Никоҳ: Валима (никоҳ тўйи) қилиш

0

Валима (никоҳ тўйи) ва жинсий яқинликка оид ишлар

Биринчидан: валима

Никоҳ тўйи муносабати билан ёзиладиган дастурхонга «валима» дейилади. Баъзан бошқа тўйларга ҳам валима дейилиши мумкин. Бироқ мутлақ тарзда валима дейилса, никоҳ тўйи тушунилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг бирортасига Зайнабга қилган валималарини қилмаганлар: унга қўй сўйиб, тўй қилган эдилар»[1].

Яна Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафийя розияллоҳу анҳони озод қилдилар ва озод қилинишини маҳрга ҳисоблаб, унга уйландилар. Тўйда (одамларга) ҳайс[2] бердилар»[3].

Валима қилишнинг ҳукми

Жумҳур уламоларнинг фикрича, валима қилиш суннат бўлса, баъзи уламоларнинг фикрига кўра, вожибдир. Вожиб деган уламолар қуйидагиларни далил қилишади:

а) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Гарчи бир қўй сўйиб бўлса ҳам, валима қил»[4], деганлар. Маълумки, бўйруқдан ўша ишни қилиш вожиблиги тушунилади;

б) Бурайда ибн Ҳасиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али Фотиманинг (Аллоҳ иккисидан ҳам рози бўлсин) қўлини сўраганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Никоҳ (бошқа бир ривоятда «келин») учун валима қилиш лозим», дедилар»[5];

в) «Саҳиҳи Муслим»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам валима тўғрисида «У ҳақдир»[6], деганлар.

Эслатма: валима – никоҳ тўйи қилиш вожиб, дегани, никоҳнинг дуруст бўлиши унга боғлиқ, дегани эмас. Зеро, тўй қилинмаса ҳам, никоҳнинг шарт ва рукнлари тўла рўёбга чиққан бўлса, никоҳ дуруст бўлаверади.

Валиманинг вақти

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Салаф уламолар валима қилиш вақти никоҳ ўқишдан олдинкейинлиги, аёлга қўшилишдан аввал ё сўнг бўлиши хусусида ихтилофлашганлар». Шундан сўнг Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Субкийнинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан нақл қилинганига кўра, валима аёл билан жинсий қовушгандан кейин қилинади»[7], деган гапини нақл қилиб айтади: Субкий бу гапи билан Зайнаб бинти Жаҳш қиссасига ишора қилган кўринади[8].

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафийя розияллоҳу анҳо билан қовушгандан кейин валима қилганлари ҳам юқоридаги (Субкийнинг) фикрига далолат қилади. Ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафийяга куёв бўлган ҳолларида тонг оттирдилар. У зот: «Кимда нима бўлса келтирсин», дедилар-да, теридан бўлган тўшакни ерга ёздилар. Кимдир қурут, кимдир хурмо ва яна кимдир ёғ келтирди. Ҳаммасини аралаштириб ҳайс тайёрладилар. Шу тариқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам валима қилдилар»[9].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

Имкони бўлса, битта ёки бир нечта қўй сўйиш мустаҳабдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдураҳмон ибн Авфга: «Гарчи бир қўй сўйиб бўлса ҳам, валима қил»[10], деганлар.

Бироқ бу дегани, албатта, қўй сўйиш керак, дегани эмас. Негаки, валима гўштсиз ҳам бўлиши мумкин. Никоҳ тўйи кишининг имкониятига қараб қилинадиган маросим.

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар ижмо қилишича, валимада бериладиган энг кўп ёки энг кам таом чекланмаган. Инсон ўзида борини дастурхонга қўйса, кифоя. Эр киши имконияти доирасида валима қилиши мустаҳабдир. Баъзан кимдадир валимага атаб бир ёки бир нечта қўй сўйиш имкони бўлиши мумкин»[11].

Юқорида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда гўштсиз ҳам тўй бериш жоизлигига далолат бор. Дарҳақиқат, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «ҳайс» номли таом билан валима қилганлари айтилди.

Шунингдек, буни «Саҳиҳи Бухорий»да Сафийя бинти Шайба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди. У шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бирига (уйланганларида) икки ҳовуч арпа билан тўй қилдилар»[12].

[1] Бухорий (5168), Муслим (1427), Абу Довуд (3743), Ибн Можа (1908) ривояти.
[2] Ҳайс – қурут, ёғ ва хурмони аралаштириб тайёрланган овқат (тарж.).
[3] Бухорий (5169), Муслим (1365), Насоий (6/114) ривояти.
[4] Бухорий (2048, 5103, 5167), Муслим (1427), Абу Довуд (2109), Термизий (1933), Насоий (6/137) ривояти.
[5] Аҳмад ривояти, 5/359. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да (9/230) айтади: «Санади ёмон эмас».
[6] Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳадисни «Саҳиҳи Муслим»га нисбат берган. Бироқ мен ундан тополмадим. Ҳадисни Аҳмад (2/267), Байҳақий (7/262) ривоят қилган. Шунингдек, Ҳофиз уни Абуш Шайхга ҳам нисбат берган.  Яна уни Табароний «Авсат»да (4/193) «Валима ҳақ ва суннатдир», деган матн билан ривоят қилган.
[7] «Фатҳул Борий», 9/230-231.
[8] Бухорий (4791, 5154, 4792, 5168, 4791), Муслим (1428) ривояти.
[9] Бухорий (371), Муслим (135), Насоий (6/131) ривояти.
[10] Бухорий (2049, 5153, 5167), Муслим (1427), Абу Довуд (2109), Термизий (1933), Насоий (6/137), Ибн Можа (1907) ривояти.
[11] «Фатҳул Борий», 9/335.
[12] Бухорий, 5172.

Изоҳ қолдиринг