Дард ва даво (16): Қадарни қадар билан даф этиш

0

Оқил инсон қадарни қадар билан енгади, қадарни қадар билан даф қилади, қадарни қадар билан қарши олади. Аслида, инсон бу дунёда бундан бошқача ҳаёт кечира олмайди. Зеро, очлик, чанқоқ, совқотиш ва инсон ҳаётига зиён етказувчи турли хавф-хатарлар қадардан саналади. Ҳолбуки, барча инсонлар бу турдаги қадарларни уларга муносиб қадарлар (яъни чоралар) билан қайтаришга ҳаракат қилади. (Масалан, очлик қадарини егулик ейиш қадари билан, чанқоқ қадарини ичимлик ичиш қадари билан даф этади.)

Аллоҳ таоло тавфиқ берган ва тўғри йўлга илҳомлантирган киши охиратдаги жазо-уқубат қадарини ҳам тавба қилиш, иймон келтириш ва солиҳ амаллар қадари (яъни тадбири) билан қайтаришга ҳаракат қилади.

Дунёвий хатар қадарини қайтариш йўли бор экан, охиратдаги хавф-хатар қадарини ҳам белгиланган тартибда қайтариш керак. Негаки, ҳар икки диёрнинг Рабби биттадир, улардан кўзлаган ҳикмати ҳам битта бўлиб, улар асло бир-бирига зид эмас, бири бошқасини йўққа чиқармайди.

Бу масаланинг қадрини билган ва унга чинакам эътибор қаратган инсон бу энг шарафли масалалардан бири эканини англаб етади. Аллоҳ таоло Ўзи буни англашга ёрдам берсин.

Ҳақиқий бахт-соадат ва нажотга эришиш йўли

Лекин банда ҳақиқий бахт-саодатга ва нажотга эришиш учун қуйидаги икки нарсани билиши керак:

Биринчиси, яхшилик ва ёмонлик сабабларини батафсил билиш. Бу сабабларни оламда рўй бераётган ҳодисаларни, ўзи ва бошқалар бошидан ўтказган тажрибаларни, олдинги ва ҳозирги кундаги миллат ва элатлар ҳолатини ўрганиш орқали билиб олади.

Бу борада энг фойдали йўл Қуръон каримни мушоҳада қилишдир. Чунки Қуръон яхшилик ва ёмонлик сабабларини энг мукаммал кўринишда баён этади, унда барчаси очиқ-ойдин ва батафсил ёритилгандир. Қуръондан кейин Пайғамбаримизнинг суннатига назар солиш. Зеро, у Қуръоннинг шериги, иккинчи ваҳий манбаидир. Ким бор эътиборини шу иккисига қаратиб, улар билангина чекланса, барча яхшилик ва ёмонликни ҳамда уларнинг сабабаларини унга шундай очиқ-ойдин шаклда кўрсатиб қўядики, ҳатто у яхшилик ва ёмонлик ҳамда уларнинг сабабларини ўз кўзи билан кўриб тургандек бўлади. Сўнг ўтган умматлар оқибатини, Аллоҳ таоло итоатли-ибодатли бандаларини қай тарзда мукофотлаганини, гуноҳкор-осий инсонларни қай тарзда жазолаганини тафаккур қилсанг, улар Қуръон ва суннатда келган хабарларга тўла мос эканини кўрасан. Шунингдек, уларда Аллоҳ таоло хабар берган ва ваъда берган ишларнинг тафсилотини танийсан. Борлиқдаги Аллоҳнинг мўъжизаларини кўра бошлайсан. Улар сенга Қуръон ва Пайғамбар ҳақ эканини, Аллоҳ, албатта, ваъдаси устидан чиқишини кўрсатади. Зеро, тарих Аллоҳ ва Расули умумий кўринишда хабар берган яхшилик ва ёмонлик сабабларининг тафсилоти ҳисобланади.

(Давоми бор)

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг