Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Асҳобларимиз (шофеий мазҳаби уламолари) айтадилар: «Азонни эшитган таҳоратли, бетаҳорат, жунуб, ҳайз кўрган аёл, катта ва кичик инсон борки, барчалари унинг айтганини қайтаришлари мустаҳабдир. Чунки азон зикр бўлиб, юқорида саналганларнинг барчаси зикр айтишга яроқли кишилардир. Фақат бундан намоз ўқиётганлар, ҳожатда ёки аёлига яқинлик қилиш устида бўлганлар мустаснодирлар. Улар ҳам ишларини битиргач, муаззиннинг сўзларини қайтариб айтадилар. Қуръон тиловати, зикр, дарс қилаётганлар ёки шу каби ишлар билан машғул бўлганлар машғулотларини тўхтатиб, муаззиннинг айтганини такрорлайдилар. Агар инсон бу пайтда фарз ёки нафл намоз ўқиб турган бўлса, у ҳолда Имом Шофеий ва мазҳаб уламоларининг фикрича, муаззиннинг айтганини айтмайди, балки намозни тугатиб, кейин унинг сўзини такрорлайди»[1].
Муаззинга эргашиш – унинг айтганини айтишнинг ҳукмига келсак, бу иш жумҳур уламолар фикрига кўра, суннатдир. Баъзи зоҳирийларнинг фикрича, муаззинга эргашиш азонни эшитган кишига вожибдир.
Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Масжидга кирганида азонни эшитган киши ҳар икки фазилатга (яъни азонни қайтариш ва таҳийятул масжид намозини ўқиш фазилатига) эришиш учун унинг тугашини кутиши мустаҳабдир. Имом Аҳмаднинг айтишича, муаззиннинг айтганини айтмасдан намозни (таҳийятул масжид) бошлаб юборса ҳам, зиёни йўқ»[2].
Бу дегани азон айтилганда тик турган ҳар қандай инсон азон тугагунга қадар тик туриши мустаҳаб, дегани эмас. Масжидда ўтирган киши бир иш билан ўрнидан турганида азон айтилса, қайтадан ўтириб олиши жоиз. Аммо масжидга кирганида азонни эшитган одам муаззин азонни тугатмагунча ўтирмайди. Балки унинг айтганини айтади, сўнг таҳийятул масжид ёки фарздан олдинги суннат намозини ўқийди.
Муаззин бомдод намозида «Ас-солату хойрум-минан-навм» (яъни «намоз уйқудан яхшироқдир») жумласини айтганида эшитганлар ҳам айни шу жумлани қайтарадилар. Чунки ҳадисдаги «муаззиннинг айтганини айтингиз», деган умумий сўз шунга далолат қилади. Аммо «Ас-солату хойрум-минан-навм»ни эшитганда баъзилар айтадиган «Содақта ва барарта» (яъни «тўғри айтдинг ва сўзингнинг устидан чиқдинг») деган каби сўзлар хусусида бирор мўътабар ва асосли далил келмаган.
Рожиҳ-устун фикрга кўра, ҳадисдаги «муаззиннинг айтганини айтингиз», деган умумий сўздан келиб чиқиб, муаззин азон асносида таржеъ[3] қилса, унга қўшилиб эшитганлар ҳам таржеъ қилишади.
Шунингдек, иқоматдаги «Қод қоматис-солааҳ» жумласи ҳам муаззин айтгандек айтилади. Муаззин бу жумлани айтганида эшитганларнинг «Ақомаҳаллоҳу ва адаамаҳа» (яъни «Аллоҳ уни (намозни) барпо ва доимий қилсин»), дейиши тўғрисидаги ҳадис заифдир. Тўғри фикрга кўра, олдин айтиб ўтганимиздек, «Ҳайя алас-солааҳ» ва «Ҳайя алал-фалааҳ» калималаридан бошқасида муаззин айтгандек айтилади.
Азон калималари ва азон айтиш тартиби «тавқифий», яъни у фақат шариат томонидан кўрсатиб бериладиган ишдир. Бинобарин, унга бирон нарсани қўшиш ёки камайтириш жоиз эмас. Масалан, баъзилар азонда «Ашҳаду анна саййидана Муҳаммадар Расулуллоҳ», дейишади. Азонга, шунингдек, намознинг охирги қаъдасида айтиладиган салавотга бу каби («саййидана») қўшимчаларни қўшиш бидъат, жоиз эмасдир.
Шунингдек, азон дуосига «…вад-дарожатал-ъаалиятар-рафейъа» («…олий ва юксак мартаба») жумласини ҳамда охирига «Иннака лаа тухлифул мийъаад» («Зеро, Сен ваъдага хилоф этмайсан») жумласини қўшиш ҳам дуруст эмас. Чунки бу қўшимчалар саҳиҳ ҳадисларда келмаган ва бу ҳақдаги ривоятларнинг барчаси заифдир.
Азонни эшитганлар ҳар бир жумлани муаззин ортидан айтишлари лозим. Баъзилар азон охирида муаззин «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар», деса, унинг сўзини қайтариш ўрнига ундан олдин «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтишади. Албатта, бундай қилиш хатодир.
Иқомат айтишдан олдин баъзи инсонлар масжидга кирувчиларга иқомат айтиш вақти бўлганини билдириш учун айрим оятларни тиловат қиладилар. Бу ҳам азон ва иқоматга тегишли бидъатлардандир.
Азон билан иқомат ўртасидаги вақтни белгиловчи тақвим тузиб олиш, масалан, улар ўртасида чорак соат ёхуд ундан оз ёки кўп вақт белгилаб қўйиш ҳам бидъат саналади. Чунки бу иш бир қанча суннатларнинг йўқолишига сабаб бўлади. Жумладан: 1) одамлар иқомат вақтини аниқ билишгани боис масжидга эртароқ келишга ҳаракат қилмайдилар; 2) кечроқ келганлар намоздан олдинги суннат намозларни ўқиёлмай қоладилар; 3) имомнинг иқомат айтишга рухсат бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши. Чунки муаззин имомнинг рухсатисиз ҳам олдиндан белгиланган вақтда иқомат айтаверади; 4) намозхонларнинг ҳолига риоя қилиш йўқолади. Зеро, аслида жамоат эртароқ йиғилганда намозни эртароқ ўқиш, кечиксалар, кечроқ ўқиш лозим. Баъзан муаззин иқомат учун белгиланган вақт бўлганида иқомат айтар экан, кўп намозхонлар, ҳатто имом ҳам ҳали суннат намозини ўқиётган бўлади.
Юқорида зикр қилингандан ташқари одамлар азонга оид яна бир қанча бидъатларни пайдо қилганлар. Жумладан: 1) муаззин «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ»ни айтганда икки кўрсаткич бармоқ устини ўпиб, ички томонини икки кўзга суриш. Албатта, бу амал жоиз эмас ва бу ҳақда келган ҳадис заифдир; 2) Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да айтади: «Бомдод ва жума намози(га азон айтиш)дан олдин тасбеҳ айтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш на луғавий жиҳатдан ва на шаръий жиҳатдан азонга киради»; 3) муаззин азондан сўнг овоз чиқариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши. Бундай қилиш бидъатдир. Суннатга кўра, олдин айтиб ўтганимиздек, бу ўринда махфий тарзда салавот айтилади; 4) азондан олдин «бисмиллоҳ»ни айтиш; 5) азонни ҳаддан ошиқ чўзиб, хиргойи қилиб юбориш; 6) баъзи Ислом ўлкаларидаги каби азондан олдин ноғора чалиш.
Азонни эшитиб бўлгач, бошқа бир азонни эшитиб қолса, уни ҳам қайтарадими-йўқми? Ҳадисдаги «муаззиннинг айтганини айтингиз», деган умумий сўздан келиб чиқиб, иккинчи азонга ҳам эргашади, муаззиннинг айтганини айтади[4].
Муааззинни кўриб, унинг азон айтаётганини билса-ю, бироқ узоқдалиги ёки карлиги сабабли овозни эшитмаса, тўғрироқ фикрга кўра, азон сўзларини қайтармайди. Чунки муаззиннинг айтганини айтиш унинг сўзларини эшитишга боғлиқдир[5].
[1] «Ал-мажмуъ», 3/118. [2] «Ал-муғний», 1/428-429. [3] «Таржеъ» азонда икки шаҳодатни (яъни «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ» ва «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ»ни) дастлаб паст овозда, сўнг баланд овозда айтишдан иборат. Бу ҳақда «Азон айтиш тартиби» номли мақолада батафсил баён қилинган эди. [4] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ» (2/74), «Ал-мажмуъ» (3/119). [5] «Ал-мажмуъ», 3/120.