Намоз: Намознинг шартлари (1)

0

Шарт нима дегани?

Усул уламоларининг истилоҳига кўра, «йўқлиги йўқликни тақозо этадиган нарса»га шарт дейилади. Бошқача қилиб айтганда, шарт рўёбга чиқмаса, амал дуруст бўлмайди. Намоз ўқиш учун таҳорат олиш шарт дейилса, демак, унинг бошидан охиригача ушбу шарт топилган бўлиши вожиб. Шунга кўра, таҳорат бузилса, намоз ботил бўлади ва уни қайтадан ўқиш вожибдир.

Қуйидагилар намознинг шартларидир:

Биринчидан, намоз вақти кирганини билиш.

Намоз дуруст бўлиши учун инсон вақт кирганини аниқ билиши ёки катта эҳтимолга кўра, вақт кирган, деган гумонга бориши лозим. Инсон вақт кирганини ўзи изланиб, ишончли кишининг хабаридан келиб чиқиб ёки шунга ўхшаш бошқа бирон йўл билан билиши лозим[1].

Иккинчидан, кичик ва катта таҳоратсизликдан пок бўлиш.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, агар намоз ўқимоқчи бўлсангиз, юзларингини ва қўлларингизни тирсаклари билан қўшиб ювингиз, бошингизга масҳ тортингиз ҳамда оёқларингизни тўпиқлари билан қўшиб ювингиз. Агар жунуб бўлсангиз, (яхшилаб) покланингиз» (Моида сураси, 6).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таҳоратсиз (ўқилган) намозни ва тақсимланишидан олдин (ўғирлаб) олинган ўлжадан берилган садақани қабул этмайди»[2].

Катта (жунублик) ва кичик таҳоратсизликдан покланиш ҳукми:

Намоз дуруст бўлиши учун катта ва кичик таҳоратсизликдан покланиш вожиб эканига уламолар ижмо қилишган.

Дарҳақиқат, «Таҳорат китоби»да катта ва кичик таҳоратсизликдан покланишга доир ҳукмлар баён қилинди.

Учинчидан, кийим, бадан ва жойнинг тоза бўлиши.

Кийим, бадан ва намоз ўқиладиган жойнинг тоза бўлиши шартлигига далолат қиладиган далиллар келган.

Намозда кийим тоза бўлиши шартлигига далил:

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар ва (намозда) шиппакларини ечдилар. Буни кўрган одамлар ҳам шиппакларини ечдилар. Намозни тугатгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга айтдилар: «Нега (шиппакларингизни) ечдингиз?». Одамлар айтишди: «Сизнинг ечганингизни кўриб, биз ҳам ечдик». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаброил келиб, шиппагимда нажосат борлигини хабар берди», дедилар»[3].

Намоз ўқиладиган жой тоза бўлиши шартлигига далил:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий ўрнидан туриб масжидда пешоб қилди. Одамлар уни бу ишдан қайтариш учун унинг олдига бордилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни ўз ҳолига қўйинглар ва пешоби устидан бир челак сув оқизинглар. Зеро, сизлар енгиллатувчи бўлиб юборилгансизлар, қийинлаштирувчи эмас», дедилар»[4].

Бадан тоза бўлиши шартлигига далил:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги бир боғнинг яқинидан ўтар эканлар, қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар ва шундай дедилар: «У иккиси азобланяпти. Улар (сақланиш қийин ва машаққатли бўлган) катта ишни деб азобланаётганлари йўқ. Улардан бири сийдигидан (яъни унинг бадан ёки кийимига тегишидан) сақланмас (Муслимдаги бир ривоятда: «сийдигидан покланмас»), бошқа бири эса, (одамлар ўртасида) чақимчилик қилиб юрар эди»[5].

Кийим, бадан ва намоз ўқиладиган жой тоза бўлишининг ҳукми:

Ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаблари уламоларидан иборат аксар уламоларнинг фикрича, намоз дуруст бўлиши учун кийим, бадан ва намоз ўқиладиган жойнинг тоза бўлиши шартдир. Имом Моликдан бу борада икки хил фикр нақл қилинган. Биринчисига кўра, мазкур нарсаларнинг пок бўлиши фарз эмас, балки суннат. Иккинчисига кўра, эсда борида фарз, эсдан чиққанида эса соқит бўлади. Имом Шофеийга оид икки фикрнинг олдингисига кўра, мазкур нарсалардаги нажосатни кетказиш шарт даражасида эмас[6].

Шавконий раҳимаҳуллоҳнинг фикрича, нажосатни кетказиш шарт эмас, балки вожибдир. Фарқ шундаки, мазкур нарсалардан бирида нажосат бўлгани ҳолда намоз ўқилса, вожиб тарк қилинган бўлади, бироқ намоз ботил бўлмайди. Аммо нажосатни кетказиш шарт дейилса, у ҳолда намозни қайтадан ўқиш вожиб бўлади. Шавконий ўз фикрини исботлаш учун келтирган далил бундай: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда нажосат теккан шиппакларини ечганларидан кейин қайтадан намоз ўқимадилар. Аксинча, келган жойидан давом эттирдилар. Агар нажосатни кетказиш шарт бўлганида, намозни қайтадан ўқиган бўлур эдилар.

[1] Намоз вақтларини билиш йўли «Намоз вақтлари» мавзусида батафсил баён қилинган эди.
[2] Муслим (224), Термизий (1), Ибн Ҳиббон (3366), Ибн Можа (272) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (650), Аҳмад (3\20), Доримий (1378)ривояти. Ҳадисни Албоний «Ал-ирво»да (284) саҳиҳ деган.
[4] Бухорий (220, 221, 6128), Муслим (284), Абу Довуд (380), Термизий (147) ва Насоий (3/14) ривоят қилишган.
[5] Бухорий (216, 217), Муслим (292), Абу Довуд (20), Термизий (70), Насоий (1\ 28, 30) ва Ибн Можа (347) ривоят қилганлар.
[6]Қаранг: «Найлул автор», 2/119. Нававий Имом Шофеийдан учинчи бир фикрни нақл қилган. Унга кўра, мазкур нарсалардан бири нажосат бўлса, билиш-билмаслик ёки унутишдан қатъи назар, ўқилган намоз дуруст бўлмайди.

Изоҳ қолдиринг