Маҳрумлар (6)

0

Қуръон тиловати, оятлари тадаббури ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш лаззатидан маҳрумлар ҳам маҳрумлар жумласидандир.

Ато ибн Аби Рабоҳ айтадилар: “Убайд ибн Умайр билан Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирдик. Умайр Оиша розияллоҳу анҳога: «Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрганингиз энг ажабланарли нарcа ҳақида гапириб беринг», деб илтимоc қилди. Шунда Оиша онамиз йиғладилар ва дедилар: «Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш учун турдилар ва: «Эй Оиша, мени холи қўй, Парвардигоримга ибодат қилай», деб айтдилар. Мен: «Аллоҳга қаcамки, мен cизга яқин бўлишни cуяман ва cизни нима хурcанд қилса, мен ҳам ўшани яхши кўраман», дедим. Cўнгра ул зот туриб таҳорат олиб келдилар-да, намоз ўқий бошладилар. Ул зот йиғлайвердилар, ҳатто этаклари ҳўл бўлиб кетди. Йиғлайвердилар, йиғлайвердилар, ҳатто ерни ҳам ҳўл қилдилар. Билол розияллоҳу анҳу Раcулуллоҳни намозга чақиргани келган эди, у зотни йиғлаётган ҳолда кўриб: «Эй Раcулуллоҳ, йиғлаяпcизми? Ахир Аллоҳ таоло cизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизнинг барини мағфират қилган-ку?» деди. Шунда Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Менга бу кеча бир неча оятлар нозил бўлдики, уларни ўқиб, тафаккур қилмаган кимcаларга вайл бўлcин: «Улар барча ҳолатларида: тик турганларида ҳам, ўтирганларида ҳам, ётганларида ҳам Аллоҳни ёдга оладилар. Осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилиб, Аллоҳга дуо қиладилар: Эй Раббимиз! Сен бу мавжудотларни беҳудага яратганинг йўқ. Сен бундай қилишдан пок Зотсан, Ўзинг бизни дўзах азобидан сақлагин! Эй Раббимиз, Ўзинг бизни дўзахдан асрагин! Эй Аллоҳ, Сен кимни гуноҳлари сабабли дўзахга киритсанг, уни шармандаи шармисор қилибсан. Ўз жонларига зулм қилувчи гуноҳкорлар учун қиёмат куни Аллоҳнинг азобини даф қиладиган бирорта ҳам ёрдамчи бўлмагай» (Оли Имрон сураси, 190-191) (Ибн Ҳиббон ривояти).

Демак, ким Қуръон ўқимаса, у маҳрумдир.

Алҳамдулиллаҳ, рамазонда Қуръон ўқилади, лекин, минг афсуски, шунда ҳам хушуъ ва тадаббурсиз ўқилади. Ҳабибим, ўзингдан бир сўра! Бир кеча ва кундузда қанча оят тиловат қиласан? Ёки бир ҳафтада қанча оят ўқийсан? Эҳтимол, кунлаб, ойлаб ва ҳатто йиллар мобайнида Қуръон ўқимасдан яшаётгандирсан. Нечоғли маҳрумлик… Қуръон ўқийдиганларга савол: Қуръонни ўқиётиб, неча маротаба кўзингиздан ёш оқизгансиз?

Одамлар орасида Қуръонни ўқиётиб ёки уни эшитиб, бирон марта ҳам кўз ёш тўкмай, аммо яхши кўрган ашуласи ёки филмини кўриб эса бир неча бор кўз ёш тўкадиганлари ҳам бор. Аллоҳ асрасин! Ҳаётни ўйин-кулги, бахт-саодатни эса яхши еб-ичиш деб биладиганлар қандай ҳам маҳрумлар. Маҳрумларнинг кечалари мусиқа ва ўйин-кулгидан иборат бўлса, солиҳларнинг кечалари зикр, дуо ва йиғилардан иборатдир.

Эй йиғлаш лаззатидан маҳрум! Билгинки, Аллоҳдан қўрқиб йиғлашдан кўзинг намланмаслиги қалбингнинг қаттиқлиги сабабидандир. Аллоҳдан энг узоқ қалб эса, қаттиқ қалбдир, буни унутма! Ўзингга айт! Нафсингга айт! Эҳ, аттанг, минг афсус! Қалб Қуръондан баҳраманд бўлишдан, уни бўйини ҳидлашдан мастур, маҳрум бўлган ҳолда, қандай қилиб замон, умрни ўтказиб юборябсан? Дунёдаги энг яхши нарсани тотмай, дунёга келиб кетсанг-а? Балки дунёда ҳайвонларча яшаб, ундан ҳамма нарсани бой берган ҳолда ҳеч вақосиз ўтсанг-а? Ҳаётда ожиз-нотавон… Вафот этаётганда ғам, алам, ҳасрат…

Эй маҳрум! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир”, деган сўзларини эшитмаганмисан? Қайси бирини танлайсан? «Фойдангга»ними? Ёки «зарарингга»ними? Солиҳ кишилардан бирлари айтган экан: “Аллоҳнинг Ўзигина биладиган бир ғам мени ўраб олди, нима қиларимни билмай қолдим. Кўнглимга Қуръон ўқиш келиб, қўлимга Мусҳафни олиб тиловат қила бошладим. Қанча ўқиганимни билмайман, қалбимдан бу ғам кетиб, ўрнига Аллоҳ шодлик ва хурсандликни солди”.

Азиз биродарим! Аллоҳ таоло сифатлаганидек, бу Қуръон раҳмат, ҳидоят, нур ва қалбдаги нарсаларга шифодир. Шундай экан Қуръонни ўқинг, уни эшитинг! Қуръонни тадаббур билан, маъноларини англаб ўқиш дунё-ю охиратдаги бахт-саодат сабабларидандир.

Аллоҳ йўлида биродар бўлиш лаззатини тотмаганлар ҳам маҳрумлар жумласидандир.  Чунки бундайлар яхшиликка чорлаб турадиган, шу йўлда кўмак берадиган дўстдан маҳрумдирлар. Солиҳ биродардан фақат яхши сўз ёки хайрли дуо ва ёки шаън-обрў ҳимоясигина топилади.

Эй Аллоҳ йўлидаги биродарликдан маҳрум банда! Сен яхши суҳбатдошга, яхши сўзга муҳтожсан, ичингдаги дард-аламларингни тўкиб сочадиган омонатдор-содиқ дўстга эҳтиёжинг бор, сенга кимлигингни, нима учун яралганингни, жасур-мард эркаклар авлоди эканингни эслатиб турадиган холис насиҳатгўйга жуда-жуда муҳтожсан. Мана шу нарсаларни сен, ўйин-кулги, ош-овқат ва кайф-сафодаги ошналарингда топасанми? Кўз олдинга ҳар бир ошнангни бирма-бир келтир-да, ўзингдан сўра! Сизларни боғлаб турган нарса нима? Дунёвий манфаатми, шайтоний шаҳватми? Ёки исломий биродарликми? Нима? Аллоҳ йўлида биродарликдан бошқа ҳар қандай ошна-оғайнилик саробдир, охири ташвиш ва адоватдир. Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг шундай сўзи бор: “Дунёда Аллоҳнинг маъсиятлари устида дўстлашган улфатлар, Қиёмат куни бир-бирларидан безорлик эълон қиладилар. Лекин Аллоҳнинг тақвоси устида дўстлашган ёру дўстларнинг дўстлиги дунёда ҳам, охиратда ҳам давомлидир” (Зухруф сураси, 67).

Эй Аллоҳ йўлидаги биродарлик лаззатидан маҳрум, Қиёмат куни: “У куни ўзига зулм қилган кимса ҳасрат-надомат билан: «Кошки мен фалончи кофирни яхши кўриб, ўзимга дўст тутмаган ва унга эргашмаган бўлсам эди. Ўша дўстим менга Қуръон келганида мени ундан чалғитди», деб айтади. Малъун шайтон инсонни доимо ёрдамсиз қолдиради” (Фурқон сураси, 28-29), деб қолишингдан аввал, бой берган нарсаларни қайтаришга ҳаракат қилиб қол! Аллоҳ учун тутинган биродарларингга қайт! Шунда сен Қиёматда улар билан бирга бўласан. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Киши ўзи яхши кўрганлар билан биргадир”. Сен яхши кўрадиганлар кимлар?

Байт (мазмуни): “Дунёдаги яқининг Маҳшарда ҳам яқиндир. Сен менга ҳамиша яқинсан. Агар сен дўзахга тушсанг, демак, мен ҳам дўзахийман”.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг