Урва ибн Зубайр (1)

0

Жаннат аҳлидан бўлган кишига қараш кимни қувонтирса, Урва ибн Зубайрга қарасин” (Абдулмалик ибн Марвон)

Ботаётган қуёш ўзининг заррин нурларини Байтуллоҳдан териб-териб олиб, майин шабадаларга унинг пок саҳнида эсишга изн берган дамда, улуғ саҳобаи киромлар ва тобеинларнинг катталари, ҳавони такбир-у таҳлил билан хушбўйлаб, атрофни хайрли дуоларга тўлдириб тавоф қилмоқдалар…  Масжиди ҳаромнинг ўртасида маҳобат ва улуғворлик билан турган Каъбаи муаззаманинг атрофида, улуғворлигидан одамларнинг кўзлари қувнаб, молояъни ва гуноҳ бўлмаган сўзларни сўзлашиб, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирардилар…  Рукни Ямонийга яқин ерда эса, юзлари нурли, улуғ насабли, масжиддаги қушлар каби пок ва якдил, хушбўй ва хушрўй тўрт йигит давра қурган эди. Улар Абдуллоҳ ибн Зубайр, унинг икки укаси – Мусъаб билан Урва ҳамда Абдулмалик ибн Марвонлар эди. Даврада ширин суҳбат айланаётган эди. Ораларидан биттаси: “Келинглар, ҳар биримиз ўзи яхши кўрган орзусини Аллоҳдан сўрасин”, деди. Ўртага бу таклиф ташлангач, хаёллар кенг олам узра кеза бошлади, ширин орзулар оғушида Абдуллоҳ ибн Зубайр гап бошлаб, кўнглидагини баён қилди: “Менинг орзуим – Ҳижозга эга бўлиб, халифаликка эришишдир”. Мусъаб ибн Зубайр ҳам акасининг орзусига яқин гап айтди: “Кўфа билан Басрага эга бўлсам ва бунда ҳеч ким мен билан тортишмаса, дейман”, деди. Абдулмалик ибн Марвон: “Сизларни шу қониқтирса ҳам, мени қониқтирмайди. Менинг орзуим – ер юзига эгалик қилиб, Муовия ибн Абу Суфёндан кейин халифаликни қўлга киритиш”, деди. Урва ибн Зубайр эса ҳеч нима демай жим ўтирар эди. Унга қараб: “Зубайр, сен нимани орзу қиласан?” дедилар. Урва ибн Зубайр: “Орзу қилган дунё ишларингизга Аллоҳ барака берсин. Аммо менинг орзуимга келсак, мен амал қилувчи олим бўлишни орзу қиламан. Мендан одамлар Аллоҳнинг Китобини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ва Ислом дини аҳкомларини ўргансалар… Охиратда мен Аллоҳнинг розилигига эришиб нажот топсам ва жаннатдан насибадор бўлсам… Мана шу менинг орзуимдир”, деди.

Қарангки, кунлар ўтиши билан Язид ибн Муовиянинг вафотидан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр халифалик билан байъат қилиниб, Ҳижоз, Миср, Яман, Хуросон ва Ироққа эгалик қилди… Аммо кўп ўтмай, ёшлик чоғида ўша орзусини айтган жой яқинида… Каъбанинг олдида қатл қилинди. Мусъаб ибн Зубайрни ҳам орзуси рўёбга чиқди – акаси Абдуллоҳ тарафидан Ироққа ҳоким этиб тайинланди, лекин қисқа муддат ичида ҳокимликдан четлатилиб, ҳатто қатл қилинди. Абдулмалик ибн Марвонга келсак, отаси вафот этгач, халифалик унга ўтди, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва укаси Мусъабнинг қатлидан сўнг эса барча мусулмонлар унинг қўл остига тўпланди ва у замонасининг энг буюк подшоҳларидан бирига айланди.

Урва ибн Зубайрнинг ҳаёти қандай кечди экан? Келинглар, у ҳақдаги қиссани бошидан бошлаймиз.

Урва ибн Зубайр Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифаликларининг охирги йили мусулмонлар орасидаги энг ҳурматли ва олий мақом хонадонда таваллуд топди. Отаси Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фидойи саҳобаларидан эди… Исломда биринчи бўлиб қиличини яланғочлаган, жаннат башорат берилган ўнта саҳобанинг бири… Онаси эса кимсан, Абу Бакрнинг қизи  Асмо, “икки белбоғ соҳибаси” деган шарафли лақабнинг эгаси (ҳижрат куни белбоғини иккига бўлиб, бири билан Росулуллоҳнинг озуқа идишларини, бошқаси билан сув идишларини боғлагани учун шундай шарафга эришган)… Она тарафдан бобоси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари ва ғордаги ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу… Ота тарафдан момоси София бинти Абдулмутталиб – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари… Холаси мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо… (Оиша розияллоҳу анҳо вафот этганларида Урва ибн Зубайр ўзи қабрга тушиб, лаҳадга қўйган.) Ҳар тарафдан шараф ва иззатга бурканган яна шундай олий насаб бормикин?

Каъбаи муаззама олдида қилган орзусини рўёбга чиқариш учун Урва ибн Зубайр илм таҳсилига бел боғлаб, қаттиқ киришди. Ҳаёт бўлган саҳобаларни ғанимат билиб, уларнинг уйларига қатнаб, ортларида намоз ўқиб, илм мажлисларини қолдирмай иштирок этди. У Алий ибн Абу Толиб, Абдураҳмон ибн Авф, Зайд ибн Собит, Абу Айюб Ансорий, Усома ибн Зайд, Саъид ибн Зайд, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумдан ривоят қилди. Аксар илмини холаси Оиша розияллоҳу анҳодан олди ва одамлар уларга дин ишларида суянадиган, солиҳ ҳокимлар эса ўзлари масъул бўлган халқлар ва шаҳарлар масаласида улардан ёрдам истайдиган, Мадинанинг етти устун фуқаҳоларидан бири бўлиб етишди. Бунинг далили ўлароқ бир воқеани келтирамиз: Умар ибн Абдулазиз Валид ибн Абдулмалик тарафидан Мадинага волий этиб тайинланганида, одамлар қутлаш учун унинг ҳузурига келдилар. Пешин намозини ўқиб бўлгач, Мадина уламоларидан ўн кишини таклиф қилди. Таклиф қилинган олимларнинг пешқадами эса Урва ибн Зубайр эди. Умар ибн Абдулазиз уламоларни яхши кутиб олиб, уларга иззат-икром кўрсатгач, Аллоҳга ҳамду сано айтиб шундай деди: “Менга ҳақ устида ёрдамчи бўладиган ва ҳамда ажр-савобга ҳам эга бўлиб қоладиган бир иш учун мен сизларни чорладим. Мен ҳар бир ишни сизларнинг фикрингиз ва маслаҳатингиз билангина қилмоқчиман. Сизлардан илтимосим шуки, агар бирон кимсани бошқа бировга зулм қилаётганини кўрсангиз ёки менинг ходимларим ҳаддан ошиб, зулмга қўл ургани сизларга етса, шуни менга хабар берсангиз!” Бу гапларни эшитган Урва ибн Зубайр унинг ҳаққига дуои хайрлар қилиб, Аллоҳдан унга ҳақда собитлик ва рушду ҳидоят тилади.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг