Ҳаром амаллар: Зино

0

Шариати исломиянинг мақсадларидан бири номус ва наслни сақлаш, ҳимоялашдир. Шунинг учун шариатимиз зинони ҳаром қилди. Аллоҳ таолонинг сўзи: “Зинокор бўлиб қолмаслик учун зинонинг ўзига ҳам, сабабларига ҳам яқинлашманглар! Зеро, зино ўта қабиҳ иш ва жуда ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32).

Пок шариатимиз зинога олиб борадиган барча сабаб ва йўлларни ҳам ҳаром қилди, улардан қайтарди. Масалан, номаҳрамларга қараш, улар билан бир жойда холи қолиш, аёлларнинг рўмолсиз (ҳижобсиз) юришлари ва шу кабилар.

Агар аввалда турмуш қурган киши зино қилса, унинг жазоси, жиноятининг аламини тотиши учун, вафот этгунича тошбўрон қилишдир. Жазонинг шу тариқа бўлиши зинокор жасадининг ҳар бир аъзоси ҳаромдан қандай роҳатланган бўлса, худди шундай энди бир азобланиши, оғриқ аламини тортиши учундир.

Ва агар зинокор аввалда никоҳланмаган, турмуш қурмаган бўлса, унинг жазоси юз дарра уришдир. Жазо одамлар орасида амалга оширилади, чунки мусулмонлардан бир тоифа кишилар бунга гувоҳ бўлишлари керак. Шунда зинокор шарманда бўлиб, азоби ва хорлиги янада зиёдароқ бўлади, бундан ташқари уни яшаб турган шаҳридан узоқ қилиб, бир йилга сургун қилинади.

Барзахда зинокорлар яланғоч ҳолатда тепаси тор, таги эса кенг бўлган ҳамда тагидан олов ёқилган қозонда азобланадилар. Ҳар қачон олов гуркираб, куйдирса, қичқириб тепага чиқмоқчи бўладилар, ҳатто чиқиб кетишларига оз қолади, олов сўндирилса, яна пастга тушадилар ва шу ҳолда то қиёматгача қоладилар.

Янада қабиҳроғи: агар зинокор ёши катта, қабрга кириши яқин қолган киши бўлса, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, бундайлар ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Уч тоифа борки, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмайди, уларни покламайди, уларга қарамайди ва уларга аламли азоб бордир: зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағал” (Имом Муслим ривояти).

Касбларнинг энг ёмони зино билан мол-дунё топишдир. Кечанинг ярмида осмон эшиклари очилиб, дуо қилувчининг дуоси қабул бўладиган вақт бор, лекин зинокорнинг дуоси мана шу вақтда ҳам ижобатдан маҳрумдир. Баъзилар камбағаллигини, муҳтожлигини сабаб қилиб, зинокорлигига узр баён қилади. Ҳеч қандай муҳтожлик ёки камбағаллик Аллоҳ таолонинг чегараларини бузишга шаръий узр бўла олмайди. Қадимдан гап бор: “Ҳур аёл оч қолади, лекин бола эмизиб ҳақ олмайди. Энди қандай зино қилиб пул олсин”.

Бизнинг асримизда фоҳишалик дарвозалари очилди, шайтон васваса ва ҳийла қилиши осонлашди, унга гуноҳкор осий ва бузуқлар эргашиб кетишди, аёлларнинг очиқ-сочиқ, ёпинчиқларини ёпмасдан юришлари кенг тарқалди, кўпчилик, ҳатто баъзи намозхонлар ҳам номаҳрам, бегона аёлларга ёки аёллар эркакларга қарашдек балога гирифтор бўлди. Эркак-аёл аралаш-қуралаш юриши, бузуқ-уят расмли газета ва журналлар ҳамда сериаллар кўпайиб кетди. Нопок, бузуқ одамлар  кўп бўлган шаҳарларга тез-тез сафарлар уюштириладиган бўлди, қўшмачиларнинг “тижоратлари” ривож топди, ор-номусларнинг поймол этилиши, валади зино, яъни беникоҳ туғилган болалар, аборт қилиш ёки туғилган гўдакларни ҳар хил йўллар билан нобуд қилиш қадамда учрайдиган бўлиб қолди.

Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраймиз: “Эй Роббимиз! Бизларни Ўз раҳматинг ва лутфинг ила фоҳишалик ва зинокорликдан сақлагин. Қалбларимизни ва аъзоларимизни поклагин ҳамда биз билан ҳаромнинг ўртасида ўтиб бўлмайдиган тўсиқ барпо қилгин”.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг