Билингки, (Аллоҳ барчамизни муваффақ қилсин), ҳар бир мусулмон исломий ақидани таълим олиши, унинг маъноси нима, нимага асосланади, катта ва кичик ширкдан иборат унга зид келадиган, уни ботил ёки нуқсонли қиладиган ишлар нима эканини билиши вожибдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмину мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!” [Муҳаммад: 19].
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи”да “Сўзлаш ва амал қилишдан олдин илм олиш ҳақидаги боб” дея сарлавҳа қўйиб, юқоридаги ояти каримани сарлавҳага ҳужжат тарзида келтиради. Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “Ибн Мунайяр шундай дейди: “Бухорий бу сарлавҳа билан илм олиш сўз ва амалнинг саҳиҳ бўлиши учун шарт экани, илмсиз иккиси ҳам мўътабар эмаслиги, илм сўз ва амалдан олдин туриши, негаки, илм амални тўғриловчи бўлмиш ниятни тўғриловчи эканини айтмоқчи…” (иқтибос тугади).
Шу боис, илм аҳли ақида масалаларини таълим олиш ва уни ўзгаларга таълим беришга алоҳида эътибор қаратганлар. Улар буни дастлаб ўрганилиши зарур бўлган илмлардан деб ҳисоблаб, бу борада алоҳида асарлар битганлар. Бу асарларда ақида аҳкомлари, ундаги вожиб эътиқодлар, шунингдек, ақидани бузадиган ва путур еткизадиган ширк, хурофот ва бидъатларни баён қилганлар. Бу “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг маъносидир. Зеро, бу калима шунчаки тил билан айтиб қўйиладиган калима бўлмай, унинг маъноси, мазмуни ва у тақозо қиладиган амаллар бор. Буларнинг барчасини билиш ва унга зоҳиру ботинда амал қилиш вожибдир. Шунингдек, бу калимага зид бўлган ва уни ноқис қилувчи амаллар ҳам мавжуд. Бу нарсалар фақат таълим олиш орқалигина маълум ва равшан бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасининг турли босқичларига мўлжалланган ўқув қўлланмалари орасида ақида фани биринчи ўринни эгаллаши, кунлик дарслар ичида етарли дарс соатлари ажратилиши, бу фанни таълим бериш учун малакали мударрислар танланиши ва ўқувчининг муваффақиятли ёки қолоқлигини белгилашда ақида фанига урғу берилиши зарур. Бугунги кундаги аксар ўқув дастурларининг ҳолати бунга буткул тескаридир. Негаки, бу ўқув дастурларда ақида фанига деярли эътибор қаратилмайди. Шу сабаб, соғлом ақидани билмайдиган, оқибат, ширк, бидъат ва хурофот амалларни жоиз дейдиган, уларни ақидадан деб биладиган ёш авлод вужудга келиш хавфи бор. Чунки улар одамларнинг ширк, бидъат ва хурофотларни қилаётганларини кўрган, уларнинг ботил эканидан бехабар бўлганлар.
Шунинг учун бўлса керак, мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Агар жоҳилиятни билмаган одам исломда улғаядиган бўлса ислом халқалари бирма-бир узилиб кетиши мумкин”.
Қолаверса, салафи солиҳлар йўли, аҳли суннат ва жамоат мазҳабига кўра, Қуръон ва суннатга мос равишда ёзилган соғлом ва ишончли китоблар ихтиёр қилиниб ўқувчиларга дарслик сифатида белгиланиши, ашъарийлар, мўътазилийлар, жаҳмийлар ва бошқа адашган тоифаларнинг китоблари сингари салафи солиҳларнинг йўлига хилоф китоблар дарслик китоблар ичидан четлатилиши лозим.
Расмий таълим билан бир қаторда масжидларда ҳам дарслар уюштирилиб, уларда даставвал салафи солиҳлар ақидаси, бу борада ёзилган матнлар ва уларнинг шарҳлари ўқитилиши, ундан талабалар ва дарсга ҳозир бўлган барча инсонлар фойдаланиши керак. Айни пайтда, оммага мўлжалланган содда услубда ёзилган мухтасар китобчалар ва радио орқали эфирга узатиладиган диний эшиттиришлар ва улар орасида исломий ақида аҳкомларини таълим берадиган алоҳида давомли дастурлар ташкил қилиниши лозим. Шахслар томонидан ҳам ақидага махсус эътибор қаратилиши, мусулмон киши муттасил тарзда ақида китобларини мутолаа қилиши, ақида хусусида салафи солиҳлар услубига кўра ёзилган китоблар, шунингдек, уларнинг йўлига хилоф равишда ёзилган китоблар билан танишиши лозим. Токи, мусулмон киши динида онгли ва идрокли ҳамда аҳли суннат эътиқодига қаратилган шубҳаларни рад этишга қодир бўлсин.
Мусулмон биродар!
Дарҳақиқат, Қуръони каримни мушоҳада қилиб кўрсангиз ундаги кўплаб сура ва оятларнинг ақида масаласига эътибор қаратганига гувоҳ бўласиз. Балки маккий сураларнинг барчаси қарийб исломий ақидани баён қилиш ва унга қаратилган шубҳаларни рад этишга ихтисослашганини кўрасиз. Мисол учун Фотиҳа сурасини олиб қарайлик, аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай дейди: “Билингки, бу сура олий мақсадларнинг асосини мукаммал ва тўла-тўкис тарзда ўз ичига олган. Сура Аллоҳ табарока ва таолони учта исми билан танитишни ўз ичига олади. Аллоҳнинг барча гўзал исмлари ва олий сифатларининг йиғиндиси ва манбаси мана шу уч исмга бориб тақалади; улар “Аллоҳ”, “Раб” ва “Раҳмон” исмларидир. Сура Аллоҳнинг “илоҳлик”, “раблик” ва “раҳмат” сифатларини баён қилиш устига қурилган. Зеро, “Сенгагина ибодат қиламиз” Аллоҳнинг илоҳлик сифатини, “Сендангина ёрдам сўраймиз” раблик сифатини ва Аллоҳдан “тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўраш” раҳмат сифатини баён қилиш бўлса, Унга ҳамду сано айтиш мазкур уч сифатнинг барчасини ўз ичига олади. Негаки, Аллоҳ ҳам Илоҳлиги, ҳам Раб эканлиги, ҳам раҳмат сифати учун ҳамдга сазовордир. Шунингдек, сура қайта тирилиш, бандаларнинг қилган яхши-ёмон амаллари эвазига жазо ёки мукофотланиши, ўша пайтда Парвардигорнинг ёлғиз Ўзи халойиқ ўртасида ҳукм қилиши, Унинг ҳукмининг адолатли эканини ўз ичига олган. Мазкур маъноларнинг барчаси сурадаги “жазо (қиёмат) кунининг Эгаси” деган оятда мужассам бўлган. Бундан ташқари сура бир неча томондан пайғамбарларнинг рисолатини исботлашни ўз ичига олган…”. Шундан сўнг Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ узун фойдали сўзлар билан бу томонларни баён қилиб, ва ниҳоят шундай дейди: “Демак, Қуръоннинг барчаси тавҳид ва тавҳиддан келиб чиқадиган мажбуриятлар, тавҳиднинг мукофоти, ширк, мушриклар ва уларга берилажак жазолар ҳақида келган экан. Сурадаги “Ҳамд оламлар Раббиси Аллоҳга хосдир” деган оят тавҳиддир, “Раҳмли ва Меҳрибон” ояти тавҳиддир, “Бизларни тўғри йўл – Сен уларга инъом этган зотларнинг йўлига ҳидоят қил” ояти тавҳид аҳлининг йўлига ҳидоят қилишни сўрашни ўз ичига олган тавҳиддир, ва ниҳоят, “Ғазабга дучор бўлган ва (йўлдан) адашганларнинг (йўлидан) бошқа” ояти ҳам тавҳидга хилоф иш тутганларни баён қилган”.
Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ яна шундай дейди: “Қуръон сураларининг аксари тавҳиднинг икки турини ўз ичига олган. Негаки, Қуръон ё Аллоҳ ҳамда Унинг исм ва сифатлари ҳақида хабар бериш ёки Унга ибодат қилиш, шериги бўлмаган ҳолда ёлғиз Ўзининг тавҳидига ва Ундан бошқа ибодат қилинадиган барча нарсалардан воз кечишга даъват қилишдан иборатдир. Улардан биринчиси “илмий хабарий тавҳид”, иккинчиси эса “иродий талабий тавҳид” деб номланади. Шунингдек, Қуръон ё буйруқ, қайтариқ ва Аллоҳга итоат этишнинг вожиблигини уқтиришдан иборат бўлиб, бу ишлар тавҳиддан келиб чиқадиган мажбуриятлар ва уни тўлдирувчи ишларнинг баёнидир. Қуръоннинг бошқа бир қисми эса Аллоҳнинг тавҳид аҳлига кўрсатган иззат-икроми, уларга дунёда нималар қилгани ва уларни охиратда қандай инъомлар кутаётгани ҳақидаги хабарлардан иборат бўлиб, бу тавҳид мукофотининг баёнидир. Шунингдек, Қуръонда ширк аҳли, Аллоҳнинг уларга дунёда берган жазоси ва охиратда уларни қаршилажак азоблар ҳақида сўз боради. Бу тавҳиддан чиққан кишининг жазосидир…” (иқтибос тугади).
Қуръон исломий ақидага катта эътибор берганига қарамай, уни ўқиган кўпчилик одамлар ақида борасида соғлом тушунчага эга эмаслар. Шу боис, ақида хусусида турли хатоларга йўл қўядилар, соғлом ақида билан бузуқ ақида ўртасини ажрата олмайдилар. Сабаби, улар ота-боболарининг йўлига эргашган ва Қуръонни тафаккур билан ўқимайдилар.