сўради. Унинг сўрагани ва тилагани мустажоб қилиниб, имомлик жилови унинг қўлига тутқазилди. Бироқ имомлик золимлардан истисно этилиб, у фақат зурриётидаги илмига амал қилгувчи олим кишиларгагина насиб этадиган бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Унга (ўғли) Исҳоқни ва (невараси) Яъқубни ҳадя этдик. Пайғамбарлик ва илоҳий китобларни унинг зурриётида қилдик. Унга дунёда ажр-савобини (яъни солиҳ фарзанд, солиҳа аёл, мақтов ва ҳоказолар) бердик ва у охиратда солиҳлардандир» (Анкабут сураси, 27].

Аллоҳ таоло яна шундай дейди: «Унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Уларнинг ҳар бирини ҳидоят қилдик. Ундан илгари Нуҳни ҳидоят қилган эдик. Шунингдек, унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳидоят қилдик). Муҳсин (Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қиладиган ёхуд ҳар бир амални маромига етказиб бажарадиган) бандаларни мана шундай мукофотлаймиз. Яна Закариё, Яҳё, Ийсо, Илёсни (ҳидоят қилдик). Уларнинг ҳар бири солиҳлардан эди. Ҳамда Исмоил, Ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни (ҳидоят қидик). Улардан ҳар бирини (ўз замонасидаги) бутун оламлардан афзал қилдик. Уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва ака-укаларидан (айримларни ҳидоят қилдик). Уларни танлаб олдик ва сиротул мустақиймга (тўғри йўлга) ҳидоят қилдик» (Анъом сураси, 84-87). Муфассир уламолар наздидаги машҳур фикрга кўра, мазкур оятдаги «унинг зурриётидан» жумласидаги «унинг» олмошидан Иброҳим алайҳиссалом назарда тутилган. Аслида, Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг жияни (акасининг ўғли) бўлса-да, қолган пайғамбарлар унинг пушти камаридан бўлгани боис, Лут алайҳиссалом ҳам зурриётлари қаторида зикр қилинди. Айнан мана шу омил бошқа бир гуруҳ уламоларнинг «бу олмошдан Лут алайҳиссалом назарда тутилмоқда», деган фикрга боришларига туртки бўлган. Биз бу ҳақда Лут алайҳиссалом ҳикоясида айтиб ўтган эдик. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Дарҳақиқат, Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилдик ва пайғамбарлик ҳамда илоҳий китобларни улар иккисининг зурриётида қилдик. Уларнинг зурриётларидан ҳидоят топганлари бор. Бироқ улардан кўпчилиги фосиқдирлар» (Ҳадид сураси, 26).

Иброҳим алайҳиссаломдан кейин самодан бирон пайғамбарга китоб нозил қилинган бўлса, албатта, у Иброҳимнинг зурриёти ва жамоатидан саналади. Бу Иброҳим алайҳиссалом учун мислсиз ва олий инъом, бошқа ҳеч кимсага берилмаган юксак мартабадир. Чунки Иброҳим алайҳиссаломга ўз пушти камаридан иккита улуғ ўғил насиб қилди: аввало, Ҳожардан Исмоил, сўнгра Сорадан Исҳоқ туғилди. Исҳоқ алайҳиссалом Яъқуб исмли фарзанд кўрди. У зот Бани Исроил – Исроил болалари мансуб бўлган Исроил алайҳиссаломдир. Шундай қилиб, пайғамбарлик унинг фарзандларида давом этди. Бани Исроилдан жуда кўп пайғамбарлар юборилди. Саноғи уларни пайғамбар қилиб юборган, рисолат ва нубувват ила сийлаган ёлғиз Аллоҳ таолога аён. Ниҳоят, Бани Исроилдан юборилган пайғамбарлар Исо ибн Марям алайҳимассалом билан хотима топди.

Исмоил алайҳиссаломдан эса, турли араб қабилалари тарқалди. Унинг сулоласидан фақатгина пайғамбарлар саййиди ва охиргиси, дунё ва охиратда башарият ифтихори, Қурайш қабиласи ва Бани Ҳошим уруғидан чиққан, Макка, сўнгра Мадина шаҳарларида яшаган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилдилар.

Иброҳим алайҳиссалом шажарасидаги бу юксак ва шарафли зурриёт – Исмоил алайҳиссалом сулоласидан ёлғиз мана шу кўзни қамаштирувчи маржон, нур сочувчи дур, пайғамбарлар шодасидаги энг бебаҳо гавҳар, қиёматда маҳшаргоҳ аҳлининг барчаси фахрланадиган ва бутун халойиқ ҳавас қиладиган саййид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгина пайғамбар бўлдилар.

«Саҳиҳи Муслим»[1] китобида келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ҳали (қиёматда) шундай мақомда тураманки, бутун халойиқ, ҳаттоки Иброҳим алайҳиссалом ҳам менга  ошиқадилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзлари билан зимдан боболари Иброҳим алайҳиссаломни мақтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзлари Иброҳим алайҳиссалом Яратганнинг ҳузурида бу дунёда ҳам, Аллоҳ таоло бандаларига (Ўзига лойиқ ва муносиб, махлуқотлариникига ўхшамайдиган) болдирини кўрсатадиган қиёмат кунида ҳам халойиқнинг у зотдан кейинги энг афзали эканига далолат қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога дам солиб шундай дер эдилар: «Отангиз (Иброҳим алайҳиссалом) бу зикр билан (ўғиллари) Исмоил ва Исҳоқ алайҳимассаломга дам солар эди: «Аъузу би калимаатиллааҳит-тааммаҳ, мин кулли шайтонин ва ҳааммаҳ, ва мин кулли ъайнин лааммаҳ» (яъни «Аллоҳнинг мукаммал сўзлари ила ҳар қандай шайтондан, заҳарли ва зарарли жонзотлардан ҳамда ҳар қандай касаллик ва офатлардан паноҳ тилайман»).

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эсланг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Иброҳим деди: «Эй Раббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат». Рабби деди: «(Ўликларни қайта тирилтиришга қодир эканимга) иймон келтирмайсанми?!» Иброҳим деди: «Йўқ, (иймон келтираман). Балки қалбим (янада) хотиржам бўлиши учун (сўраяпман)». Аллоҳ деди: «Ундай бўлса, тўртта қушни ол (ва уларни яхшилаб кўздан кечир, сўнг сўйиб, бўлакларга ажрат). Сўнг ҳар бир тоғ (тепалик) устига улардан бир бўлагини қўй. Сўнг уларни чақир, шунда ҳузурингга шошилиб келишади. Билгинки, Аллоҳ енгилмас ва ҳикматли Зотдир»» (Бақара сураси, 260). Муфассирлар Иброҳим алайҳиссаломнинг бу саволи учун бир қанча сабабларни зикр қилганлар. Биз бу сабабларни «Тафсир» китобида батафсил баён қилиб, масалага мукаммал тарзда аниқлик киритган эдик.

Хулоса шуки, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг истагини қондирди ва уни тўртта қушни олишга буюрди. Муфассирлар бу қушларнинг қайси қушлар экани хусусида бир қанча фикр билдирганлар. Аммо уларнинг қайси қуш эканининг аҳамияти йўқ, негаки, қайсиниси бўлганида ҳам мақсад ҳосил бўлаверади. Аллоҳ таоло уни бу қушларнинг гўшти ва патларини бурда-бурда қилиб, уларни бир-бирига аралаштиришга, сўнг уларни бўлакларга ажратишга, ҳар бир тоққа ундан бир бўлагини ташлашга буюрди. Иброҳим алайҳиссалом буюрилган ишни бажарди. Сўнг уларни Парвардигорнинг изни ила чақирди. Шунда қушларнинг бурдаланган гўшт ва патлари ҳар томондан келиб, ҳар бир қушнинг танаси олдин қандай бўлса, шундайича ўз жойига қайтиб йиғилди. Иброҳим алайҳиссалом бирон нарсага «бўл» деса, бўладиган Аллоҳнинг қудратини аниқ кўрди. Кузатиш осон ва равшан бўлиши учун унинг ҳузурига қушлар учиб эмас, балки оёқлари билан югуриб келдилар. Айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом қушларнинг жасадини парчалаганида бошларини ўзида олиб қолган. Кейин уларни чақирганида ҳар бир қуш ўзининг боши остида олдин қандай бўлса, ўшандай йиғила бошлаган. Ла илаҳа иллаллоҳ!

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ўликларни тирилтиришга оид қудратига асло шак-шубҳа қабул қилмайдиган ишонч-иймон устида бўлса-да, бироқ бу ишга очиқдан-очиқ гувоҳ бўлишни, иймоннинг «илмул яқийн»[2] даражасидан «айнул яқийн» даражасига кўтарилишни хоҳлади. Аллоҳ таоло унинг истагини бажо келтириб, сўраганини берди.

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй аҳли китоблар, нега Иброҳим тўғрисида (у бизнинг динимизда бўлган, деб) талашиб-тортишмоқдасиз?! Ҳолбуки, Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин нозил қилинган-ку! Ақл юритсангиз бўлмайдими?! Мана, сиз билимингиз бўлган (Таврот ёки Инжилда зикр қилинган) нарсалар хусусида тортишдингиз. Бироқ нега (ҳеч қандай) илмга эга бўлмаган нарсалар (Иброҳим ва унинг дини) тўғрисида тортишмоқдасиз?! Аллоҳ билади, сиз билмассиз. Иброҳим на яҳудий ва на насроний бўлган. Балки у ҳаниф (ботилдан юз ўгириб, ҳаққа мойил бўлувчи) мусулмон (Аллоҳга бўйсунувчи) бўлган, мушриклардан бўлмаган. Дарҳақиқат, Иброҳимга энг яқин (ва унга мансуб бўлишга энг ҳақли) инсонлар унга эргашганлар, мана бу Пайғамбар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  ва (у зотга) иймон келтирганлар (ислом уммати)дир. Аллоҳ мўминларнинг валийсидир (яъни уларни яхши кўрувчи ва уларга ёрдам берувчидир)» (Оли Имрон сураси, 65-68).

Аллоҳ таоло бу оятларда яҳуд ва насоролардан иборат аҳли китобларнинг ҳар икки гуруҳига «Иброҳим бизнинг динимиз ва йўлимиздадир», деган даъволарини рад этиб, у зотнинг пок ва улардан йироқ эканини айтади. Айни пайтда аҳли китобларнинг ўта нодон ва ақлсизлигини баён қилиб шундай дейди: «Ҳолбуки, Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин нозил қилинган-ку!» (Оли Имрон сураси, 65). Яъни «қандай қилиб, Иброҳим сизларнинг динингизда бўлсин?! Ҳолбуки, сизларга шариат қилиб берилган дин Иброҳимдан кейин узоқ замонлар ўтиб шариат қилиб берилган бўлса?!» Шу боис, Аллоҳ таоло уларга танбеҳ бериб: «Ақл юритсангиз бўлмайдими?!» дейди. Навбатдаги оятларда Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳим на яҳудий ва на насроний бўлган. Балки у ҳаниф (ботилдан юз ўгириб, ҳаққа мойил бўлувчи) мусулмон (Аллоҳга бўйсунувчи) бўлган, мушриклардан бўлмаган» (Оли Имрон сураси, 67). Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом Ўзининг «ҳаниф» динида эканини баён қилди. Ҳаниф дин дегани ихлосга талпиниш ва ботилни ташлаб, яҳудий, насроний ва мушриклар динига тескари бўлган ҳақ дин сари бурилиш, демакдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳимнинг динидан фақат эсипаст ва жоҳил кимсаларгина юз ўгиради. Дарҳақиқат, Биз уни дунёда танлаб олдик. Албатта, у охиратда солиҳлардандир. Эсланг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Рабби унга «Бўйсун», деганида, у «Оламлар Раббига бўйсундим (ва Унга холис ибодат қилдим)», деган эди. Бу сўзни (яъни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш, қалб ва аъзолар билан Унга бўйсунишни) Иброҳим ўз зурриётига васият қилиб буюрди. Яъқуб ҳам шундай қилди. Улар айтишди: «Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга шу динни ихтиёр қилди. Шундай экан, фақат мусулмон ҳолингизда вафот этингиз (яъни модомики ҳаёт экансиз, бу диндан ажралманг, зеро, сиз қачон ўлим келишини билмайсиз)». Сизлар (эй яҳуд ва насоролар жамоаси) Яъқубга ўлим ҳозир бўлганида гувоҳ бўлганмидингиз?! Ўшанда у фарзандларига: «Мендан кейин кимга ибодат қиласиз?» деган, улар бўлсалар: «Сизнинг илоҳингизга, ота-боболарингиз Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳи – ягона илоҳга ибодат қиламиз. Биз Унга бўйсунувчилармиз», дейишган эди. Улар (яъни Иброҳим ва фарзандлари) ўтиб кетган бир умматдир. Уларга қилган ишларининг жазо ёки мукофоти бўлур ва сизларга ҳам ўзингиз қилган ишларнинг жазо ёки мукофоти бўлур. Сизлар уларнинг амалларидан сўроқ қилинмайсизлар. (Яҳуд ва насоролар:) «Яҳудий ёки насроний бўлинг, шунда ҳидоят топасиз», дейдилар. Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Балки ҳаниф ҳолдаги Иброҳимнинг динига (эргашамиз). У мушриклардан бўлмаган эди». «(Эй мўминлар, яҳуд ва насороларга) айтинг: «Аллоҳга, бизга нозил қилинган Қуръонга, шунингдек, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва Бани Исроил қавмидан юборилган пайғамбарларга нозил қилинган таълимотларга, Мусо ва Ийсога берилган Таврот ва Инжилга ҳамда пайғамбарларга Раб томонидан берилган китобларга иймон келтирдик. Пайғамбарлардан биронтасини ажратмай иймон келтирамиз ва биз Аллоҳга бўйсунувчимиз (Унга тоат-ибодат қилувчимиз). Агар улар сиз иймон келтирган нарсага иймон келтирсалар, у ҳолда ҳидоят топган бўладилар. Агар бош тортсалар, демак, улар сизга қаршидирлар. Аллоҳнинг Ўзи сизни уларнинг ёмонлиги ва зараридан сақлайди ҳамда улар устидан ғалаба қилдиради. У эшитувчи ва билувчи зотдир. Аллоҳнинг бўёғи – динини маҳкам тутингиз. Аллоҳдан кўра бўёғи – дини яхшироқ бўлган ким бор?! Биз фақат Унга ибодат қилувчимиз». Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Биз билан Аллоҳ(нинг дини) тўғрисида талашиб-тортишасизми?! Ҳолбуки, У зот бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Раббимиз, биз ўз амалимизга, сиз ҳам ўз амалингизга кўра жазо-мукофот олурсиз. Ва биз Аллоҳга холис ибодат қилурмиз. (Шундай экан, нимага асосан ўзингизни биздан кўра Аллоҳга яқинроқ, деб даъво қилмоқдасиз?!) Ё сизлар Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодидан юборилган пайғамбарларнинг барчаси яҳудий ёки насроний динида бўлишган, деб айтасизми?! Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Сиз билувчироқми ёки Аллоҳ?!» Ҳузуридаги Аллоҳ тарафидан бўлган (мазкур пайғамбарларнинг барчаси Ислом динида бўлгани тўғрисидаги) шаҳодатни яширган кимсадан кўра золимроқ ким бор?! Аллоҳ сизларнинг бу қилмишингиздан ғофил эмасдир. Улар (яъни Иброҳим ва фарзандлари) ўтиб кетган бир умматдир. Уларга қилган ишларининг жазо ёки мукофоти бўлур ва сизларга ҳам ўзингиз қилган ишларнинг жазо ёки мукофоти бўлур. Сизлар уларнинг амалларидан сўроқ қилинмайсизлар» (Бақара сураси, 130-141).

Аллоҳ таоло халили Иброҳим алайҳиссаломни яҳудий ёки насроний эканидан поклаб, унинг ҳаниф, яъни ботилдан ҳаққа бурилувчи мусулмон экани ва асло мушриклардан эмаслигини баён қилди.

Шу сабаб Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида: «Дарҳақиқат, Иброҳимга энг яқин (ва унга мансуб бўлишга энг ҳақли) инсонлар унга эргашганлар» (68-оят), дейди. Яъни Иброҳим алайҳиссаломга энг ҳақли кишилар ўз замонасида унга эргашган кишилар ва улардан кейин унинг динини маҳкам тутган кишилар ҳамда «мана бу Пайғамбар», яъни Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Зеро, Аллоҳ таоло халили Иброҳим алайҳиссаломга шариат қилган «ҳаниф» динни у зотга ҳам шариат қилиб берди. Аллоҳ таоло бу динни мукаммал қилиб, олдин бирон пайғамбарга бермаган шариатни у зотга инъом этди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Раббим мени тўғри ва ўзгармас дин бўлган сиротул мустақиймга – ҳаниф Иброҳимнинг динига ҳидоят қилди. У мушриклардан бўлмаган». Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Дарҳақиқат, намозим, қурбонлигим ва ҳаёт-мамотим шериги йўқ бўлган оламлар Рабби Аллоҳ учундир. Мен шунга буюрилганман ва мен (уммат ичида Раббига бўйсунган) биринчи мусулмонман» (Анъом сураси, 161-163).

Аллоҳ таоло яна шундай дейди: «Дарҳақиқат, Иброҳим Аллоҳга бўйсунувчи, ҳаниф (ботилдан юз ўгириб, ҳаққа бурилувчи), мушриклардан бўлмаган, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи уммат бўлган эди. Аллоҳ уни танлаб олди ва сиротул мустақиймга ҳидоят қилди. Биз унга дунёда яхшиликлар ато этдик, охиратда эса солиҳлардан бўлур. Сўнг сизга (эй Муҳаммад алайҳиссалом) «Ҳаниф Иброҳим динига эргашинг», дея ваҳий қилдик. У мушриклардан бўлмаган эди» (Наҳл сураси, 120-123).

Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ичидаги суратларни кўргач, у зотнинг буйруғи билан бу суратлар ўчириб ташланмагунча унга кирмадилар. Каъбанинг ичида қўлларига фол очиш учун қўлланиладиган ёйлар тутқазилган Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом (ҳайкаллари)ни кўриб шундай дедилар: «Аллоҳ лаънатлагурлар! Аллоҳга қасамки, у иккиси асло ёй билан фол очмаган!»

«Саҳиҳи Бухорий»нинг айрим ривоятларида[3] шундай дейилади: «Аллоҳ лаънатлагурлар! Улар шайхимиз (Иброҳим алайҳиссалом) ёй билан асло фол очмаганини яхши биладилар».

«Дарҳақиқат, Иброҳим Аллоҳга бўйсунувчи, ҳаниф, мушриклардан бўлмаган, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи уммат бўлган эди. Аллоҳ уни танлаб олди ва сиротул мустақиймга ҳидоят қилди».

«Бўйсунувчи» – барча ҳолатларида, ҳаракат ва сукунатларида Аллоҳга буйсунувчи хокисор банда.

«Ҳаниф» – ўз йўлини яхши англаган, Аллоҳга ихлос ила ибодат қилувчи.

«Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи» – барча аъзолари: қалби, тили ва амаллари билан Парвардигорига шукр қилувчи.

«Уммат» –  ўрнак, намуна, имом, ҳидоят топган, эзгулик ва динга даъват қилувчи ва дин борасида эргашиладиган киши.

«Уни танлаб олди» – Аллоҳ уни ўзи учун танлаб олди, пайғамбарлик учун саралади, Ўзига халил-дўст тутиб, унга дунё ва охират яхшиликларини насиб қилди.

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Тўғри амал қилгани ҳолда юзини Раббига таслим қилган ва ҳаниф (залолатдан ҳидоятга бурилган) Иброҳим динига эргашган кишидан кўра дини чиройлироқ ким бор?! Аллоҳ Иброҳимни халил тутди» (Нисо сураси, 125). Аллоҳ таоло бу оятда Иброҳим алайҳиссаломга эргашишга тарғиб қилмоқда. Негаки, Иброҳим алайҳиссалом энг тўғри дин ва энг тўғри йўлдадир. У Парвардигори буюрган барча ишларни бажарди. Бу борада Аллоҳ таоло уни мақтаб шундай дейди: «Ва (буюрилган барча ишларни) тўла-тўкис бажарган Иброҳим…» (Нажм сураси, 37). Шу боис, Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни Ўзига халил, яъни дўст қилиб олди. Зеро, халиллик муҳаббатнинг энг юқори поғонасидир. Бу хусусда шоирлардан бири шундай  дейди:

Муҳаббатинг руҳим “ичига кирди”[4],

Қалин дўст шу боис номланди “халил”.

[1]  Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (820-ҳадис).
[2] Шак-шубҳа аралашмаган қатъий илмга «яқийн» дейилади. Яқийннинг учта даражаси бор: «илмул яқийн», «айнул яқийн» ва «ҳаққул яқийн». «Илмул яқийн» деб бирон нарсани қалбдан ҳис этиш, унинг борлигига шак-шубҳа қилмасликка айтилади. «Айнул яқийн» эса ўша нарсани кўз билан кўришдан иборат. «Ҳаққул яқийн» уни ҳар томонлама тўлиқ идрок этишга айтилади. Масалан, Мисрда Нил дарёси борлиги барчага маълум. Одамларнинг бу ҳақдаги илм ва ишонч даражаси «илмул яқийн»дан иборат. Чунки ҳеч кимса бу дарёнинг борлигига шубҳа қилмайди. Баъзи инсонларнинг бу борадаги илми ва ишончи «айнул яқин» даражасига кўтарилган. Негаки, улар Мисрга бориб, бу дарёни ўз кўзлари билан кўришган. Айни пайтда баъзи инсонларнинг Нил дарёси тўғрисидаги илм ва ишонч даражаси «ҳаққул яқийн» даражасида. Зеро, улар бевосита унинг сувидан ичишган, унда чўмилишган (тарж.).
[3] 1601, 4288-рақамли ҳадислар.
[4]  Араб тилидаги «халил» сўзи ўзбек тилида «орасига, ичига кирувчи» маъносини англатади. Қалин дўстнинг муҳаббати киши қалбининг ич-ичига кириб кетгани боис, бундай кишига «халил» дейилади (тарж.).

Изоҳ қолдиринг