Тавҳид ақидаси: Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа нарса билан ҳукм қилиш

0

Гап-сўзларда, шариат асосларида, хусуматларда, қон (қатл, қасос)ларда, молиявий муомалаларда ва бошқа ҳақ-ҳуқуқларда ихтилоф пайдо бўлганда, Аллоҳ таолонинг ҳукмига бўйсуниш, шариатига рози бўлиш, Унинг Китобига ва Расулининг суннатига мурожаат қилиш У зотга бўлган иймоннинг ва бандаликнинг тақозосидир. Зеро, ёлғиз Угина ҳакамдир ва ҳукм Уникидир. Шундай экан, ҳокимлар Аллоҳ туширган ҳукмлар билан ҳукм қилишлари, халқлар Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннати асосида ҳукмлашишлари лозим.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларни омонатларни эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради» (Нисо сураси, 58).

Яна айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилинглар, пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга итоат қилинглар! Бирон нарсада келишмай қолсанглар — агар Аллоҳга ва қиёматга ҳақиқатан иймон келтирган бўлсанглар — унинг ҳукмини Аллоҳга ва пайғамбарига қайтаринглар! Мана шу яхшироқ ва оқибати гўзалроқ ечимдир» (Нисо сураси, 59).

Сўнг Аллоҳ нозил қилган ҳукмдан бошқаси билан ҳукмлашиш иймон билан бир жойда жамланмаслигини баён қилади: «Эй Пайғамбар, сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгариги пайғамбарларга нозил қилинган нарсаларга иймон келтиришни даъво қиладиган кимсаларнинг ҳукм сўраб, тоғутга (яъни Аллоҳнинг шариатидан бошқа қонунларга) мурожаат қилишаётганини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. Шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди» (Нисо сураси, 60);

«Йўқ, Раббингизга қасамки, то улар ўрталарида содир бўлган низоларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида танглик топмай, унга тўла таслим бўлмагунларича ҳақиқий мўмин бўлмайдилар» (Нисо сураси, 65).

Аллоҳ таоло қасам билан таъкидлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида у зотни ўзларига ҳакам қилмаган, вафотларидан кейин эса ҳукм сўраб, у зотнинг суннатларига мурожаат этмаган, у зотнинг ҳукмларига кўниб, қанотланмаган кишида иймон бўлмаслигини айтди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Унинг ҳукмидан бошқа ҳукм билан ҳукм қиладиган ҳокимларни кофир, фосиқ, золим деб атади: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан ҳукм қилмас экан, улар кофирлардир» (Моида сураси, 44); «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан ҳукм қилмас экан, улар золимлардир» (Моида сураси, 45); «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлардир» (Моида сураси, 47).

Баъзи мусулмон давлатларда бўлганидек, фақат шахсий ҳолатлардагина эмас, балки уламолар ўртасида ижтиҳодий сўзлардаги барча низоларда, шунингдек, суд ишларини кўришда ва бошқа ҳуқуқий масалалардаги келишмовчиликларда ҳам Аллоҳ нозил қилган дин ҳукми билан ҳукм қилиш ва унинг асосида ҳукм чиқариш лозим бўлади. Зеро, Ислом бўлинмас бир бутун диндир. Ихтилофлар пайтида Китобу Суннатдан далили бўлган нарсани бирон мазҳабга таассуб қилмасдан, бирон имомга тарафкаш бўлмасдан қабул қилинади.

Аллоҳ таоло дейди: «Эй мўминлар, Исломга унинг барча қонун-қоидаларини қабул қилган ҳолда киринглар!» (Бақара сураси, 208).

Яна дейди: «Ё Китобнинг бир қисмига иймон келтириб, бир қисмини инкор қиласизларми?!» (Бақара сураси, 85).

Шунингдек, мазҳабларга эргашган кишилар ўз имомларининг сўзларини, хусусан, ақидага доир ишларда Китобу Суннатга қайтаришлари, уларга мувофиқ келганини олиб, хилоф келганини ҳеч қандай таассубсиз ва тарафкашликсиз рад қилишлари лозим бўлади. Зеро, имомларнинг ўзлари – уларни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин – шунга васият қилганлар ва барчаларининг тутган йўллари шу бўлган. Ким ушбу йўлга хилоф иш қилса, гарчи уларнинг мазҳабларига нисбатланса-да, уларга эргашган саналмайди ва Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган кишилар жумласидан бўлади: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўз олимлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни худо қилиб олдилар» (Тавба сураси, 31). Оят насоролар ҳақида тушган бўлса-да, ҳукми уларгагина хос ҳисобланмасдан, қилмиши уларникига ўхшаган барчага тегишлидир.

«Ким одамлар ўртасида Аллоҳ туширган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилиш орқали Аллоҳ ва Расулининг амрларига терс борса ёки нафси ҳавосининг кўйига кириб, шундай қилишни истаса, ҳар қанча мўминлик даъво қилмасин, Ислом ва иймон бўйинбоғини бўйнидан ечиб ташлаган бўлади. Аллоҳ таоло бундай кимсаларнинг ишларини мункар, даъволарини эса ёлғон деб атаган: «Эй Пайғамбар, сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгариги пайғамбарларга нозил қилинган нарсаларга иймон келтиришни даъво қиладиган кимсаларнинг ҳукм сўраб тоғутга (яъни Аллоҳнинг шариатидан бошқа қонунларга) мурожаат қилишаётганини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди» (Нисо сураси, 60). «Даъво қиладиган» деган калимадан уларда иймон бўлмаслиги маълум бўлмоқда. Чунки, «даъво қилиш» ибораси аксар амалга ошмайдиган ва хилоф қилинадиган ёлғон даъволарга нисбатан ишлатилади»[1].

Аллоҳ индирган нарса билан ҳукм қилмайдиган кишида иймон бўлмаслиги Аллоҳнинг шариатини ҳоким қилиш иймон, ақида ва ибодат эканига далолат қилади. Аллоҳнинг шариати одамларга фойдали бўлгани учунгина ҳоким қилинмайди. Баъзи одамлар шу томонига эътибор қаратишади ва биринчи, асосий тарафини унутишади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Унинг шариатини фақат ўзига манфаат борлиги учун ҳоким қиладиган, бу нарсани ибодат деб бажармайдиган одамларни айблаб айтади: «Улар ўрталарида ҳукм чиқариши учун Аллоҳ (китоби)га ва Унинг пайғамбарига чорлансалар, улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгирувчидир. Агар ҳақиқат улар тарафда бўлса, (пайғамбар ҳузурига) бўйин эгиб келадилар» (Нур сураси, 48-49).

[1] Фатҳул мажид (467-б).

Изоҳ қолдиринг