Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (7)

0

Диний мажбуриятлардан мурод одамни қийнашми?

(Давоми)

Ушбу динни енгил ва фитратга мос қилиб қўйган Зот покдир. Динимизда мушкуллик қилиб қўймаган, бизга тоқатимиз етмайдиган топшириқларни юклаб қўймаган Аллоҳ пок Зотдир!

Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Ҳузуримда бир аёл ўтирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб қолдилар. Шунда у зот: «Бу аёл ким?» деб сўрадилар. Мен: «Ухламасдан намоз ўқиб чиқадиган аёл экан», дедим. У зот: «Тоқатларингиз етганича амал қилинглар. Аллоҳга қасамки, сизлар чарчамагунингизча Аллоҳ ҳам (ажр-савобларни беришдан) чарчамайди», дедилар. У кишига диндаги энг суюкли амал бардавом бўлган амал эди”[1].

Агар «Мажбурият тоқатга яраша бўлади», дейилганда, бу гап тўғри бўлар эди. Чунки мажбурият қаршисида хаста киши соғлом киши каби эмас.

Агар намозхон қиёмда туриш ёки қироат, ё руку, ё сажда, ёки авратни ёпиш, ёки қиблага юзланиш, ёки шу каби намознинг баъзи вожиботларини адо этишдан ожиз бўлса, ўша ожиз қолган қисми ундан соқит бўлишига барча мусулмонлар иттифоқ қилганлар.

Бандага қатъий ирода билан адо этишга имкони бўлган ишгина вожибдир.

Шариатнинг кўп ўринларида агар касаллик туфайли сув билан покланиш, рўза тутиш каби ўзи қодир бўлган бирор ишни қилиши ортидан бандага зарар етадиган бўлса, Аллоҳ таолонинг: Аллоҳ (ўз қонун-қоидаларида) сизларга енгиллик ва қулайликни истайди, У сизларга қийинчилик ва машаққат бўлишини истамайди(Бақара сураси, 185), оятига биноан у одам ўша ишдан ожиз кишининг даражасига туширилган саналади”[2].Усулий қоидалардан бири:

«Машаққат ортидан енгилликни эргаштириб келади». Шунингдек, «Қачонки ҳолат танг бўлса, кенгаяди». Тоатлардан кўзланган мақсад мукаллаф (жавобгар)га фойда етказишдир, унга машаққат туғдириш эмас. Токи у тоат-ибодатни ҳузур билан, тетик руҳда адо қилсин. «Мукаллаф ажри буюклигини ҳисобга олиб, машаққатни кўзлаши керак эмас, балки машаққати катта бўлгани ҳисобига ажри буюк амални ўша амал нуқтаи назаридан келиб чиқиб мақсад қилиши лозим»[3].

Чунончи, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандалар учун қийинчилик ва машаққатни хоҳламайди. Саҳиҳ ҳадисда ҳам: «Дарҳақиқат, бу дин қаттиқ-пишиқ диндир. Бас, унга юмшоқлик билан кириб боринглар»,[4] деб келган.

Шунингдек, шайтоннинг инсон қалбига кириб борадиган йўлакларидан бири бепарволик бўлса, яна бири ғулув кетиб, ҳаддан ошишдир. Шундай экан, шайтон васвасаларидан эҳтиёт бўлишимиз, қалбларимизни ўша шайтоний васвасалардан поклашимиз даркор. Салафлардан баъзилари айтганидек: «Аллоҳ бирор нарсага буюрар экан, унда шайтоннинг иккита васвасаси бор: ё тафрит (бепарволик) томон бошлайди, ёки ҳаддан ошиш бўлган ифротга қараб тортади. Шайтон учун бу иккисининг қайси бири билан зафар қозонишининг фарқи йўқ, хоҳ зиёда қилиш билан билан бўлсин, хоҳ ноқис қилиш билан»[5].

Савобу ҳасанотларни кўпайтиради, деган эътиқодда машаққатни кўзлашга келсак, у бузилган, роҳиблик ва динни ҳаётдан ажратадиган насронийликнинг таъсиридандир. Ислом эса, ибодатларда мўътадил бўлишга чақиради. Чунки шундай қилиниши ибодатга тетиклик ва ғайрат билан юзланишни таъминлайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (масжидга) кириб қарасалар, икки устун орасига арқон тортиб қўйилган экан. Шунда у зот: «Бу қандай арқон?» деб сўрадилар.

«Бу Зайнабнинг арқони. Қачонки (намозда) қуввати тугаб (чарчаб) қолса, шу арқонга осилиб олади», деб жавоб беришди.

Шунда у зот: «Йўқ, уни ечиб ташланглар. Бирортангиз ғайрат қилганда (нафл) намоз ўқисин, сўнг малолланса ёки чарчаб қолса, ўтириб олсин», дедилар”[6].

Зеро, мақсад Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб, итоат қилишдир. Бунда эса мукаллаф учун машаққат эмас, балки манфаат бор.

[1] Бухорий (43), Муслим (785) ривояти. Матн Муслимга оид.

[2] Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово» (8/438-439).

[3] Шотибий, «Мувофақот» (2/86).

[4] Имом Аҳмад Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (2246) «ҳасан» деган.

[5] «Таҳзибу мадорижис-соликийн» (333-бет).

[6] Бухорий (1150), Муслим (784).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг