Ўлган юртидан бошқа юртга дафн этилишни васият қилиш (1)

0

12. Бошқа юртга дафн этилишни васият қилиш

Агар маййит кофирлар юртида бўлмасаю, лекин дафн этилиш учун ўзи ўлган юртдан бошқа жойга кўчирилишни васият қилса, унинг бу васиятини бажариш шариат кўрсатмаларига мувофиқ эмас. Нававий айтади: “Қози Ҳусайн, Доримий ва Мутаваллий: «Уни кўчириш ҳаромдир» деганлар. Қози Ҳусайн ва Мутаваллий: «Агар кўчирилишни васият қилса, васияти амалга оширилмайди», дейишган. Мана шу тўғрироқ фикрдир. Чунки шариат дафн этишни тезлаштиришга буюрди, уни кўчириш эса кечикишга сабаб бўлади.

Яна унда бир қанча тарафлама маййитни таҳқирлаш, (жасади) бузилишига йўл қўйиш ва бундан бошқа зарарлар бор”[1].

Яна айтадики: «Агар бошқа юртга кўчиришни васият қилса, васияти бажарилмайди. Зеро, кўпчилик айтган, муҳаққиқ уламолар таъкидлаган, танланган саҳиҳ мазҳабга биноан кўчириш ҳаромдир»[2].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх бирор юртда вафот этиб, вафотидан кейин Мадина мунаввара шаҳрига дафн этилиш учун кўчирилишни васият қилган киши борасида шундай деган: “Бу иш жоиз деб айтолмаймиз. Чунки Бухорий «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Маййитни дафн этишга шошилинглар. Агар у солиҳ бўлса, уни яхшиликка элтасизлар. Агар ундай бўлмаса, елкаларингдан ёмонликни қўясизлар»[3].

Табароний ҳасан санад билан Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар бирортангиз вафот этса, уни ушлаб турманглар, уни қабрига кўмишга шошилинглар»[4].

Уни кўчиришда дафннинг кечикиши ва ушлаб қолиш, қўшимчасига, унинг (жасади) ўзгариши ва таҳқирланиш содир бўлишида шубҳа йўқ. Меросхўрларини бунга мажбурлаш эса уни кўчиришда катта сарф-ҳаражат қилишларига, кўчириш ортидан келиб чиқадиган машаққатли ишларга сабаб бўлади.

Ойша розияллоҳу анҳони акаси Абдураҳмон борасида қуйидаги гапни айтишига ундаган нарса шу эди. Ҳоким «Мустадрак»да узлуксиз санад билан Софийя бинт Шайбадан ривоят қилган ҳадисда айтади: “Ойша розияллоҳу анҳо келгач, акаси Абдураҳмон ибн Абу Бакр учун таъзия билдириш мақсадида унинг олдига кирганимда айтдики: «Акамни Аллоҳ раҳматига олсин. Дарҳақиқат, акам борасида мени энг кўп хафа қиладиган нарса, вафот этган жойига кўмилмаганидир». Акаси Ҳубший деган жойда вафот этган эди. Шунда Қурайшдан бир жамоат бориб, уни Макканинг энг баланд жойига олиб келдилар”[5].

«Ал-Муғний» ва «Шарҳул кабир»да айтилишича: “Маййит бир юртдан бошқа юртга арзирли сабаб бўлсагина кўчирилади. Бу Авзоий ва Ибн Мунзирнинг сўзидир. Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка айтади: “Абдураҳмон ибн Абу Бакр Ҳубший деган жойда вафот этгач, уни Маккага олиб келиб дафн қилдилар. Ойша розияллоҳу анҳо келганида унинг қабрига борди, сўнг: «Аллоҳга қасамки, агар дафн вақти ҳозир бўлганимда, вафот этган жойингдан бошқа жойга дафн қилинмаган бўлардинг. Агар вафот этаётганингда ҳозир бўлганимда, қабрингни зиёрат қилиш учун келмаган бўлар эдим», деди. Чунки бундай қилишнинг сабаби сарф-ҳаражати енгилроқ, жасад зарарланиш эҳтимоли камроқ бўлгани учундир”.

(Давоми бор)

[1]«Мажмуъ» (5/194).

[2]«Ал-азкор» 220-бет.

[3]Бухорий 1315.

[4]«Ал-муъжамул кабир» (13613).

[5]«Мустадрак» (6013).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг