Намоздан кейинги зикрлар ҳақида (2)

0

Юз йигирма бешинчи ҳадис

عَنْ وَرَّادٍ مَوْلَى الْمُغِيرةِ بْنِ شُعْبَةَ قال: أمْلَى عَلَىَّ الْمُغِيرَةُ بْنُ شُعْبَةَ في كِتَاب إِلَى مُعَاوِيَةَ: أنَّ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم كانَ يَقُولُ في دُبُرِ كُلِّ صلاَةٍ مَكتُوبَةٍ:

لاَ إلهَ إِلاَّ الله وَحدَهُ لاَشَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ ولهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِير: الَّلهُمَّ لاَمَانِعَ لِمَا أعْطَيْتَ، وَلاَ مُعْطِى لِمَا مَنَعْتَ، وَلاَ يَنفعُ ذَا الجَدِّ مِنْكَ الَجْدُّ “.

ثمَّ وَفَدتُ بَعْدَ ذلِكَ عَلَى مُعاوِيَةَ،. فَسَمِعْتُهُ يَأْمُرُ النَّاسَ بِذلِكَ.

وفي لفظ ” كانَ يَنْهَى عَنْ قِيل وَقَالَ. وَإِضَاعَةِ المَالِ، وَكَثْرَةِ السُّؤَالَ

وكَانَ يَنْهَى عَنْ عُقُوقِ الأمَّهَاتِ، وَوَأد البَنَاتِ وَمَنْعٍ وَهَاتِ.

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг котиби Варрод айтади: “Муғийра ибн Шўъба Муовияга йўллаган мактубида менга шундай деб ёздирди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар фарз намоз ортидан шундай дер эдилар:  “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шай’ин қодийр. Аллоҳумма лаа мааниъа лимаа аътойта ва лаа муътия лимаа манаъта ва лаа янфаъу зал жадди минкал жадд”. Бир муддат ўтгандан сўнг Муовиянинг олдига бордим. Одамларни шу дуони айтишга буюраётганини эшитдим”.

Дуонинг маъноси: Ягона Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк-салтанат ҳам, ҳамд-сано ҳам Унга хос. У ҳар бир нарсага қодир. Ё Аллоҳ, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Ҳузурингда бойлик ва мансаб эгасига бойлиги ва мансаби фойда бермас.

Бир ривоятда: “Пайғамбаримиз бўлар-бўлмас гаплардан, мол-мулкни зое қилишдан, кўп савол беришдан, оналарга оқ бўлишдан, қизларни тириклай кўмишдан ва бахилликдан қайтарар эдилар”, деб айтилган.

Шарҳ

Халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо Кўфа шаҳридаги волийси Муғийра ибн Шўъбага Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бирон ҳадисини ёзиб юборишини сўраб мактуб йўллайди. Бунга жавобан Муғийра тавҳид ва ҳамд-саноларнинг барча турларини ўзида жамлаган, бошқарув ва ҳукмдорлик Аллоҳнинг қўлида эканини англатадиган, шунингдек, Пайғамбаримизнинг улуғ ҳикматларини ўзида мужассам этган мазкур ҳадисни ёзиб юборади.

Муғийра розияллоҳу анҳу айтадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозларини адо қилганларидан сўнг Аллоҳдан бошқа ибодат қилишга ҳақли илоҳ йўқлигини ва барча ибодатларни ёлғиз Унинг ўзига қилиш кераклигини айтиб, Аллоҳни яккалар эдилар. Зеро, Аллоҳ таоло на мулкида, на ибодатида, на исм ва сифатларида бирор шериги бўлган ягона зотдир. Шунингдек, барча ишларнинг тизгини ёлғиз Унинг қўлида бўлиб, У ато қилган нарсани ҳеч ким тўсиб қололмайди, У ман қилган нарсани ҳеч ким беролмайди ва обрў-эътибор (мансаб) ва мол-дунё эгаларининг обрўси (мансаби) ва мол-дунёси Унинг ҳузурида фойда бермайди.

Сўнг Муғийра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги бемаъни ёмон хислатлардан қайтарганини зикр қилди. Улар: бекорчи ва фойдасиз гаплар, одамлар кун кечиришлари учун ато этилган мол-дунёни динга ҳам, дунёга ҳам фойда келтирмайдиган жойларга сарфлаб зое қилиш, етарли мол-дунёга эга инсон бошқалардан пул сўрайвериши ҳамда илмий масалаларда ўжарлик қилиб тортишиш ва оналарга озор бериш. Зеро, оналар ҳурмат-эҳтиромга лойиқ зотлар. Уларга яхшилик қилиш ва уларни ҳурмат қилиш вожибдир. Ҳадисда Пайғамбаримиз қайтарган қабиҳ одатлардан яна бири Аллоҳ таолога ёмон гумонда бўлиб, таомларига шерик бўлишларидан қўрқиб ўз қизларини тириклай кўмиш. Зеро, бу иш зулм ва бахилликка ҳамда Аллоҳ таоло бутун махлуқотлар ризқини етказиб турувчи Раззоқ зот эканига ишонмасликка далолат қилади. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам мол-дунёни яхши йўлларга сарфлашга бахиллик қилишдан ва мол-дунё тўплашга ҳирс қўйишдан ва очкўзлик қилиб, мол-дунёни қай йўлдан топаётганига аҳамият қаратмасликдан қайтардилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Фарз намозлари ортидан мазкур дуони ўқиш мустаҳаб саналади.

  2. Ушбу дуо қуйидаги маъноларни ўз ичига олади: Аллоҳ таолодан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Унинг шериги йўқ ҳамда У борлиқнинг ҳақиқий эгаси, энг мукаммал ҳамд-санога лойиқ Зот ва енгилмас қудрат соҳиби эканини эътироф этиш. Шунингдек, дуода Аллоҳ таоло бутун оламни ёлғиз Ўзи бошқариб туриши, барча ишлар унинг қўлида экани айтилган. Демак, ушбу дуода улуҳийят тавҳиди, рубубийят тавҳиди ҳамда исм ва сифат тавҳидининг барчаси жамлангандир.

  3. Ҳадисда айтиб ўтилган ёмон хислатлардан шариатимиз қайтаради. Негаки, улар талай диний ва дунёвий зарарларни олиб келади.

  4. Агар мўмин киши неъматларни ато қилувчи ҳам, олиб қўювчи ҳам ёлғиз Аллоҳ таоло эканини билса, қалби тўлиқ Аллоҳ таолога боғланади ва Ундан бошқасига парво қилмайди.

  5. Саҳобалар (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин) Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тадбиқ қилишга ошиққанлар. Муовия розияллоҳу анҳуга ушбу дуо хабари етиб келиши биланоқ, одамларни унга амал қилишга буюради.

  6. Хабари оҳодга, яъни бир кишидан бошқа ҳеч ким ривоят қилмаган ҳадисга амал қилинади.

  7. Мол-дунёни зое қилишдан, яъни шариатимиз изн бермаган ўринларга сарфлашдан қайтарилган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мол-дунёни инсонлар ўз манфаатларига эришишлари учун ато қилгандир. Уни зое этиш эса ушбу манфаатларнинг амалга ошмаслигига олиб келади.

Мол-дунёни сарфлаш уч кўринишда бўлади. Биринчиси: шариатимиз қайтарган йўлларга сарфлаш. Бу кўриниш қоралангандир. Иккинчиси: яхши ва хайрли ишларга сарфлаш. Албатта, бунда ўзидан муҳимроқ ҳақ-ҳуқуқларнинг зое бўлмаслиги эътиборга олиниши керак бўлади. Бу кўриниш мақталгандир. Учинчиси: шариатимиз ҳалол қилган ўринларга, жонга оро берадиган ҳалол нарсаларга сарфлаш. Исроф қилмасдан, ҳар ким ўзи қодир бўлганча бундай ўринларга сарфлаши жоиздир.

Изоҳ қолдиринг