Болалар учун Ислом тарихидан ҳикоялар (3)

0

Етим болаларнинг олийжаноблиги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада одамларни Аллоҳга, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулулуллоҳ – Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг элчисидир» калимасига даъват эта бошлагач, Қурайш қабиласи ғазабга тўлди. Чунки улар бут-санамларга ибодат қилишар эди. Ўша пайтда Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом якка Аллоҳга ибодат қилиш учун қурган Каъбада уч юз олтмишта бут бор эди. Қурайш мушриклари қаттиқ ғазабланишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга азиятлар етказишди, мусулмонларни азоблашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабр этдилар, мусулмонлар ҳам сабр этиб, динларида тоғлардек собит турдилар.

Лекин Қурайш қабиласи мушриклари одамларни Ислом динига киришдан қайтарар, мусулмонларни Аллоҳга ибодат қилишга қўйишмас эди. Шунда Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳижрат қилишга рухсат берди. Кейин у зот мусулмонлар билан Мадинага ҳижрат қилиб бордилар. Мадина Ислом учун яхши жой эди. Одамлари мулойим, хушмуомала кишилар бўлиб, кўпчилиги ҳижратдан олдин Исломга кирган эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага кўчиб ўтиб, ўша ерда яшай бошлагач, бир масжид қурмоқчи бўлдилар. Чунки масжид мусулмонлар учун жуда керакли маскан бўлиб, исломий ҳаёт тегирмони унинг атрофида айланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйига меҳмон бўлиб тушган эдилар. У кишининг уйи яқинида туялар сақланадиган жой бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидни ўша ерга қуришни хоҳладилар ва: «Туялар сақланадиган бу жой кимга тегишли?» деб сўрадилар.

Ансорлардан бўлган Муоз ибн Афро исмли киши: “Эй Расулуллоҳ, у жой иккита етим болага тегишли. Бирининг исми Саҳл, иккинчисининг исми эса Суҳайл”,  деб жавоб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саҳл билан Суҳайлни чақириб келишни буюрдилар. Улар отаси йўқ етим эдилар. Улар келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туя сақланадиган жой ва унинг нархи ҳақида сўрадилар.

Саҳл ва Суҳайл шундай дейишди: “Эй Расулуллоҳ, у жойни Аллоҳ учун бердик. Уни пулга сотмаймиз. Сиз масжидни бемалол қураверинг, биз бундан жуда ҳам хурсанд бўламиз”. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга кўнмадилар, нархини тўлаб, улардан жойни сотиб олдилар.

Мусулмонлар масжид қуришни бошлаб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам улар билан тенгма-тенг ишлаб, қўлларида ғишт ташир эдилар. Шунда мусулмонлардан бир киши шундай шеър ўқиди:

Пайғамбар ишласа, бизлар ўтирсак,

Асло тўғри келмас бизга бу маслак.

Мусулмонлар масжидни қурар эканлар, шундай деб айтар эдилар:

Аллоҳим, чин ҳаёт фақат охират,

Муҳожир, ансорни этгин мағфират.

Вақт ўтиб, мўминлар амири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва у кишидан кейин келган подшоҳлар ушбу масжидни кенгайтирдилар. Натижада, у ўз ичига минглаб намозхонларни сиғдира оладиган улкан, кўркам масжидга айланди. Аллоҳ таоло сизларга ҳам ўша масжидни зиёрат қилиб, у жойда намоз ўқишни насиб этсин!

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг