Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (6)

0

Ўнинчи сабаб:

Ҳадисга унинг заифлиги, мансухлиги ёки таъвил қилинганини кўрсатадиган далил билан муориз (зид, қарши) бўлиши, бошқалар эса у нарса ҳақида бундай эътиқод қилмаслиги ёки бу турдаги нарса муориз бўлади деб билмасликлари ёки у ҳақиқатда рожиҳ (асосли, кучли) муориз бўлмаслиги.

Масалан, кўпчилик кўфаликлар саҳиҳ ҳадисга Қуръоннинг зоҳирини қарши қўйганлар ҳамда  Қуръоннинг зоҳири умумий ва у ҳадисдан устун туради, деб эътиқод қилганлар. Шу билан бирга, баъзан сўз  бир неча маъноларга далолат қилиши туфайли очиқ-ойдин зоҳир бўлмаган нарсани зоҳир, деб эътиқод қилган ҳоллари ҳам бўлган. Шунинг учун улар (Қуръондаги: “Икки эркак кишини гувоҳ қилинглар” (Бақара, 282) оятини олиб,) битта гувоҳ ва қасам билан ҳукм қилиш ҳақидаги ҳадисни[1] рад этдилар. Ваҳоланки, улардан бошқалар Қуръоннинг зоҳирида битта гувоҳ ва қасам билан ҳукм этишни ман қиладиган нарса йўқ деб билишади, мабодо Қуръонда шу нарса бўлган тақдирда ҳам, улар наздида суннат Қуръонни шарҳлаб берувчи деб эътибор қилинади.

Имом Шофеийнинг мазкур қоида хусусида машҳур сўзлари бор[2], имом Аҳмаднинг бу борада Қуръоннинг зоҳири билан кифояланиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан тафсир қилишдан воз кечувчи кишиларга раддия ўлароқ ёзилган, кўплаб далилларни зикр қилган машҳур рисоласи мавжуд[3].

Қуръоннинг умумини хословчи ё мутлақини қайдловчи ёки ундаги нарсага қўшимчалар зикр қилинган хабар (ҳадис)ни рад этиш ҳам шу жумладан. Бундай кишининг эътиқодида насга (яъни, оят ва ҳадис каби шаръий далилга) зиёдалик киритиш, яъни мутлақни чеклаш уни насх (бекор) қилишдир, омни хослаш ҳам насхдир.

Худди шунингдек, мадиналиклардан бир тоифаси саҳиҳ ҳадисга – Мадина аҳли унинг хилофига ижмоъ қилган, уларнинг ижмоълари хабардан (ҳадисдан) муқаддам қўйиладиган ҳужжат деган эътибор билан – муориз (қарши) бўладилар. Масалан, хиёри мажлис (олди-сотди қилган икки киши бир-бирларидан ажралишларидан олдин байни бузиш ёки давом эттириш ҳуқуқига эга экани) ҳақидаги ҳадисларга[4] мана шу асосга биноан мухолиф бўлганлар. Ҳолбуки, кўпгина олимлар исбот қилишадики, мадиналиклар бу масалада ихтилоф қилишган (яъни ижмоъ қилишмаган), мабодо ижмоъ қилишган ва бошқалар уларга мухолиф бўлган тақдирда ҳам ҳужжат ҳадисда (яъни ҳадис ҳужжат) бўлади.

Ёки бўлмаса, икки шаҳар (яъни Кўфа ва Мадина) аҳлидан бўлган бир қавм баъзи ҳадисларга очиқ қиёс (қиёси жалий) билан қарши чиқдилар ва бу ишларини куллий (умумий) қоидалар бу каби хабар-ҳадис билан бузилмайди, деб изоҳладилар ва ҳоказо.

[1] Бу Имом Муслим (1712) Ибн Аббос ривояти билан келтирган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам ва бир гувоҳ билан ҳукм қилдилар”, ҳадисидир.
[2] Имом Шофеий, “Ар-рисола” (64-бет), “Ал-ум” (7/86).
[3] Имом Аҳмад, “Китобу тоатир расул”.
[4] Имом Бухорий (2107) ва Имом Муслим (1531) ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг