Охирзамон қирғинлари (5)

0

Иккинчидан: Охирзамон қирғинларининг ғайбга иймон келтиришга боғлиқлиги

Охирзамон қирғинлари хато сўзлашдан холи бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ва келажакда содир бўладиган ғайб ишларидандир. Шунинг учун улар иймон келтириш вожиб бўлган ғайб ишларидан ҳисобланади[1]. Вақти келиб қирғинлар одамлар кўз ўнгида содир бўлса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарлигини қўллаб-қувватлайдиган далилларга қўшимча янги бир далил зоҳир бўлади[2]. Имом Муваффақуддин Ибн Қудома Мақдисий[3] роҳимаҳуллоҳ айтади:  “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган, саҳиҳ ривоятларда келган, биз кўрсак ёки кўрмасак ҳам ҳақ ва рост деб эътиқод қилинадиган барча хабарларга, жумладан, қиёмат аломатларига иймон келтириш вожиб бўлади[4].

Охирзамон қирғинларининг ғайбга оид ишлардан экани шундаки, уларнинг қачон юз беришини фақат Аллоҳ таоло билади. Шундай экан, бирон оят ёки саҳиҳ ҳадислардан далил бўлмасдан туриб, бу қирғинларга оид бирор ҳодисанинг юз бериш вақтини белгилаш ёки тахмин қилиш илмсиз гапириш ҳамда Қуръон ва Суннат дастурига хилоф иш тутиш саналади. Негаки, Қуръон ва Суннатда на қиёмат куни ва на унинг аломатлари учун маълум бир вақт белгиланган[5].

Имом Қуртубий[6] роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бу бобда айтилиши лозим гап шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган фитна ва ҳодисалар албатта юз беради. Улардан бирон воқеани содир бўлиши учун муайян йилни белгилаш учун узрни кеткизадиган ишончли далил керак бўлади. Балки қиёмат қачон қойим бўлиши маълум бўлмаганидек, бу ҳодисаларнинг ҳам қайси йил ва қайси ойда юз беришини ҳеч ким билмайди[7].

Бироқ  қиёмат ва унинг аломатлари, шу жумладан, қирғинларнинг қачон юз бериши Қуръон ва Суннатда собит бўлган сифатларга мос равишда юз бериши билан билинади.

Аллома Муҳаммад Сиддиқхон[8] роҳимаҳуллоҳ айтади: “Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни ва қиёмат қойим бўлишига қадар юз берадиган қирғинлар ва катта-ю кичик фитналар ҳақида ўз ҳадиси шарифларида хабар берганлар. Лекин уларнинг содир бўлиш вақти ёлғиз Аллоҳ таолога аёндир. Бандалар эса бу ҳодисалар юз берганида ва ҳадисларда баён қилинган сифатлар намоён бўлсагина уларнинг содир бўлганини билишлари мумкин[9].

[1] Баъзи тадқиқотчилар охирзамон қирғинлари ва бошқа қиёмат аломатлари ҳақида келган саҳиҳ хабарларни охират кунинг муқаддимаси бўлгани учун охират кунига иймон келтиришнинг бир бўлаги деб ҳисоблашади.
Қаранг: “Ал-изоа би аҳдоси қиёмис соа” (13-бет), Ғуфайлий, “Ашротус соа” (17-бет), Вобил, “Ашротус соа” (27-бет), Мустафо Шалабий, “Саҳиҳи ашротис соа” (15-бет).
[2] Вобил, “Ашротус соа” (27-бет), Бозмул, “Мавқифул муслим минал фитан” (10-бет).
[3] Аллома Мужтаҳид Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қудома Мақдисий ҳанбалий мазҳабидаги забардаст фақиҳлардан ва ўз замонасида Шом аҳлининг етук олими саналган. У зот кўп китоблар ёзган бўлиб, уларнинг энг машҳури “Мухтасари Хирақий” китобининг шарҳи “Ал-муғний” китобидир. Ҳижрий 620 йилда вафот этган.
Қаранг: Заҳабий, “Тарихул Ислом” (13/601-602), “Сияру аъломин нубало” (22/165-173), “Ал-вофий бил-вафаёт” (17/23-24).
[4] “Лумъатул эътиқод” (28-бет). Қаранг: “Ал-мувафақот” (4/52), “Қатфус самар фи баёни ақидати аҳлил-асар” (121-бет).
[5] Қаранг: Ибн Ҳазм, “Ал-фисал фил милал вал-аҳвои ван-ниҳал” (2/257-258), “Жавобус саҳиҳ” (1/420-424), “Мажмуъу фатово Ибн Таймия” (13/144), “Ан-ниҳоя фил фитан вал малоҳим” (1/194), Ашқар, “Ал-қиёматус суғро” (118-бет).
[6] Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Бакр Ансорий Андалусий Қуртубий. Муфассир, чуқур илмли ва турли фанлар билимдони бўлган. Илмининг кўплигига далолат қиладиган фойдали китоблар ёзиб қолдирган. Ҳижрий 671 йилда вафот этган. Қаранг: “Тарихул Ислом” (915/229-230), Ибн Фарҳун, “Дебожул мазҳаб” (2/308), Суютий, “Табақотул муфассирин”(79-бет).
[7] “Ат-тазкира фи аҳволил мавто ва умурил охира” (2/477). Қаранг: Саховий, “Қаноа” (28-бет).
[8] Тўлиқ исми Абу Тийб Муҳаммад Сиддиқхон ибн Ҳасан Ҳусайний Бухорий Қаннужий, исломий уйғониш ҳаракатининг таниқли вакилларидан. Ҳиндистоннинг Қаннуж шаҳрида туғилган, рўзғор тебратиш мақсадида Баҳопалга кўчиб ўтиб, у ернинг маликасига уйланган. Ҳижрий 1304 йилда вафот этган. Қаранг: “Жалоул айнайн” (48-50-бет), “Тожул мукаллал” (546-бет), “Аълом” (6/167-168), “Муъжамул муаллифин” (3/358).
[9] “Абжадул улум”дан (2/518) қисқартириб олинди. Қаранг: “Маолим ва манорот фи танзили аҳодисил фитан” (171-177).

Изоҳ қолдиринг