Қирқ ҳадис: Ўн биринчи ҳадис

0

Ўн биринчи ҳадис

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг неваралари ва райҳони  – Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу сўзларини ёдлаб олдим: «Сенга шубҳали бўлган нарсани ташлаб, шубҳасизига ўт». (Термизий ва Насоий ривояти. Термизий: «Ҳасан саҳиҳ ҳадис», деган.)

Шарҳ

Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «сибт»ларидир. Араб тилида қизнинг фарзандларига «сибт», ўғилнинг фарзандларига эса «ҳафид» дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасанни «саййид» (улуғ зот, бошлиқ) деб сифатлаб шундай деганлар: «Дарҳақиқат, бу ўғлим саййиддир. Аллоҳ у сабабли икки мусулмон тоифа ўртасини ислоҳ этажак»[1]. Чиндан ҳам шундай бўлди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлиб, Ҳасанга байъат қилингач, у халифаликдан воз кечиб, уни Муовия розияллоҳу анҳуга топширди. Шундай қилиб, бу иш сабабли Муовия билан Али (иккисидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин) тарафдорлари ўртаси ислоҳ топди ва бу иш ортидан кўп яхшиликлар келиб чиқди.

Ҳасан укаси Ҳусайндан афзалдир. Бироқ рофизий-шиалар Ҳусайнга осилдилар. Чунки унинг фожиали тарзда қатл этилиш қиссаси одамларда ғам-андуҳларни қўзғатади. Улар шуни ўзларига баҳона қилиб олдилар. Агар уларнинг Пайғамбар алайҳиссалом хонадонларини ҳурмат қилиши рост бўлганида Ҳусайндан кўра Ҳасанни ушлар эдилар. Чунки у Ҳусайндан афзалдир.

Ҳадисдаги «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг … райҳони», деган сўзга келсак, райҳон барчамизга маълум бўлган хушбўй гул. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам неваралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумони «икки райҳоним»[2], дея васф этганлар.

«Сенга шубҳали бўлган нарсани ташлаб, шубҳасизига ўт».

Ушбу ҳадис «жавомеъул калим», яъни кўп маъноларни ўзида мужассам этган сўзлардандир. Агар банда бу сўзга риоя қилса, унинг учун энг фойдали сўзлардан бўлади. Зеро, ҳаётда инсонга кўп ишларда турли шубҳалар келади. Шундай пайтларда унга: «Саломат ва хотиржам бўлишни истасанг, шубҳали бўлган ишни ташлаб, шубҳасизини ол», дейилади. Ҳар қандай ишда шубҳа, хижиллик, изтироб пайдо бўлдими, бундай ишни қўйиб, бошқасига – шак-шубҳасизига ўтиш лозим. Аммо бу ҳолат васваса даражасига бориб қолса, унга  эътибор бермаслик талаб этилади.

Шак ҳолатлари ибодатларда, кундалик олди-бердиларда, никоҳда ҳамда барча илм бобларида бўлиши мумкин.

Ибодатлардаги шубҳага мисол:

Бир кишининг таҳорати бузилди. Орадан бир муддат ўтиб, намоз ўқиди. Намоздан кейин иккиланиб қолди: таҳорати бузилгандан кейин қайта таҳорат олганмиди, йўқми? Шубҳага тушиб қолди. Агар таҳорат олган бўлса, намози дуруст, акс ҳолда, ўқиган намози ботил бўлади.

Мазкур ҳолатда шубҳали ишни қўйиб, шубҳасиз ишга ўтиш тавсия этилади. Шубҳали иш ўқилган намознинг дурустлиги бўлса, шубҳасизи қайтадан таҳорат олиб, намоз ўқишдир.

Ўтган мисолнинг тескариси: бир киши таҳорат олиб, намоз ўқиди. Сўнг иккиланиб қолди: намоздан олдин таҳорати бузилганмиди, йўқми?

Бундай киши ҳам шубҳали ишни ташлаб, шубҳасизига ўтиши лозим. Бу инсон таҳорат қилганини аниқ билади. Бироқ таҳоратдан кейин унинг бузилган ёки бузилмаганлигида шак қиляпти. Бу ўринда ташланиши лозим бўлган нарса таҳоратим бузилдими, йўқми, деган шакдир. Бинобарин, кўнгилни хотиржам қилиб, аниқ билгани – таҳорат олганига суянади, таҳоратим бузилди, деган шубҳани тарк этиб, намозини ўқийверади.

Никоҳдаги шакка мисол:

Бир инсон никоҳга гувоҳлик қилган икки шоҳиднинг омонатдор ва диёнатли эканида шубҳа қилди. Мазкур ҳолатда, модомики, гувоҳлар иштирокида никоҳ ўқилган бўлса, никоҳ шартномаси дуруст ҳисобланади. Энди гувоҳлар хусусида шак қилишга ҳожат йўқ. Чунки асл қоидага кўра, шартноманинг ботиллигини кўрсатадиган аниқ исбот-далил зоҳир бўлмагунча, тузилган ақдлар – шартномалар саҳиҳ ва дуруст саналади, пайдо бўлган шак-шубҳалар унинг дурустлигига таъсир қилмайди.

Эмизишдаги шакка мисол:

Бировнинг боласини эмизган аёл уни тўрт ёки беш марта эмизганида шак қилиб қолди. Тўрт марта эмизгани аниқ, бешинчисида шубҳа бор. Аёл шакни ташлаб, аниғини олади. Яъни тўрт марта эмизган деб ҳисоблайди. Демак, эмизиш беш мартадан кам бўлгани учун аёл унга эмикдош она бўлолмайди.

Албатта, шубҳали ишларни тарк этиш қоидаси ҳақиқатда кенг қамровли, айни пайтда жуда тўғри ва фойдали қоида ҳисобланади. Ҳар бир инсон бу қоидага амал қилиб яшаса, ҳаётда кўп яхшиликларни қўлга киритади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, шубҳали нарсаларни тарк этиш васваса даражасига бориб қолмаслиги керак. Агар у васваса даражасига борса, унга эътибор берилмайди. Васвасага эътибор қилмасликнинг ўзи ҳам шубҳали нарсани қўйиб, шубҳасизига ўтиш саналади. Шунинг учун уламолар «Шак кўпайса, унга эътибор берилмайди», дейишган. Чунки у бу ҳолатда васваса ҳисобланади. Шакнинг кўпайиш аломати шундаки, инсон нима амал қилмасин, албатта, шубҳа аралашади. Таҳорат қилса, таҳоратида, намоз ўқиса, намозида шак қилади. Демак, бу шак васваса бўлиб, унга эътибор бермаслик лозим.

Бошқа бир мисол:

Бир кишининг кийимига нажосат тегди ва уни ювди. Сўнг кийимдан нажосат кетган-кетмаганига шак қилди. Мазкур ҳолатда уни қайтадан ювади. Чунки кийимга нажосат теккани аниқ ва унинг кетганида шак бор. Бинобарин, шакни ташлаб, аниқ билинган ишга қайтилади. Шунга кўра, кийим то ундаги нажосат кетгани аниқ бўлгунча ёки нажосат кетди, деган гумон пайдо бўлгунча ювилади.

«Термизий ва Насоий ривояти. Термизий: «Ҳасан саҳиҳ ҳадис», деган».

Ушбу ҳадис Термизий айтганидек саҳиҳдир. Аммо Термизий бир вақтнинг ўзида ҳадисни ҳам саҳиҳ, ҳам ҳасан дейиши муаммо туғдиради. Маълумки, саҳиҳ ҳадис ҳасан ҳадисдан фарқ қилади. Зеро, уламолар ҳадисни беш турга: 1) «саҳиҳ ли зотиҳи», 2) «саҳиҳ ли ғайриҳи», 3) «ҳасан ли зотиҳи», 4) «ҳасан ли ғайриҳи» ва 5) «заиф»га бўлганлар.

Бинобарин, қандай қилиб бир ҳадисни иккита бир-бирига зид сифатлар билан сифатлаш мумкин?!

Уламолар бу муаммога шундай жавоб берганлар: агар муҳаддис ҳадисни «ҳасан саҳиҳ», деб сифатлаган бўлса, демак, унинг ё битта санади бўлиб, унинг саҳиҳ ёки ҳасан даражасига мансублигида шак қилган, ё унинг иккита санади бўлиб, улардан бири саҳиҳ, бошқаси эса ҳасан бўлган.

Шу ўринда бир фойда бор: фақат «саҳиҳ», деб сифатланган ҳадис кучлими ёки «ҳасан саҳиҳ» деб сифатланган ҳадисми?

Жавоб: агар ҳадис икки санад орқали ривоят қилинган бўлса, у ҳолда «ҳасан саҳиҳ» деб сифатланган ҳадис фақат «саҳиҳ» деб сифатланган ҳадисдан кучлироқдир. Аммо ҳадис битта санад орқали ривоят қилинган бўлса, унда «ҳасан саҳиҳ» «саҳиҳ»га қараганда заифроқдир. Чунки ҳадисни ривоят қилган муҳаддис унинг саҳиҳ даражасига етган-етмаганида шак қилган бўлади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ҳадисдаги «Сенга шубҳали бўлган нарсани ташлаб, шубҳасизига ўт», деган сўздан маълум бўладики, Ислом дини инсонларнинг шак ва изтиробда қолишларини хоҳламайди.

  2. Кўнгли хотиржам ва таскин топишини истаган киши шакдан йироқ бўлиши лозим. Айниқса, бирон ибодатдан фориғ бўлган инсон амал ниҳоясига етгандан кейин келган шак-шубҳаларга эътибор бермаслиги керак. Масалан, бир киши Каъбани тавоф қилиб бўлиб, Мақоми Иброҳимда намоз ўқимоқчи бўлиб турганида кўнглига «Олти марта тавоф қилдимми ёки етти марта», деган шак келса, нима қилади?

Жавоб: бундай киши олти марта тавоф қилганини аниқ билмаса, ҳеч нарса қилмасдан ибодатини давом эттираверади. Чунки шак ибодат тугагандан кейин пайдо бўлган. Олти марта тавоф қилгани аниқ маълум бўлган тақдирда эса, орадан узоқ вақт ўтмаган бўлса, еттинчи бор тавоф қилади.

Бошқа бир мисол:

Бир киши салом бериб намозни тугатди. Сўнг уч ракаат ўқидими ёки тўрт ракаатлигида шак қилди. Бу ҳолатда нима қилади?

Жавоб: Шакка эътибор бермайди. Чунки уч ракаат ўқигани аниқ бўлмаса, шунчаки шакнинг пайдо бўлиши намознинг дурустлигига таъсир этмайди. Аммо намозни уч ракаат ўқигани аниқ бўлса, у ҳолда, модомики, орадан узоқ вақт ўтмаган бўлса, ўрнидан туриб тўртинчи ракаатни ўқийди, охирида саждаи саҳв қилиб, салом бериб намозини тугатади.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга «жавомеъул калим», яъни қисқа сўзлар билан сермазмун ва кўп маъноларни ифода этиш лаёқати берилган эди. Зеро, «Сенга шубҳали бўлган нарсани ташлаб, шубҳасизига ўт», деган ушбу икки жумла далолат қилган маъноларни баён этиш учун катта ҳажмдаги икки жилд китоб озлик қилиши мумкин. Аллоҳнинг у зотга салом ва салавотлари бўлсин!

[1] Бухорий, 2704.
[2] Бухорий, 3753.

Изоҳ қолдиринг