Қиёмат аломатлари: Ғайб ишларига иймон келтиришнинг аҳамияти (3)

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайб илмини билмасликларига далолат қиладиган, қатъий ва очиқ-ойдин бўлган ушбу далилларга қарамай, баъзи кимсалар у кишига ғайб илмини билишни нисбат бераётганини ва бу сўзларига Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидаги истиснони ҳужжат қилаётганини кўрамиз: Аллоҳ ғайб ишларининг барчасидан хабардордир. У (бандаларидан) бирон кимсага ўзининг ғайб ишларини маълум қилмайди. Фақат пайғамбарлигига танлаб олган баъзи зотларгагина (ғайб хабарларидан айримларини) билдиради, холос (Жин сураси, 26-27). Бу оятда бирор кимса учун ҳужжат йўқ, чунки бу оятдаги ғайбдан мурод фақатгина ваҳийга тааллуқли бўлган ишлар, холос.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Иймони мустаҳкам бўлмаган баъзи кишилар шундай ўйлашар, ҳатто пайғамбарликнинг тўғри бўлиши пайғамбарнинг барча ғайб илмларини билиши кераклигини тақозо қилади, деб билишар эди. Бунга Ибн Исҳоқнинг «Мағозий» асарида келтирилган ушбу воқеа мисол бўлади: “Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари йўқолиб қолди. Шунда Зайд ибн Лусайт: “Муҳаммад пайғамбар эканини даъво қилиб, сизларга осмондан хабар келтирадию, тағин ўзининг туяси қаерда эканини билмайдими?” деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши шундай, шундай, деяпти экан. Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳ менга ўргатганидан бошқа нарсани билмайман. Дарҳақиқат, Аллоҳ мени унга (яъни туя турган жойга) йўллади. Уни фалон дарада бир дарахт тўсиб қолибди», дедилар. Шундан сўнг бориб, уни олиб келишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайб илмидан фақатгина Аллоҳ у кишига ўргатганинигина билишларини билдирдилар ва бу Аллоҳ таолонинг: “У (бандаларидан) бирон кимсага ўзининг ғайб ишларини маълум қилмайди. Фақат пайғамбарлигига танлаб олган баъзи зотларгагина (ғайб хабарларидан айримларини) билдиради, холос” оятига тўла мос келади”[1].

Зайд ибн Лусайт исмли бу киши ўша гапни айтганда ҳали мушрик бўлиб, пайғамбар ғайбни билмагунча пайғамбарлик тўғри бўлмайди, деб эътиқод қилар эди. Лекин бугунги кундаги баъзи мусулмонларга нима бўлдики, бу масала борасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган, ишончли ва етарли бўлган ушбу баён ва очиқ-ойдин далиллардан кейин яна нима деб узр қидирадилар?! Қуръонда собит бўлган, Аллоҳ таолонинг ушбу: «Сизларга ўзингиз еяётган ва уйларингизда сақлаётган емишлар нималигини айтиб бераман. Агар сизлар иймон келтирган бўлсангиз, шубҳасиз, (инсон зотининг қўлидан келмайдиган) бундай (улкан) ишларда (менинг Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбари эканимга) далил бордир»,[2] сўзида келган, Ийсо алайҳиссаломнинг одамларга улар еяётган ва уйларида сақлаётган емишларни айтиб беришларига, ёки Юсуф алайҳиссалом зиндондагиларга овқат келишидан олдин унинг хабарини беришларига, ёки Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан содир бўлган, юқорида зикри ўтган туя билан боғлиқ воқеа каби ёки ундан бошқа бир қанча ҳодисаларга келадиган бўлсак, уларнинг барчаси мўъжизалар бобидандир.

Бу нарса биз учун ғайбга иймон келтиришнинг аҳамиятини ва унинг Исломдаги даражасини очиб беради. У тақводор, мўмин кишиларнинг сифати бўлиб, ғайб илмидан бирор нарсани ўзидан ўзи даъво қиладиган ҳар бир кимса адашган, Аллоҳ азза ва жалланинг хабарини ёлғонга чиқарган бўлади. Китоб ва Суннатда келган матнлар ғайб илми Аллоҳ таборака ва таолонинг хусусиятларидан эканини баён қилади. Бу нарса эса бизга келажакда содир бўладиган воқеаларнинг хабарини беришни даъво қиладиганларнинг, инсоннинг ичидаги яширин нарсаларни билишни даъво қиладиганларнинг, булардан бошқа, баъзи газета-журналларда одамларнинг омади келиш-келмаслигини билиб берадиган, келажакда нима бўлишини айтиб берадиган ёлғон башоратларнинг ҳукмини баён қилиб беради. Аллоҳдан бу каби нарсалардан саломатлик ва омонлик сўраймиз!

[1] Фатҳул борий, 13/364.
[2] Оли Имрон сураси, 49.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг