Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (4)

0

Бешинчи сабаб: Ҳадис унга етиб келган ва собит бўлган, бироқ уни унутиб қўйган бўлиши. Бу ҳолат ояту ҳадислар устида кўп учрайди. Мисол учун, бир куни Умар розияллоҳу анҳудан: «Сафарда жунуб бўлиб қолган одам сув тополмаса, нима қилади?» деб сўралганида: «То сув топгунига қадар намоз ўқимайди», деб жавоб берди. Шунда Аммор розияллоҳу анҳу унга: «Эй амирул мўминин, эсингизда йўқми, иккаламиз сафарда эканимизда жунуб бўлиб қолдик, шунда мен ерга худди ҳайвонлардек думаладим, (сўнг намоз ўқидим,) сиз эса намоз ўқимадингиз. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб айтганимда у зот: «Мана бундай қилишинг кифоя эди», деб, икки қўлларини ерга уриб, кейин уларни юз ва кафтларига суртган эдилар», деди. Шунда Умар унга: «Аллоҳдан қўрқ, эй Аммор», деган эди, Аммор: «Истасангиз, бу ҳадисни энди ривоят қилмайман», деди. Умар: «Йўқ, уни ривоят қилишдан сени тўсмаймиз», деди[1]. Мана бу Умар розияллоҳу анҳу унга гувоҳ бўлган, сўнг эсидан чиқиб кетган ва унинг хилофига фатво берган, кейин Аммор эслатганида ҳам эслай олмаган, бироқ Амморни ёлғончи санамаган ва ҳадисни ривоят қилаверишга буюрган бир суннат эди.

Бундан ҳам каттароғи: у киши бир куни одамларга хутба қилиб: «Кимда ким маҳрни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ва қизлари маҳридан орттирса, уни қайтартираман», деганида бир аёл: «Эй амирул мўминин, нега сиз Аллоҳ берган ҳаққимиздан бизни маҳрум қиласиз?!» деб, «Улардан бирига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да…» (Нисо сураси, 20) оятини ўқиди. Шунда Ҳазрати Умар ҳалиги сўзидан қайтди[2]. У аслида бу оятни ёд билар, лекин унутган эди.

Яна бир воқеа: Жамал уруши куни Али розияллоҳу анҳу Зубайр розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икковларидан олган бир аҳдни ёдига солганида, Зубайр уни эслаб, урушдан чиқиб кетган эди[3]. Бу каби воқеалар салаф ва халафларда (олдингилару кейингиларда) кўп бўлган.

Олтинчи сабаб: Гоҳо ҳадиснинг бирорта лафзи нотаниш бўлгани боис ўша ҳадиснинг нимага далолат қилишини билмаслиги. Музобана, муҳоқала, мухобара, мунобаза, ғарар ва шунга ўхшаш нотаниш сўзларни изоҳлашда уламолар баъзан ихтилоф қилганлар. «Иғлоқ (яъни қасд ва ният йўли тўсилган) ҳолда айтилган талоқ ва қул озод қилиш инобатга олинмайди», ҳадиси[4] ҳам шу жумладанки, баъзи уламолар бундаги «иғлоқ»ни мажбурлаш деб тафсир қилганлар. Унга мухолиф бўлганлар эса буни бошқача тафсир қилади.

Гоҳо бир сўз унинг тилида (лаҳжасида) ва урфида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларидаги маънодан бошқача маъно англатиши туфайли у ҳадисни ўзи билган маънода тушунади. Мисол учун, айримлар набиз (шарбат)га рухсат берилган ҳадисни эшитиб, уни маст қилувчи ичимлик маъносидаги шароб (май) деб тушуниб олганлар, чунки уларнинг шевасида “набиз” шу маънони англатади. Китоб ва Суннатдаги «хамр» сўзидан улар ачитилган узум сувинигина тушунганлар, чунки луғатлари шуни англатган. Аслида «хамр» ҳар қандай маст қилувчи ичимлик маъносини англатиши ҳақида саҳиҳ ҳадислар келган.

Гоҳо ҳадисда келган бирон лафз мужмал ё бир неча маънони англатувчи ёки ҳақиқат билан мажоз ўртасида муштарак бўлади, шунда уни ўз наздида тўғриликка яқинроқ деб билган маънога таъвил қилади, аслида эса, у бошқа маънода бўлади. Мисол учун, бир қанча саҳобалар аввал бошда Қуръондаги «То тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара сураси, 187), оятидаги «оқ ип» ва «қора ип» ибораларини ип-арқон маъносида тушунганлар. Баъзилар эса: «покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар»  (Нисо сураси,  43), оятидаги қўлдан мурод то қўлтиққача деб тушунганлар.

Гоҳо насс (яъни оят ё ҳадис)нинг далолати махфий бўлади. Зотан, сўзларнинг далолат жиҳатлари кенг ва бепоёндир, уларни тушуниш ва қирраларини идрок этишда одамлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло берган қобилият ва истеъдодларига кўра фарқли бўладилар. Кимдир биров уни умумий жиҳатдан билиши, бироқ бу маъно ўша умумнинг ичига кирган эканини тушуниб етмаслиги мумкин. Баъзан эса уни тушунган, аммо кейинчалик унутиб юборган бўлиши ҳам эҳтимол. Бу ғоят кенг соҳа бўлиб, унинг илмини Аллоҳдан ўзгаси тўла қамраб ололмайди. Гоҳо инсон янглишиб, сўздан кўзда тутилган маънони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган соф араб тилидаги маъносидан бошқача тушуниб олиши мумкин.

Еттинчи сабаб: Ҳадиснинг далолати йўқ, деб эътиқод қилиши. Бу билан ундан аввалги сабаб ўртасидаги фарқ шуки, биринчисида далолат жиҳатини билмаган эди, иккинчисида далолат жиҳатини билди, лекин усулда бу далолатни рад қиладиган  – хоҳ тўғри бўлсин, хоҳ нотўғри – бир нарса бўлгани боис уни саҳиҳ далолат эмас деб эътиқод қилди. Масалан, «хосланган ом ҳужжат эмас», «мафҳум ҳужжат эмас», «бир сабабга кўра ворид бўлган умум ўз сабабига чеклангандир» ёки «мутлақ буйруқнинг ўзи (ал-амрул мужаррад) вожибликни тақозо қилмайди ёки дарҳол қилиниш лозимлигини тақозо этмайди», «алиф-лом билан маърифа бўлган калима умумни ифодаламайди», «манфий феъллар зотларини нафий қилмайди, шунингдек, ҳукмларининг барчасини ҳам нафий қилмайди», «муқтазий умумни ифодаламайди, шу боис замирлар ва маъноларда умумни даъво қилмайди» ва шунга ўхшаш нарсаларни эътиқод қиладики,  бу ҳақда гапирсак, гап чўзилиб кетади. Зотан, усули фиқҳдаги ихтилофларнинг ярми шу бобдаги масалалардир. Агар ёлғиз усулларнинг ўзи ихтилофли далолатларнинг барчасини қамраб олмаган ва унинг ичига далолат жинсларининг айримлари кирган бўлса, бу ана шу жинсданми, йўқми экани унга маълум бўлмайди. Мисол учун, қайсидир бир сўзни икки маъносидан қай бирига далолат қилиши ноаниқ, муштарак бўлгани сабабли мужмал (ноаниқ, тафсилотга муҳтож) деб эътиқод қилади ва ҳоказо.

[1] Бухорий (347) ва Муслим (368) Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий ривоятлари билан келтирганлар.
[2] Саид ибн Мансур, “Сунан” (1/195). Байҳақий, “Сунан” (7/233). Абдураззоқ, “Мусаннаф” (6/180).
[3] Ибн Аби Шайба, “Мусаннаф” (7/545). Ҳоким, “Мустадрак” (3/413).
[4] Аҳмад, “Муснад” (6/276), Абу Довуд, (2193), Ибн Можа (2046) ривоятлари.

Изоҳ қолдиринг