Савдо-сотиқ: Ҳаромга элтгани учун ҳаром қилинган ишлар

0

Тўртинчидан: ҳаромга элтгани учун ҳаром қилинган ишлар

Баъзи олди-бердилар борки, аслида, ҳалол бўлиб, ҳаромга олиб боргани учун ҳаром саналади. Бунга ароқ ишлаб чиқарувчига узум сотишни мисол қилиш мумкин.

Ўтган мавзулардан бирида келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жумладан, шундай деган эдилар: «Аллоҳ яҳудларни ҳалок қилсин. Аллоҳ таоло ўлимтик чарвисини ҳаром қилгач, яҳудлар уни эритиб, сўнг эриган ёғни сотиб, пулини едилар»[1].

Ушбу ҳадис Аллоҳ азза ва жалла ҳаром қилган нарсаларни сотиш ҳаромлигига, шунингдек, турли ҳийлалар билан ҳаромга йўл топиш жоиз эмаслигига далолат қилади.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шунингдек, ипакдан тикилган кийим ипак мато кийиши ҳаром қилинган киши кийиши учун сотилса, унинг пулини ишлатиш ҳаром бўлади»[2].

Умуман олганда, сотиб олган нарсасини гуноҳ ишларга ишлатиши аниқ бўлган кимсага ўша нарсани сотиш жоиз эмас. Аллоҳ таолонинг «Яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ёрдамлашинг, гуноҳ ва тажовузда ҳамкорлик қилманг» (Моида сураси, 2), деган сўзига шунга далолат қилади.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шариатда ҳаром қилинган нарса борки, у билан савдо-сотиқ қилиш ҳам ҳаромдир»[3].

Яна айтади: «Ҳаромга элтувчи ва унга ёрдам берувчи барча нарса ҳаромдир. Шунга кўра, ҳалол нарсани ҳаром ишга ишлатган кишига ёрдам бериш жоиз эмас»[4].

Шариат қайтарган, сотиш жоиз бўлмаган нарсаларга мисоллар:

  1. Тилла ва кумуш идишларни сотиш жоиз эмас. Чунки шариат бундай идишларда овқатланишдан қайтарган. Бинобарин, уларни ясаш ҳам, улар билан тижорат қилиш ҳам ҳаромдир.

  2. Эркаклар учун ясалган тилла узуклар, шунингдек, улар учун тикилган табиий ипак либослар билан савдо қилиш жоиз эмас. Чунки, мазкур нарсалар эркаклар учун ҳаром қилинган. Аммо эркаклар учун сунъий ипакдан тикилган кийимлар билан савдо қилиш жоиз.

  3. Фақат куй-қўшиқ, мусиқа эшитадиган, аёл-эркакларнинг аралаш ва очиқ-сочиқ юришлари ва беҳаё саҳна кўринишлари намойиш этиладиган кинофильм, телесериал ва театрлар кўрадиганлар учун электрон жиҳозлар сотиш жоиз эмас.

  4. Шунингдек, мусиқа асбоблари билан савдо қилиш ҳаромдир. Чунки мусиқа эшитиш ҳаром бўлиб, мусиқа асбоблари билан савдо қилиш ҳаромга олиб боради.

  5. Юк машиналари ёки кира (такси) ҳайдовчилари автоуловларида маст қилувчи ичимликларни ташишлари жоиз эмас. Шунингдек, ана шундай ичимликлар истеъмол қилинадиган, фаҳш ишлар содир этиладиган тунги клублар ва шу каби жойларга мижозларни олиб боришлари ҳам жоиз эмас. Албатта, бунинг учун мижознинг ана шундай жойларга бораётганини аниқ билиш ёки катта эҳтимол ила тахмин қилиш шарт бўлади. Аммо йўловчи мижознинг ҳолати номаълум бўлса, ҳайдовчи унинг мақсадидан бехабар бўлса, у ҳолда айтган жойига олиб бориб қўйишнинг зиёни йўқ.

  6. Нарда ўйинини ўйнаш ва унга оид нарсаларни сотиш жоиз эмас. Бурайда ибн Ҳусайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ким нардашер (нарда) ўйнаса, гуёки қўлини тўнғиз гўшти ва қонига ботирибди»[5].

  7. Очиқ-сочиқ кийинадиган аёлларга кўча-кўйда ишлатишлари учун тор кийимлар, атирлар, косметика буюмларини сотиш жоиз эмас. Аммо мазкур нарсаларни эрига ясан-тусан қилиш учун ишлатиши аниқ бўлган ёки шундайлиги тахмин қилинган кишиларга сотишнинг зиёни йўқ. Шунингдек, ҳолати номаълум – бундай нарсаларни гуноҳ учун ишлатиши аниқ бўлмаган ёки тахмин қилинмаган кишиларга сотиш ҳам жоиздир[6].

  8. Очиқ аёлларнинг суратларини ёядиган, ботилга, Аллоҳ ва Расулига қарши курашишга даъват этадиган газета ва журналлар чоп этиш, улар билан тижорат қилиш, сотиш, сотиб олиш, унда мақолалар ёзиш ҳамда қандай йўл билан бўлишидан қатъи назар, бундай газета ва журналларнинг тарқалишига ҳисса қўшиш жоиз эмас.

  9. Инсон кўчмас мулки ёки дўконини ҳаромга ёки ҳаром нарсалар сотиш учун ишлатадиганларга ижарага бериши жоиз эмас[7].

[1] Бухорий (2236, 4633), Муслим (1581), Абу Довуд (3486), Термизий (1297), Насоий (7/309) ва Ибн Можа (2167) ривояти. Ҳадиснинг тўлиқ матни «Ўлимтик савдосининг ҳаромлиги» мавзусида ўтган эди.
[2]«Зодул маъод», 5/762.
[3]«Аш-шарҳул мумтеъ», «Савдо-сотиқлар боби».
[4]«Аш-шарҳул мумтеъ», «Савдо-сотиқлар боби».
[5] Муслим (2260), Абу Довуд (4939), Ибн Можа (3762) ривояти.
[6]Қаранг: «Доимий қўмита фатволари», 13/109, 13/110.
[7]Қаранг: «Доимий қўмита фатволари», 13/109, 13/110.

Изоҳ қолдиринг