Ҳаж ва умра: Тавофул вадоъ

0

(28) Шошилиб, ташриқ кунларининг дастлабки икки кунида Минодан кетганга ҳам, учинчи кунга қадар кечикиб, Минода тунаб қолганга ҳам гуноҳ йўқ

Икки кундан мақсад зулҳижжа ойининг ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Шошилган киши қуёш ботишидан олдин Минодан чиқиб кетиши шарт. Борди-ю, қуёш ботгунга қадар Минода қолса, учинчи кеча ҳам у ерда тунаши лозим бўлади. Бу кеча зулҳижжанинг ўн учинчи кечасига тўғри келади.

Қуёш ботишидан олдин Минодан чиқишга азм қилиб, сафар анжомларини кўтарса-ю, бироқ йўл тирбандлиги каби сабаблар билан Минодан чиқмай туриб қуёш ботиб қолса, зиёни йўқ, йўлида давом этаверади. Негаки, бундай инсон ўз ихтиёрисиз ушланиб қолган саналади.

(29) Юртига қайтишга азм этса, «тавофул вадоъ» қилади

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни (ҳаж ва умра ибодатидаги) энг охирги амаллари Каъбани тавоф қилиш бўлишига буюрдилар. Фақат бу амал ҳайз кўрган аёллар учун енгиллатилди (улардан соқит қилинди)»[1].

Тавофул вадоъ (видолашув тавофи) қилиш ҳукми:

Юқоридаги ҳадисга кўра, Маккадан чиқмоқчи бўлган кишига тавофул вадоъ қилиш вожибдир. Бундан фақат ҳайз кўрган аёлларгина истисно қилиниб, улар унгача тавофул ифоза қилган бўлишлари шарт. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ё Расулуллоҳ, Сафийя бизларни йўлдан қолдирмаса эди», дедим. «Унга нима бўлди?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ҳайзи келибди», дедим мен. «Бунгача тавоф (тавофи ифоза) қилмаганмиди?» дедилар. «Йўқ, қилган эди, лекин ҳайзи келибди», дедим. «Ундай бўлса, бизларни йўлдан қолдирмайди, (Мадина сари) сафарга чиқаверсин», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам»[2].

Тавофул вадоъ қилиш вожиб, деган фикр жумҳур уламоларга оиддир. Имом Молик, Абу Довуд, Ибн Мунзирнинг фикрича, тавофул вадоъ қилиш суннат саналиб, уни қилмаса, зиёни йўқ.

Бироқ уламолар наздида машҳур бўлган фикрга кўра, тавофул вадоъ қилмаган кишига бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Улар ўз фикрларига Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзларини далил қилишган. У шундай дейди: «Ким ҳаж амалларидан бирини тарк қилса ёки унутиб қўйса, қон оқизсин (яъни қўй сўйсин)»[3].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Тавофул вадоъни адо қилиб бўлгач, совға-салом харид қилиш ёки ҳамроҳларини кутиш учун Маккада туриб қолса, зиёни йўқ.

  2. Тавофул вадоъда рамл ҳам, изтибоъ[4] ҳам қилинмайди. Шунингдек, эҳром либосини кийиш ҳам шарт эмас. Балки одатий кийимлар билан тавоф қилинаверади.

  3. Баъзи инсонлар тавофул вадоъдан сўнг Каъбадан орқача юриб чиқадилар. Эшик олдига қадар шу зайлда юриб келишади, сўнг остонада туриб, уч марта такбир айтиб, «Ассалому алайка, ё Байталлоҳ» (яъни «Эй Аллоҳнинг уйи, сенга Аллоҳнинг саломи бўлсин»), дейишади. Албатта, мазкур ишларнинг барчаси бидъат амаллардир. Тавоф қилиб бўлган инсон ўзича турли бидъатларни пайдо қилиб олмасдан, одатдагидек, олди билан юриб чиқиши керак. Зеро, энг яхши йўл, энг яхши ҳидоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир.

  4. Тавофул ифозани кечиктирган киши Маккадан чиқмоқчи бўлса, сафари олдидан қилган охирги тавофи ҳар икки тавоф: тавофул ифоза ва тавофул вадоъ ўрнига ўтади. Фақат бунинг учун тавофул ифозани ёки ҳар икки тавофни ният қилган бўлиши шарт. Фақат тавофул вадоъни ният қилиши кифоя эмас. Тавофул вадоъ қилган киши мутаматтеъ ҳожилардан бўлиб, бу тавофдан кейин (Сафо ва Марва ўртасида) саъй қилиши керак бўлса ҳам, зиёни йўқ. Саъй қилиб бўлгач, бошқатдан тавофул вадоъ қилиши шарт эмас. Чунки тавофул вадоъдан кейиноқ сафарга чиқиб кетмасдан саъй билан машғул бўлишнинг зарари йўқ. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаждаги амалларидан маълумки, у зот тавофул вадоъ қилгач, бомдод намозини ўқиганлар, Тур сурасини ўқиганлар. Тавоф билан сафар ўртасида мазкур амаллар бажарилгани сабабли қайтадан тавоф қилганлари собит бўлмаган.

[1] Бухорий (329, 1860), Муслим (1327) ривояти.
[2] Бухорий (328), Муслим (1211) ривояти.
[3] Имом Молик «Ал-муватто»да (1/419, 240) ривоят қилган. Шунингдек, ҳадисни Имом Молик санади орқали Байҳақий ҳам ривоят қилган (5/152).
[4] Араб тилида «рамл» ёки «хабб» деб аталувчи юриш услуби қисқа ва тез қадам ташлаб юришдан иборат. «Изтибоъ» – тавоф асносида ўнг елкани очиб, матонинг бир учини чап елкага ташлаб олиш. Бу ҳақда «Каъбани тавоф қилиш» мақоласида батафсил баён этилган эди.

Изоҳ қолдиринг