Саҳобий бўлинг: Нодир авлод (6)

0
  • Саҳобайи киромларнинг Қуръони карим билан яшаганлари (давоми)

Ўзингизни Бадр жангида қатнашган деб тасаввур қилинг-да, кейин ушбу хаёлий иштирокингиз ортидан Анфол сурасини тингланг. Табиийки, ўша оятларни ҳис этишингиз бошқаларнинг – Анфол сурасини шунчаки тиловат қилаётган, Бадр ғазотида мусулмонлар бошдан ўтказган ҳодисаларни оддий ўқувчи сифатида ўқиётган мусулмонларнинг ҳиссиётидан буткул ўзгача бўлади. Саҳобалар эса буни хаёл қилишмас эди; чунки улар ҳақиқатда Бадр ғазотининг бошидан охиригача гувоҳ бўлишган, бу тажрибани тўла яшаб ўтган кишилар эди. (Эй Пайғамбар, асҳобингиз) сиздан (Бадр жангидаги) ўлжалар(ни улар ўртасида қандай тақсим қилишингиз) ҳақида сўрашади. Уларга айтинг: “Ўлжалар (тақсимоти) Аллоҳ ва Расулига тегишлидир. (Пайғамбар Раббининг буйруғига кўра, ўлжаларнинг тақсимотига бош-қош бўлади.) Бас, сизлар Аллоҳ(нинг азоби)дан қўрқинглар ва ораларингизни ислоҳ қилинглар! (Анфол сураси, 1).

Ўлжалар тақсимотида юзага чиққан можароларни унда қатнашган одам бошқача ёдга олади, қатнашмасдан, кейинчалик хабардор бўлган одам бошқача ёдга олади. Мазкур синовни шахсан бошдан ўтказган кишига орани ислоҳ этиш ҳақидаги ушбу насиҳат тамоман ўзгача таъсир қилади: “(Эй тортишаётганлар), Аллоҳнинг икки тоифадан бирини (яъни ё карвон ва унинг ичида бўлган молларни, ё душман билан жанг қилиб, уларга ғолиб бўлишни) албатта қўлга киритишингиз ҳақида сизларга берган ваъдасини ёдга олинглар. Сизлар (жанг қилишни эмас,) қурол-яроғсиз тоифа (карвон)га эга бўлишни истаган эдингиз. Аллоҳ эса Ўз Сўзлари билан ҳақиқатни барқарор этишни (сизларни кофирларга қарши жанг қилишга буюриши билан Исломни рўёбга чиқаришни ва уни олий қилишни) ва кофирларнинг думини кесишни (ҳалок қилишни) ирода қилган эди(Анфол сураси, 7). Саҳобий ушбу оятларни ўқир экан, «Биз қўшинга тўқнаш келишни эмас, карвонни қўлга киритишни хоҳлаган эдик. Аммо Аллоҳ азза ва жалла бошқа ишни ихтиёр этди», дея ёдга олади, Аллоҳ таоло айтган ҳар бир сўз билан бирга нафас олади.

Ўшанда Аллоҳ (душманга мағлуб бўлиб қолишингиз қўрқувидан) хотиржам бўлишингиз учун сизларни уйқуга чўмдирди… (Анфол сураси, 11). Бадр жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг баъзиларини мудроқ босди, бу ҳодиса кейинчалик Уҳуд жангида ҳам такрорланди. Аллоҳ таоло айтади: Сўнг (чин ихлосли мўминларга раҳмат ўлароқ Аллоҳ таоло) бошларингизга тушган бу ғам-андуҳлардан кейин бир ором уйқусини туширдики, у сизлардан бўлган бир тоифа кишиларни (яъни ҳақиқий мўминларни) қамраб олди… (Оли Имрон сураси, 154).

Абу Талҳа Ансорий айтади: «Уҳуд куни мудроқ босган кишилардан бири мен эдим. Қўлимдан қиличим қайта-қайта тушиб кетар, мен уни яна қўлимга олар эдим. Саҳобаларга қараган пайтим уларни қалқон остида гандираклаб турганларини кўрдим». Табиийки, ҳазрат Абу Талҳа Ансорий мазкур оятни ўқиган пайтида атрофидаги одамлардан кўра бошқача таъсирни ҳис этади. Чунки у ўша жангда мудроқ босган кишиларнинг бири эди.

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй мўминлар) Аллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун тўқнашган пайтингизда сизларнинг кўзингизга уларни кам қилиб кўрсатганини, уларнинг кўзларига эса сизларни оз қилиб кўрсатганини эсланг. Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур” (Анфол сураси, 44).

Бу оятлар Бадр ғазоти ҳақида нозил қилинган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларига эътибор беринг: “Дарҳақиқат, душман бизнинг кўзимизга жуда оз бўлиб  кўринди. Ҳатто мен ёнимдаги кишидан: «Етмиш киши бор деб ўйлайсанми?» деб сўрадим”. Тасаввур қилинг, мусулмонлар мингта жангчини етмиштача деб ҳисоблашяпти. Абдуллоҳ ибн Масъуд айтяпти: “Мен ҳақиқатда уларни етмиш киши атрофида кўрар эдим ва ёнимдаги кишидан: «Нима дейсан, етмиш чоғли борми?» деб сўрадим. У: «Йўқ, юз киши атрофида бўлишса керак», деб айтди. (Улар чамалаган энг катта адад мана шу эди.) Кейин улардан бир кишини асир олиб, ундан сўраганимизда: «Биз минг киши эдик», деди”[1].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида содир бўлган Уҳуд, Аҳзоб, Ҳунайн, Табук ва бошқа воқеа-ҳодисалар ҳақидаги илоҳий оятлардан саҳобаларнинг таъсирланишларини, Қуръондаги ҳар бир оят билан бирга нафас олишларини юқорида келтириб ўтилган мисолларга кўра таққослайверинг. Мана шу нарса бетакрор авлод бўлмиш саҳобаларга бошқалардан устунлик тақдим этади.

(Давоми бор)

[1] Ушбу ривоятни Ибн Касир мазкур оятнинг тафсирида Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Жарир Табарийдан нақл қилган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг