Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Тулайҳа Асадий фитнасига барҳам берилиши

0

Тулайҳа Асадий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирги даврида пайғамбарлик даъвоси билан чиққан учта ёлғончининг бири эди. Унинг тўлиқ исми Тулайҳа ибн Хувайлид ибн Нафвал ибн Назла Асадий бўлиб, ҳижрий 9 йили қавмининг вакиллари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган эди. (Ўша йили бошқа юрт ва эллардан ҳам элчилар келгани учун Ислом тарихида “элчилар йили” деб ном олган). Улар у зот билан саломлашганларидан сўнг миннат қилиб: “Биз сиз тарафингиздан одам бормаса-да, ўзимиз ҳузурингизга ягона Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқлигига ва сиз Унинг бандаси ва пайғамбари эканингизга гувоҳлик бериб келдик, биз ортимиздагилар номидан вакилмиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Эй Пайғамбар, ўша бадавийлар сизга Исломни қабул қилишгани, сизга эргашишаётгани ва сизга ёрдам беришаётгани билан миннат қиладилар. Уларга айтинг: «Сизлар менга Исломга кирганингизни миннат қилманглар. Чунки бунинг фойдаси фақат ўзингизгадир. Агар иймонингизда содиқ бўлсангизлар, сизларни иймонга муваффақ қилиб қўйгани учун миннат Аллоҳга хосдир». (Ҳужурот сураси, 17).

Қайтиб борганларидан сўнг Тулайҳа муртад бўлиб, пайғамбарлик даъвосини кўтариб чиқди. Самиро деган жойни ўзига қароргоҳ қилди. Кўпчилик авом халқ унга эргашди, овозаси атрофга ёйила бошлади. Илк бор одамларнинг йўлдан озишларига ва унга эргашишларига сабаб бўлган ишларидан бири шу бўлдики, у қавми билан бирга сафарда эканида сувлари тугаб, сувсизликдан қийналиб қолишади, шунда у қофияли қилиб: “Мининглар аълолга, боринглар амёлга, йўлиқасиз балолга”[1], дейди. Унинг айтганини қилишганида ҳақиқатан сув топадилар, шу воқеа бадавийлар орасида унинг фитнаси ёйилишига сабаб бўлади[2].

Унинг уйдирма динидаги янгиликлардан бири намоздан саждани олиб ташлаши бўлди, у ўзига самодан ваҳий келади, деб даъво қиларди. Ўзига хўп бино қўйди, иши кучайди, шавкати ортди. У ҳақдаги гап-сўзлар етиб келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарши урушиш учун Зирор ибн Азват Асадий бошчилигида бир гуруҳни юбордилар. Лекин Зирор унга бас келолмади, сабаби у атрофига анчагина одам йиғишга улгурган, иккита катта қабила – Бани Асад ва Ғатафон аҳли унга эргашган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган пайтларида ҳали Тулайҳанинг иши барҳам топмаган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан сўнг қўшин ҳозирлаб, муртад қавмларга қарши йўллади. Тулайҳанинг қавмига қарши Холид ибн Валид бошчилигида қўшин юборди. Имом Аҳмад ривоят қилади: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидни қўшинга бош қилиб юборар экан, унга: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳнинг қули ва ўз қабиласи сардори Холид ибн Валид нақадар яхши инсон! У Аллоҳнинг кофир ва мунофиқларга қарши суғурган қиличларидан бир қиличидир”, деганларини эшитганман”, деди”[3].

Абу Бакр Холидга аввал Тулайҳа Асадий устига юриш қилишни, унинг ишини ҳал қилганидан сўнг Бани Тамимга йўл олишни буюрди. Тулайҳа қўли остида Бани Асад, Ғатафон, Бани Абс ва Зубён қабилаларидан йиғилган аскарлар бор эди. У Бани Жадила қабиласига ва Той қабиласининг Ғавс уруғига ҳам одам юбориб, уларни ўзига қўшилишга чорлаган, улардан баъзилари унга  мадад кучлари юборишни ҳам бошлаган эди. Абу Бакр Сиддиқ Холидни юборишидан олдинроқ Адий ибн Ҳотимни ўз қавми Бани Тойга юборган ва унга, қавмингни Тулайҳага қўшилиб кетишидан тўхтат, акс ҳолда, уларнинг ҳолига вой бўлади, деб тайинлаган эди. Адий қавмига бориб, уларга кўп насиҳат қилди, уларни Сиддиққа байъат беришга чақирди, Тулайҳага қўшилишнинг аянчли оқибатларидан огоҳлантирди. Улар олдин: “Биз ҳеч қачон у бўталоққа байъат бермаймиз”, деб бош тортишди (“бакр”нинг маъноси туя бўлгани учун уни камситиб, шундай дейишди). Адий: “Аллоҳга қасамки, унинг қўшини устингизга бостириб келиб, сизларни шундай қирғин қиладики, шунда унинг бўталоқ эмас, улкан нортуя эканини тушуниб етасизлар”, деди. Шу каби гаплар билан охир-оқибат уларни Исломга мойил қилиб, Тулайҳага эргашиб кетишдан тўхтатиб қолди.

Холиднинг қўшини етиб келди. Қўшиннинг олди қисмида ансорлардан Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг гуруҳи бор эди. У Собит ибн Ақрам билан Укоша ибн Миҳсанни душманнинг вазиятини ўрганиш учун (разведкага) юборди. Улар қаршисидан Тулайҳанинг Ҳиёл исмли жияни чиққан эди, уни ўлдирдилар. Бу хабар Тулайҳага етгач, укаси Салама билан келиб, Собит ва Укошага ҳамла қилди, Тулайҳа Укошани, Салама эса Собит ибн Ақрамни ўлдирди. Холид етиб келгач, икки баҳодир жангчиси ўлдирилганини кўрди, бу ҳодиса мусулмонларга оғир ботди.

Холид даставвал Той қабиласи томонга бурилганида унинг йўлига Адий ибн Ҳотим чиқди ва: “Менга уч кун муҳлат бер, чунки қавмим мендан шунча вақт муҳлат сўраган. Улар олдинроқ Тулайҳа ҳузурига юборган одамлари қайтиб келишини кутмоқчи, чунки агар Тулайҳадан юз ўгиришгани хабари унга етса, одамларимизни ўлдириб юборишидан қўрқишяпти. Шундай қилишинг шошилиб уларни дўзах сари равона қилганингдан кўра яхшироқ”, деди. Уч кундан сўнг Адий беш юз жангчи билан келиб, Холиднинг қўшини сафига қўшилди.

Сўнг Холид ибн Валид Бани Жадила устига юриш бошламоқчи бўлганида Адий унга: “Эй Холид, менга бир неча кун вақт бер, улар ҳузурига бориб гаплашиб кўрай, шояд Аллоҳ уларни ҳам Ғавсни қутқарганидек қутқарар”, деди. Сўнг Адий улар ҳузурига бориб, бошлиқлари билан гаплашди, баҳс-мунозара олиб борди ва охир-оқибат уларни ҳақ йўлга, мусулмонлар сафига қайтарди ва улардан минг отлиқ аскарни олиб келиб, Холид қўшини сафига қўшди. Адий ибн Ҳотимдан Аллоҳ рози бўлсин, у қавмининг энг яхши фарзанди ва уларга энг кўп барака келтирган киши  бўлди[4].

 

[1] Аълол – отининг номи, амёл – бир неча мил, балол – сув (намлик).
[2] Муҳаммад Аҳмад Бошмил, “Ҳуруб ар-ридда” (79-бет).
[3] “Муснади Аҳмад” (1/173).
[4] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/322).

Изоҳ қолдиринг