Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (5)

0

 Саккизинчи сабаб: Ушбу далолатга зид келадиган ва бу сўздан у нарса кўзда тутилмаганини исботловчи бошқа далил борлигига ишониши. Масалан, омга хоснинг, мутлаққа муқайяд (чекланган нарса)нинг, мутлақ амрга вожибликни рад қиладиган нарсанинг, ҳақиқатга мажозни ифодаловчи нарсанинг зид келиши кабилар. Бу ҳам ғоят кенг ва бепоён соҳа. Зеро, сўзларнинг далолатлари бир-бирига зид келиши ва уларнинг баъзиларини бошқаларидан устунлигини исботлаш илми чексиз уммон кабидир.

Тўққизинчи сабаб: Ҳадис унинг заифлигини, ё мансухлигини, ёки агар таъвилни қабул қиладиган ҳадислардан бўлса, таъвил қилинганлигини исботловчи оят, ё бошқа бир ҳадис, ё ижмоъ каби унга бемалол қарши тура оладиган бирор далилга муориз (қарши келган), деб эътиқод қилиши.

Бу икки турлидир: Бири шуки, бу муоризни (қарши келувчини) умуман олганда рожиҳ (устун) деб эътиқод қилади-да, учаласидан бири – қайсиниси экани аниқ бўлмаган ҳолда – таъйин топади. Гоҳо улардан бирини мансух ёки таъвил этилган деган эътиқод билан муайян қилади.

Кейин баъзан мансух дейишда хато қилади, мутааххирни мутақаддим (яъни кейин айтилган ҳадисни олдин айтилган) деб билади, баъзан ҳадисни лафзидан бошқа маънога таъвил қилиб, таъвилда хато қилади.

Агар унга жумла жиҳатидан муориз бўлса, гоҳо бу муориз далолат қилувчи бўлмаслиги мумкин, гоҳо муориз саналган ҳадис санади ёки матнида биринчи ҳадиснинг қувватида бўлмаслиги мумкин. Бу ерда биринчи ҳадис борасида юқорида ўтган ва бошқа сабаблар келади.

Кўпинча даъво қилинган ижмоъ – мухолиф (яъни ижмоъ дейилган нарсанинг зиддига айтилган сўз) ҳақида билимга эга бўлмаслик бўлади[1]. Биз айрим таниқли уламоларнинг баъзи сўзларни айтишганини биламизки, бундай дейишга уларнинг мухолиф ҳақида илмга эга эмасликлари сабаб бўлган. Ҳолбуки, улардаги далиллар бунинг зиддини тақозо қилади.

Олим киши дафъатан ўзидан аввал биров айтгани маълум бўлмаган бир сўзни – одамлар унинг зиддини айтишганини билатуриб – айтиши мумкин эмас. Шу боис баъзилар сўзни муаллақ (ноаниқ) ҳолда қолдириб: «Агар бу масалада ижмоъ бўлса, ўшанга эргашиш лойиқроқ, ундай бўлмаса, менинг наздимда бу ҳақдаги сўз шундай-шундайдир», дейдилар.

Масалан, баъзи бировлар: «Қулнинг гувоҳлигини инобатга оладиган бирон олимни билмайман», деб айтади, ҳолбуки Али, Анас, Шурайҳ ва бошқалар уни қабул қилганлари маълум.

Ёки бўлмаса: «Бир қисми озод қилинган қул мерос олишга ҳақли эмаслигига ижмоъ бор», дейди, ҳолбуки, Али ва Ибн Масъуд унинг мерос олишини (ва мерос қолдиришини) айтганлар, бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳасан ҳадис ҳам мавжуд.

Яна кимдир айтади: «Намозда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишни вожиб деб кўрган бирон олимни билмайман». Ҳолбуки, Абу Жаъфар ал-Боқир уни вожиб санаган.

Бу ҳолнинг сабаби шуки, кўпгина уламолар, нари борса, ўзининг диёридаги аҳли илмларнинг ва бошқа жамоатларнинг сўзларини билишади ва бу энг кўп учрайдиган ҳолдир. Ўтган уламоларнинг кўпчилиги асосан мадиналик ёки куфаликларнинг сўзини яхши биладилар. Кейинги давр уламоларидан кўплари эса буюк имомлардан икки-учталарининг сўзларинигина билишади, ўшаларнинг сўзларидан бошқа ҳар бир сўз улар наздида ижмоъга хилоф ҳисобланади, чунки уни ким айтганидан хабарлари йўқ ва унга тескари сўзни тинмай эшитиб келганлар. Бу эса улар билган маънонинг хилофида келган ҳадисни – ижмоъга хилоф бўлиб чиқишидан қўрққанларидан ва ижмоъ энг катта ҳужжатлардан бўлгани боис  – қабул қилишларига имкон бермайди. Жуда кўп олимларнинг бир талай нарсаларни тарк қилишларидаги узрлари шудир. Айримлари ҳақиқатан маъзурдирлар, айримлари узрли кўринса-да, аслида ундай эмаслар. Шунингдек, бундан аввалги ва кейинги сабаблар ҳақида ҳам гап шу.

[1] Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Ас-савоиқул мурсала” китобида (2/576) шу ҳақда сўз юритиб, жумладан, шундай дейди: “Баъзан бир ҳадисни, унинг зиддига ижмоъ бор ва бу гапга қарши хилоф борлигини билмаймиз, деган гумонда тарк қилади. Аслида, унда мухолифнинг борлиги ҳақида илм эмас, балки умуман мухолиф ҳақида маълумот бўлмайди. Салаф имомларидан ҳеч ким бундай қилмаган, балки бу гапни кейингилар айтганлар. Имом Шофеий ва Имом Аҳмадлар бундай қилишни нотўғри санаганлар. Шофеий: “Хилофи маълум бўлмаган нарсага ижмоъ дейилавермайди”, деган. Аҳмад: “Ким ижмоъни даъво қилса, ёлғон айтибди, қаердан билади, балки одамлар унинг хилофини айтгандир”, деган” (таржимон изоҳи).

Изоҳ қолдиринг