Ҳаж ва умра: Ҳаж умранинг рукн, вожиб ва суннатлари

0

Ҳажнинг рукн ва вожиблари

Биз ўтган мавзуларда ҳаж амалларининг тартиби тўғрисида батафсил маълумот бердик. Уламолар ҳаж амалларини рукн, вожиб ва суннатларга бўлганлар. Қуйида уларни қисқача келтирамиз:

Биринчи: рукнлар

  1. Эҳром кийиш.

  2. Арафотда туриш.

  3. Ифоза тавофини қилиш.

  4. Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъй қилиш.

Иккинчи: вожиблар

  1. Эҳромни Мийқотдан ўраш.

  2. Муздалифада тунаш (бунда ихтилоф бор).

  3. Минода тунаш (узрсиз кишилар учун).

  4. Жамаротда тош отиш.

  5. Сочни олиш ёки қисқартириш.

  6. Видолашув тавофи.

Эслатма:

Шунингдек, уламолар то қуёш ботиб бўлгунча Арафотда туриш ҳам вожиб, дейишган. Бироқ ўтган мавзуларда келтирганимиздек, то қуёш ботиб бўлгунча Арафотда туриш вожиб эмас, балки шундай қилиш афзал ва мукаммалроқдир. Бинобарин, қуёш ботишидан олдин Арафотдан кетса ҳам, зиёни йўқ.

Учинчи: суннат амаллар

Юқорида санаб ўтилган рукн ва вожиблардан бошқа амаллар ҳажнинг суннатларидир.

Умрага оид ҳукмлар

Уламолар билдирган фикрларнинг тўғрироғига кўра, умр давомида бир марта умра қилиш вожибдир.

Умра амалларининг қисқача хулосаси

Инсон мийқотга етиб боргач, ҳукмларда баён қилинганидек, эҳром ўрайди. Сўнг то Маккага етиб боргунча талбия айтади. Маккага етиб боргач, Каъбани етти марта тавоф қилади. Сўнг Мақоми Иброҳим ортида икки ракаат намоз ўқийди. Шундан сўнг Ҳажари асвадни истилом[1] қилади. Бу орада замзам сувидан ичиши мумкин. Сўнг Сафо ва Марва ўртасида етти марта саъй қилади. Сўнг сочини олади ёки қисқартиради. Шундай қилиб, умра амаллари ниҳоясига етади.

Эслатма:

Юқорида зикр этилган амаллардан ҳар бирини ўз ўрнида батафсил баён қилган эдик. Тафсилотлар билан танишиш учун тегишли мавзуларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Биринчи: умранинг рукнлари

  1. Эҳром кийиш.

  2. Тавоф қилиш.

  3. Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш.

Иккинчи: умранинг вожиблари

  1. Эҳромни мийқотдан ўраш.

  2. Сочни олиш ёки қисқартириш.

Ҳаж ёки умрага оид рукн ёки вожибни тарк қилган кишининг ҳукми

  1. Эҳромга киришни ният қилмаган киши эҳром кийган ҳисобланмайди. Шунга кўра, бундай кишининг ҳажи ҳам дуруст бўлмайди.

  2. Тавоф ёки саъй сингари бирон рукнни қолдирган киши, модомики, вақти ўтиб кетмаган бўлса, уни бажариши лозим. Агар рукннинг вақти ўтиб кетган бўлса, масалан, тўққизинчи зулҳижжа куни умуман Арафотда турмаган бўлса, у ҳолда қилган ҳажи ҳисобга ўтмайди.

  3. Ҳаж ёки умранинг вожибларидан бирини бажармаган кишига қон оқизиш (қон оқизишдан мақсад туя ёки молнинг еттидан бирига шерик бўлиш, ё бўлмаса, битта қўй ёхуд эчки сўйиш) вожиб бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган сўз шунга далолат этади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: «Ким ҳаж (ёки умра) амалларидан бирини тарк қилса ёки унутиб қолдирса, қон оқизсин»[2]. Албатта, бу Ибн Аббоснинг сўзи, яъни мавқуф ҳадисдир. Агар унга шахсий фикрдан келиб чиқиб айтиладиган гап эмас, деб қаралса, у ҳолда марфуъ ҳадис ҳукмида, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари даражасида бўлади. Борди-ю, саҳоба бу сўзни ижтиҳодидан келиб чиқиб айтган бўлса, бошқа фикрлардан кўра саҳобанинг фикрини олган афзалдир. Чунки саҳобалар ичида бу фикрга хилоф қилганлар маълум эмас. Қолаверса, бу фикрни олиш билан ҳожиларни ҳаж амалларини улуғлашга ундаган бўламиз (Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг фикрлари)[3].

Агар инсон қон оқизиш учун жонлиқ сотиб олишга имконияти бўлмаса, зиёни йўқ. Бундай ҳолатда вожибни тарк этгани учун истиғфор айтади, тавба қилади.

[1] Истилом – Ҳажари асвадни ўпиш, силаш ёхуд бундай қилишнинг имкони бўлмаганда узоқдан унга ишора қилиш.
[2] Имом Молик «Ал-муватто»да (1/419, 240), шунингдек, унинг санади орқали Байҳақий (5/152) ривоят қилган.
[3] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ», 7/438-440.

Изоҳ қолдиринг