Муҳаддислар: Имом Ибн Ҳиббон Бустий (4)

0

Уламоларнинг у ҳақда айтган мақтовлари:

«Мустадрак» китобининг муаллифи буюк олим Ҳоким роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Қози Абу Ҳотим Бустий араб тили, фиқҳ, ҳадис, воизлик илмларининг хазинаси ва оқил инсон эди. Бир қанча асарлар, хусусан, ҳадис илмида мисли кўрилмаган китоблар ёзган[1].

Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Ҳиббон ишончли, фозил, етук олим эди[2].

Абу Саъд Идрисий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Ҳиббон фақиҳ, талай ҳадисларни ёддан биладиган муҳаддис олим эди. Шунингдек, у табобат, фалакиёт ва бошқа кўплаб илмларни яхши биларди[3]

Самъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Абу Ҳотим замонасининг имоми эди. Мисли кўрилмаган китоблар ёзиб қолдирган[4].

Ибн Асир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Ҳиббон замонасининг пешво олими эди. Илгари ҳеч ким ёзмаган услубда китоблар битиб қолдирган[5].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Ҳиббон табобат, фалакиёт, мантиқ, фиқҳ илмини яхши биладиган олим, ҳадис илмида эса бош имомлардан бири эди[6].

Ёзган китоблари:

Юқорида уламоларнинг у ҳақда айтган сўзларидан маълум бўладики, Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ бир қанча илмларни пухта ўзлаштирган серқирра олим бўлган. Бинобарин, ҳаёти мобайнида бир қанча фанларга оид кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Лекин, минг афсуски, бизгача улардан айримларигина етиб келган. Бунга сабаб, ўтган мақоламизда айтиб ўтганимиздек, у барча китоб ва қўлёзмаларини бир кутубхонага жамлаб, уларни вақф қилиб кетгани ва йиллар ўтиб, кутубхонага талофат етиб, кўп манбалар изсиз йўқолгани бўлса керак. Қуйида улардан бизгача етиб келган ва келмаган айрим китобларини санаб ўтамиз.

Бизгача етиб келганлари:

  1. “Ал-муснадус-саҳиҳ ъалат-тақосийми вал-анвоъ”. Бу китоб ислом оламида “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” номи билан машҳур.

  2. “Ас-сиқот”. Ушбу китобда тобеинлар давридан бошлаб то ўзининг замонигача яшаб ўтган ишончли ровийларни жамлаган.

  3. “Маърифатул-мажруҳийн ваз-зуафо минал-муҳаддисийн”. Ушбу китобда ҳадиси қабул қилинмайдиган ишончсиз ва заиф саналган ровийларни жамлаган.

  4. “Равзатул-уқало ва нузҳатул-фузало”. Ушбу китоб одоб-ахлоқ ва яхши хислатлар мавзусида ёзилган.

  5. “Машоҳиру уламоил-амсор”.

  6. “Асмоус-саҳоба”.

Бизгача етиб келмаганлари:

  1. “Ас-Саҳоба”.

  2. “Ат-Тобеин”.

  3. “Сифатус-солат” (Намоз тартиби).

  4. “Ал-ъалиму вал-мутааллим” (Устоз ва шогирд).

  5. “Ҳифзул-лисон” (Тилни сақлаш).

Мазкур китоблар Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ ёзиб қолдирган юзлаб китобларнинг айримлари, холос.

 

Вафоти:

Бутун умрини илм олиш ва тарқатиш йўлида сарфлаган бу буюк олим ҳаётининг охирги йилларини киндик қони тўкилган Буст шаҳрида дарс бериш ва китоблар ёзиш ила ўтказади. Ҳижрий 354 йилнинг шаввол ойида жума кечаси Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ оламдан ўтди ва жума намозидан сўнг кутубхонаси яқинида дафн этилди.

Аллоҳ таоло Ибн Ҳиббонни раҳматига олсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифини ҳимоя қилиш ва тарқатиш йўлида сарфлаган жаҳди эвазига қиёматда у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлидан Кавсар сувини ичишни насиб қилсин. Омин.

[1] “Ансоб”, (2\209).

[2] “Сияру аъломин-нубало”, (16\94).

[3] Собиқ манба.

[4] “Ансоб”, (2\209).

[5] “Лубоб”, (1\151).

[6] “Лисонул-мезон”, (5\112).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг