Хаворижлар ким?

0

Ўтган мақоламизда хаворижларнинг хатари ҳақида гапириб ўтган эдик. Бугун хаворижлар деганда кимлар назарда тутилишини ўрганиб чиқамиз. “Хавориж” сўзи араб тилида “чиқувчилар” деганмаънони ифодалайди. Хаворижлар мусулмонларнинг амирига, ақидасига қарши чиққанлари сабабли шу номни олганлар. Бу “хавориж” сўзининг луғавий маъноси.

Хаворижлар деганда кимлар назарда тутилиши, бир инсон хавориж деб аталиши учун қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида уламолар турлича фикр бирдирганлар. Масалан:

Шаҳристоний роҳимаҳуллоҳ хаворижларни шундай дейди: “Аҳли суннат ва жамоат рози бўлганҳар қандай ҳақ бошлиққа қарши чиққанлар хавориж дейилади. Саҳобалар давридаги хулафои рошидинларга қарши чиқиладими, улардан кейинги тобеинларгами, қачон бўлишидан қатъи назар, мусулмон халифаларгами, бунинг аҳамияти йўқ” (“Ал-милал ван-ниҳал”, 1\114).

Ашъарий роҳимаҳуллоҳ хаворижларни шундай таърифлайди: “Хаворижларнинг барчатоифаси Али розияллоҳу анҳуни (баъзи саҳобаларни) ҳакам қилгани учун кофир дейишади… Наждот тоифасидан бошқалари ҳар қандай гуноҳи кабираникуфр дейишади” (“Мақолотул исломиййин”, 1\167).

Бағдодий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Али ва Усмон розияллоҳу анҳумони, Жамал жангида иштирок этганларни, (Али биланМуовия розияллоҳу анҳумо ўртасида ҳукм қилган) икки ҳакамни ва уларнинг ҳар иккисининг ёки бирларининг ишини тўғри деганларни, шунингдек, бу ҳукм масаласига рози бўлганларни кофир дейиш хаворижларнинг барчаларида топиладиган умумий сифат” (Ал-фарқу байнал фирақ”, 74).

Абу Музаффар Исфироиний шундай дейди: “Уларнинг барчали куфр ва бидъат борасида фақат икки масалада ҳамфикрлар:

Биринчиси, улар Али розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу, Жамал жангида иштирок этганлар, икки ҳакам ҳамда уларнинг ҳукмига рози бўлганларнинг барчалари кофир бўлди, деб даъво қилишади.

Иккинчиси, улар уммати Муҳаммаддан гуноҳи кабира қилган ҳар қандай инсон кофир бўлади ва дўзахда абадий қолади, деб айтишади…

Зулм қилган халифага қарши чиқишни жоиз санаш ҳам уларнинг барчаларида топиладиган сифатдир” (“Ат-табсийру фид-дийн”, 45).

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хаворижлар бидъатчи тоифа бўлиб, диндан чиққанлари ҳамда мусулмонларнинг энг афзалларига қарши чиққанлари учун “хавориж” (яъни “чиққанлар”) номини олишган” (“Фатҳур Борий”, 12\351).

Юқорида ўтганлардан хулоса қиладиган бўлсак, хаворижларни бошқа фирқалардан ажратиб турадиган ўзига хос иккита асоси бор:

Биринчиси, куфр бўлмаган гуноҳлар сабабли мусулмонларни кофирга чиқариш.

Иккинчиси, мусулмон бошлиқларга, хаворижликни қабул қилмаган омма мусулмонларга қарши қурол кўтаришни жоиз деб билиш. Аслида, амирларга ва омма мусулмонларга қарши уруш қилишни жоиз санаш ҳам юқоридаги биринчи асосдан, куфр бўлмаган гуноҳ сабабли мусулмонларни кофир санашдан келиб чиққан. Сабаби, хаворижларнинг фикрига биноан, бошлиқ бирон гуноҳ иш қилганида кофир бўлади. Кофир эса мусулмонларга пешво бўлиши мумкин эмас. Аксинча, уни қатл қилиш вожиб.Негаки, у динидан қайтган муртад ҳисобланади. Шунинг учун Али розияллоҳу анҳу ҳакам сайлаш воқеасидан сўнг хаворижлар билан ёзишганида улар: “Агар кофир бўлганингни тан олиб, тавба қилсанг, ўйлаб кўрамиз”, деб жавоб қайтаришган (“Ал-комил”, 3\171).

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, хаворижлар аҳли суннат ва жамоатдан чиққан бидъатчи тоифа саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу уммат етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг барчаси дўзахда, фақат биттаси жаннатда бўлади…” деганлар (Аҳмад ривояти(16937), ҳасан ҳадис). Хўш, биз нимага асосан хаворижларни аҳли суннатдан чиққан деймиз? Бу ҳақда Шотибий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бу фирқалар бирон жузъий масалада эмас, диндаги умумий бир маънода ёхуд бирон шариат қоидаларида аҳли суннат ва жамоатга хилоф йўл тутгани учун ҳам фирқа ҳисобланади. Сабаби, жузъий масалалардагиихтилофортидан фирқаларга бўлинибкетадиган даражада келишмовчилик юзага келмайди. Бўлиниш умумий қоидаларда келишмаслик ортидан келиб чиқади. Чунки умумий қоидалар бир қанча жузъий масалаларни ўз ичига олади… Бир қанча жузъий масалада келишмаслик ҳам умумий қоидада келишмаслик билан бир хил. Негаки, бидъатчи кўплаб нотўғри жузъий масалалар пайдо қилаверса, бу худди умумий қоидалар сингари бир қанча шаръий масалаларга таъсир қилади” (Ал-эътисом”, 439).

Хаворижлар юқоридаги икки умумий қоидада аҳли суннат ва жамоатга хилоф йўл танлаганлари учун аҳли суннат ва жамоатдан чиққан фирқа ҳисобланади. Биз юқорида фақат иккитаумумий қоидани келтирдик. Чунки баъзи саҳобаларни кофир дейиш фақат хаворижларга хос эътиқод эмас. Бошқа бидъатчилар ҳам бир қанча саҳобаларни кофирга чиқаришган. Қолаверса, хаворижлар саҳобаларни юқорида биз келтирган асосга биноан кофир санашган. Гуноҳи кабира қилган кишини дўзахда абадий қолади,деб эътиқод қилиш ҳам гуноҳкорни кофир санашдан келиб чиққан.

Шунга кўра, юқорида келтирилган хаворижларнинг икки қоидасини ўзига асос қилиб олган киши, ўзини ҳар қанча аҳли суннат ва жамоатдан эканини таъкидламасин, хавориж саналади. Келгуси мақоламизда хаворижларнинг бошқа номлари ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг