Бидъат ва хурофотлар: Қабул қилинадиган амалнинг шарти: Ихлос (3)

0

Салафлардан ихлос ҳақида келган нақллар

Салафи солиҳлардан ихлос тўғрисида келган нақллар бениҳоя кўп. Биз қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз.

  1. Ожурий[1] ўз санади билан Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, улар шундай деганлар: «Амалсиз сўз, сўзсиз амал, ниятсиз сўз ва амал фойда бермайди. Шунингдек, суннатга мувофиқ бўлмаса, ният ҳам фойда бермайди»[2].

  2. Ҳаннод ибн Сарий[3] «Зуҳд» китобида ўз санади билан Абул Олиядан[4] ривоят қилишича, у шундай деган: «Эллик йилдан бери бизларга шундай ривоят қилиб келишади: «Амаллар Аллоҳ таолога рўбарў қилинади. Аллоҳ улардан Ўзи учун қилинганларига ишора этиб: «Бу Меники, улар эвазига Ўзим мукофот бераман», дейди. Ўзидан бошқаларга атаб қилинган амалларга қараб: «Буларнинг савобини кимга атаб қилган бўлсангиз, ўшалардан талаб қилинг», дейди»[5].

  3. Яна Ҳаннод ибн Сарий «Зуҳд» китобида ўз санади билан Убода ибн Сомит[6] розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у шундай дейди: «Қиёмат куни дунё келтирилади ва Аллоҳ айтади: «Дунёдан Аллоҳ учун бўлганини ажратинглар ва қолганини дўзахга отинглар»[7].

  4. Абу Нуайм ўз санади билан Мутарриф ибн Абдуллоҳдан[8] ривоят қилишича, у шундай дейди: «Амал солиҳ бўлса, қалб ҳам солиҳ бўлади. Амал солиҳ бўлиши эса ниятнинг дурустлигига боғлиқ»[9].

  5. Абу Нуайм ўз санади билан Яҳё ибн Абу Касирдан[10] ривоят қилишича, у шундай дейди: «Ниятни ўрганинглар. Зеро, у амалдан муҳимроқдир»[11].

  6. Фузайл ибн Иёздан[12] ривоят қилинишича, у Аллоҳ таолонинг «Сизлардан қай бирингиз чиройлироқ амал қилишингизни синаш учун…»[13] деган сўзини тиловат қилиб, унинг тафсирида шундай дейди: «Холис ва тўғри амал қилишингизни…» Одамлар сўрашди: «Эй Абу Али, холис ва тўғри амал қандай амал?» Деди: «Агар амал холис бўлса-ю, тўғри бўлмаса, қабул этилмайди. Шунингдек, тўғри бўлса-ю, холис бўлмаса ҳам, қабул қилинмайди. Балки амал қабул этилиши учун холис ва тўғри бўлиши керак. Амалнинг холислиги унинг Аллоҳ учун қилиниши бўлса, тўғрилиги суннатга мувофиқ келишидир»[14].

  7. Ибн Муборак[15] «Зуҳд» китобида ўз санади билан Зубайд Ёмийдан[16] нақл қилишича, у шундай дейди: «Мен ҳар бир ишда, ҳатто овқатланишда ҳам ниятим бўлишини хуш кўраман»[17].

  8. Яна Ибн Муборак «Зуҳд» китобида Жаъфар ибн Ҳайёндан[18] ривоят қилишича, у шундай дейди: «Бу амалларнинг асоси ниятдир. Зеро, инсон амали билан етиша олмаган даражага нияти билан етиши мумкин»[19].

[1] Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Бағдодий Шофеий фақиҳ ва муҳаддис, ишончли, диёнатли, солиҳ кишилардан бўлган. Кўплаб китоблар ёзган. «Ахлоқул уламо» ва «Аш-шариъат» шулар жумласидан.  Ҳижрий 30 йилда вафот этган («Шазаротуз-заҳаб», 3/35. «Вафаётул-аъён», 4/292).
[2] «Аш-шариъат», 131.
[3] Ҳаннод ибн Сарий ибн Мусъаб Тамимий Доримий ишончли ҳадис ҳофизларидан, зоҳид муҳаддис, Куфанинг шайхи бўлган. Ҳижрий 152 йилда таваллуд топиб, 343 йилда вафот этган («Сиярун-нубало», 11/465. «Шазаротуз-заҳаб», 2/104. «Ал-аълом», 8/96).
[4] Имом, муқриъ, ҳофиз, мужаввид Рафеъ ибн Миҳрон Абул Олия Раёҳий ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларига гувоҳ бўлган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврида Исломга кирган ва у билан учрашган. Аксар муаррихларнинг фикрича, ҳижрий 90 йилда вафот этган («Таҳзибут-таҳзиб», 4/284-286. «Сиярун-нубало», 4/207-213).
[5] Ҳаннод ибн Сарий. «Зуҳд» китоби, 2/436.
[6] Убода ибн Сомит ибн Қайс ибн Асрам Хазражий Ансорий Ақаба кечасидаги ўн икки нақиблардан бири, Бадр жанги иштирокчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Қуръонни жамлаган. Умар розияллоҳу анҳу одамларга Қуръон ўргатиши учун уни Фаластинга юборган. Ҳижрий 34 йили Рамла деган жойда вафот этгунга қадар ўша ерда яшаган («Ал-исоба», 2/260-261. «Таҳзибут-таҳзиб», 5/111-112. «Сиярун-нубало», 2/5-11).
[7] Ҳаннод ибн Сарий. «Китобуз-зуҳд», 2/436.
[8] Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххир Ҳараший Омирий Абу Абдуллоҳ катта тобеинлардан, зоҳид ва обид киши бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида дунёга келган. Басрада яшаб, ҳижрий 87 йилда ўша ерда вафот этган («Ҳиля», 2/198. «Шазаротуз-заҳаб», 1/110. «Ал-аълом», 7/250).
[9] «Ҳилятул авлиё», 2/199.
[10] Яҳё ибн Солиҳ Тоий Ямоний Абу Наср ибн Абу Касир ўз даврида Ямома аҳлининг олими бўлган. Машҳур тобеинлардан илм олган, ишончли муҳаддислардан бўлган. Ҳижрий 129 йилда вафот этган («Табақоту Ибн Саъд», 5/555. «Таҳзибут-таҳзиб», 11/268).
[11] «Ҳилятул авлиё», 3/70.
[12] Абу Али Фузайл ибн Иёз ибн Масъуд машҳур зоҳид, обид ва ишончли имом асли Толиқондан бўлган. Ҳаётининг дастлабки даврида қароқчилик билан шуғулланган. Сўнг бу ишидан тавба қилиб, зоҳидликни ихтиёр қилади ва Куфада ҳадис илмини таҳсил олади. Сўнг Маккага кўчиб ўтиб, то ҳижрий 187 йил вафот этгунга қадар ўша ерда яшайди («Ҳилятул авлиё», 8/84. «Сиярун-нубало», 8/421. «Таҳзибут-таҳзиб», 8/294. «Вафаётул аъён», 4/47).
[13] Ҳуд сураси, 7. Мулк сураси, 2.
[14] «Ҳилятул авлиё», 8/95. Қаранг: «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 10/199, «Жомеъул улум вал-ҳикам», 10, «Мадорижус-соликийн», 2/89, «Мажмуъул фатово», 3/124.
[15] Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Возиҳ ишончли олим, обид, мужоҳид имомдир. Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик ва бошқа имомлар қўлида таҳсил олган. Бир вақтнинг ўзида мужоҳид, олим ва эҳсонсевар бойлардан бўлган. Ҳар йили фақирларга юз минг дирҳам эҳсон қилар эди. Ҳижрий 181 йилда ғазотдан қайтар экан, йўлда вафот этади («Сиярун-нубало», 8/378, «Ҳилятул авлиё», 8/162, «Таҳзибут-таҳзиб», 5/382, «Вафаётул аъён», 3/32).
[16] Зубайд ибн Ҳорис ибн Абдулкарим ибн Амр ибн Каъб Ёмий. Мурра ибн Шураҳбил, Иброҳим Нахаий ва Мужоҳиддан ҳадис ривоят қилган. Суфён Саврий ва бошқалар эса ундан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 123 йилда вафот этган («Таҳзибут-таҳзиб», 3/310-311. «Тақрибут-таҳзиб», 1/257. «Ал-ибар», 1/119).
[17] Ибн Муборак. «Зуҳд», 65.
[18] Жаъфар ибн Ҳайён Уторудий Харроз Зарир Басрий Абул Ашҳаб ҳижрий 70 йилда туғилган. Катта тобеинларни кўрган. Ундан кўп муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган. Ибн Муборак ва Яҳё Ал-Қаттон шулар жумласидан. Ҳижрий 195 йилда вафот этган («Сиярун-нубало», 7/286. «Табақоту Ибн Саъд», 7/274. «Таҳзибут-таҳзиб», 3/88.
[19] Ибн Муборак. «Зуҳд», 63.

Изоҳ қолдиринг