Али розияллоҳу анҳу: Али розияллоҳу анҳуга байъат берилиши (2)

0

Юқорида ўтган саҳиҳ ривоятлардан қуйидаги ибрат ва хулосаларни олиш мумкин:

1) Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга ёрдам берган ва уни ҳимоя қилган. Шундай бўлгани кўп ривоятлар билан тасдиқланган. Дарҳақиқат, Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуни ҳаммадан кўп ҳимоя қилувчилардан бўлди. Бу борада Усмон розияллоҳу анҳунинг қариндоши ва охиригача унинг ёнида бўлган Марвон ибн Ҳакам шундай гувоҳлик берганди: “Қавм ичида бизнинг соҳибимизни сизларнинг соҳибингиздан кўра (яъни Усмонни Алидан кўра) кўпроқ ҳимоя қилган одам бўлмади”[1];

2) Али розияллоҳу анҳу халифаликка қизиқмаган ва умидвор бўлмаган. Усмоннинг ўлимидан сўнг одамлардан четланиб, уйига қамалиб олган ва саҳобаларнинг қаттиқ мажбурлашлари остида ноилож халифаликни қабул қилган;

3) Мадинадаги муҳожирлар, ансорлар ва бошқа одамлар, шу жумладан “аҳли ҳал ва ақд” (уммат номидан қарор қабул қилиш ваколатига эга) бўлган кишилар унга байъат беришга иттифоқ қилганлар. Айрим заиф ва тўқима ривоятларда айтилгани каби тўполончи ва Усмоннинг қотиллари бўлган кимсалар эмас, балки айнан ўша “аҳли ҳал ва ақд” бўлган инсонлар Али ҳузурига келиб, байъат қабул қилишини ундан талаб этдилар ва у уларнинг қаттиқ қистовлари билан ноилож халифаликни қабул қилди;

4) Ўша куни халифаликка энг ҳақли инсон Али розияллоҳу анҳу эди. Саҳобаларнинг унинг ҳузурига келганлари ва халифаликни қабул қилишини қаттиқ талаб этганлари, бу вазифага ундан кўра муносиб бирон кишини билмасликларини айтганлари ҳам шунга далолат қилади;

5) Халифа сайланиши ўта муҳим вазифа. Шунинг учун кўрамизки, саҳобалар Али розияллоҳу анҳуни халифа қилишга ошиқдилар. У: “Агар Аллоҳнинг дини учун қўрқувим бўлмаганида бу вазифани қабул қилмаган бўлардим”, деган эди[2];

6) Айримлар Али розияллоҳу анҳуга берилган байъат масаласига шубҳа киритиш мақсадида Усмонни қамал қилган ва айримлари уни ўлдиришда иштирок этган хаворижлар ўша кунлари Мадинада бўлганини ва Алига биринчи бўлиб улар байъат берганини, шунингдек, Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумонинг мажбуран байъат беришганини айтишади. Бу эса тарихчиларнинг таги йўқ ва саҳиҳ санадга суянмаган тўқима гапларидандир. Саҳиҳ гап шуки, одамлар Абу Бакр, Умар ва Усмондан сўнг тўртинчи халифа сифатида қадри, илми, тақвоси, дини, пешқадамлиги, жиҳоди ва бошқа сифатларида Алидан кўра юқори ўринда турадиган бирон кишини билмадилар, муҳожир ва ансорлар уни халифа қилишга қатъий қарор бердилар. Ўз навбатида у зот ҳам бу вазифани фарз деб билди ва уларнинг талабларига бўйсунди. Агар Алига тезлик билан байъат берилмаганда, Ислом давлатининг барча ўлкаларида тартибсизлик, фитна ва ихтилофлар кучайиши мумкин эди. Алининг шундай оғир вазиятда байъатни қабул этиши мусулмонларнинг манфаатини кўзлаб қилинган иш бўлди. Мадинада бўлган саҳобалардан бирортаси Али розияллоҳу анҳуга байъат беришдан ўзини четга олмади. Айрим тарихчилар саҳобаларнинг Али билан бирга Басрага юриш қилишдан ўзларини четга тортишлари билан унга байъат бериш масаласини аралаштириб юборганлар. Аниқки, унга байъат беришдан ҳеч ким бош тортмаган, аммо Жамал ҳодисасида у билан бирга урушга чиқиш масаласи ижтиҳодий масала бўлгани боис баъзилар ундан четланган эди. Қолаверса, Алининг ўзи ҳам ҳаммани бу юришга чиқишга мажбурламаган;

7) Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид этилганидан сўнг Мадина беш кун бошлиқсиз қолгани ва унга Ғофиқий ибн Ҳарб исмли исёнчилар вакили амир бўлиб тургани, шу кунлар мобайнида шаҳар аҳли раҳбарликка рози бўладиган бирон шахсни топа олмагани ҳақидаги гаплар асоссиздир. Эмишки, Мисрдан келган тўполончилар Али розияллоҳу анҳуга халифаликни таклиф қилишганида у рози бўлмабди, Кўфадан келган хаворижлар Зубайрни халифа қилиш учун қидириб топа олмабдилар, Басрадан келганлар Талҳага байъат бермоқчи бўлишганида, у рози бўлмаган эмиш. Булар бари асоссиз ва таги бўш гаплар бўлиб, саҳиҳ ривоятлар буни рад этади[3]. Маълумки, саҳобалар Мадинада етарли куч-қувватга эга, атрофдан келган тўполончиларни тинчитишга қодир эдилар, фақат Усмон розияллоҳу анҳу ноҳақ қон тўкилишини истамагани учун уларга қарши куч ишлатишга рухсат бермаган эди. Бу ҳақда Усмон розияллоҳу анҳу ҳақидаги мақолаларимизни кузатиб борсангиз, батафсил маълумот берилади, иншааллоҳ. Бу ҳақдаги саҳиҳ ривоятларга суянган энг тўғри гап шуки, Али розияллоҳу анҳуга мусулмонлар ихтиёрий равишда байъат бердилар, Алининг халифа қилинишида фитначи исёнкорларнинг ҳеч қандай иштироки бўлмади. Балки, Мадинада бўлган барча саҳобалар Али розияллоҳу анҳуни бир овоздан халифа этиб сайладилар[4];

8) Али розияллоҳу анҳуга байъат берилиши мавзусидаги саҳиҳ ривоятлар сони ўндан ортади. Уларнинг баъзиларини қуйироқда батафсил келтирамиз.

[1]Заҳабий, “Тарихул ислом, аҳдул хулафоир рошидин” (460-бет).
[2]“Фатҳул борий” (13/75).
[3]Холид Ғайс, “Истишҳоду Усмон ва вақъатул жамал” (136-140-бетлар).
[4]Ўша манба (240-бет).

Изоҳ қолдиринг