Абу Абдуллоҳ Ҳоким (3)

0

Эгаллаган мансаблари

Ҳоким раҳимаҳуллоҳнинг илмий мартабасини, зукколигини, дин-диёнатини, омонатдорлигини ва тақвосини кўрган устозлари талай масалаларда у билан маслаҳат қила бошлашади. Шунингдек, ўша даврнинг етук олимлари билан ўтказган баҳс-мунозара ва музокараларидан кейин Ҳокимнинг номи одамлар орасида шуҳрат топади ва мартабаси юксалиб, уламолар-у ҳокимларнинг назарига тушади. Натижада, бир қанча мансабларга тайинланади. Қуйида улардан айримларини зикр қиламиз:

  1. Узоқ йиллар мобайнида таълим олган ва энг яқин шогирдига айланган устози Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Сибғий “Дорус-сунна” номли мадрасаси бошқарувини ва вақф ишларини Ҳокимнинг қўлига топширади[1].

  2. Ҳижрий 359 йили Сомонийлар давлати ҳукмронлигида, Хуросон ўлкасининг вазири Абу Наср Муҳаммад ибн Абдужаббор Утбий томонидан Насо шаҳрининг қозиси этиб тайинланади. Қози Сижзий Утбийнинг ҳузурига кириб: “Тарбиклайман, Насо шаҳри қозилигига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч юз минг ҳадисини ёд биладиган инсонни тайинлабсиз”, дейди. Шунда Утбийнинг юзи ёришиб кетади[2].

  3. Журжон қозилигига таклиф қилганда рози бўлмайди[3].

  4. Сомонийлар амири Абул Ҳасан Ҳокимнинг фикрига таянар, уни Бувайҳилар билан ўрталарида элчи қилиб юборар эди[4].

Уламоларнинг айтишича, Ҳоким роҳимаҳуллоҳ бир неча йил мобайнида кетма-кет қозилик мансабини эгаллагани боис унга Ҳоким номи берилган экан.

Шогирдлари

Абу Абдуллоҳ Ҳоким пухта илм соҳиби, юз минглаб ҳадисларни ёддан билувчи, ҳадис илмининг пешвоси сифатида оламга донғи таралади ва олимлар уни ҳадис илмида замонасининг имоми деб тан олишади. Натижада, унинг ҳузурига ер юзининг турли ўлкаларидан таълим олиш мақсадида талабалар келади ва қўлида талай шогирдлар етишиб чиқади. Қуйида улардан машҳурларини санаб ўтамиз.

  1. Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али Байҳақий[5]. Фақиҳ ва минглаб ҳадисларни ёд билувчи ҳофиз имом бўлган. Ҳадис матнлари ва маъноларини пухта ўзлаштирган. Ҳадис илмини Абу Абдуллоҳ Ҳокимдан, фиқҳ илмини Абул Фатҳ Носир ибн Муҳаммад Умарийдан таълим олган. “Ас-сунанул кубро”, “Ас-сунанус-сағир”, “Маърифатул осор ва сунан” ва бошқа талай мўътабар китоблар муаллифи. Ҳижрий 384 йилда туғилиб, 458 йилда вафот этган.

  2. Имом Абул Ҳасан Али ибн Умар ибн Аҳмад Дорақутний[6]. Бағдод аҳлидан. Минглаб ҳадисларни пухта ёд биладиган забардаст олим бўлган. Ҳифз-хотирасининг ўткирлиги зарбулмасал эди. “Сунан”, “Илал”, “Илзомот ва татаббуъ” ва бошқа кўплаб бебаҳо асарлар муаллифи. Хатиб Бағдодий у ҳақда шундай деган: “Абул Ҳасан Дорақутний замонасининг танҳоси, мисли кўрилмаган тенгсиз олим, ўз даврининг имоми. Ҳадис илмини, ҳадис иллатларини (ҳадисни саҳиҳ ё заиф қиладиган сабабларни) ва ровийларнинг исмларини унингчалик биладиган одам йўқ. Ростгўй, омонатдор, ишончли, одил, сўзи инобатга олинадиган, соғлом эътиқодли ва тўғри мазҳабли аллома эди[7]. Ҳижрий 306 йилда туғилиб, 385 йилда вафот этган.

  3. Ҳофиз Абу Солиҳ Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Али Найсобурий Муаззин. Хуросон аҳлининг муҳаддиси, замонасида энг қисқа санад соҳибларидан бири ва зоҳид олим бўлган. Абдулғофир “Сиёқ” китобида айтади: “Абу Солиҳ ишончли муаззин, пухта муҳаддис, сўфи олим… Қуръонни ёд олишда ва ҳадисларни жамлашда унга ўхшаган биронтасини учратмадим. Кўп шайхлардан таълим олган. Савоб умидида бирон ҳақ олмасдан йиллаб азон айтган”[8]. Ҳижрий 388 йилда туғилиб, 470 йилда вафот этган.

  4. Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Халаф Шерозий Найсобурий. Араб тили ва адабиётини пухта эгаллаган аллома. Абдулғофир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Устозимиз Ибн Халаф (яъни Абу Бакр Шерозий) адабиётчи, муҳаддис, моҳир олим эди. Талай шайхлардан ҳадислар эшитгани рост. Ундан кўра тақводорроқ, моҳирроқ устозни кўрмаганмиз. Араб тилида кўп илмга эришган эди. Китоб ўқилганда, бирор сўзни эътиборсиз қолдирмас, уни, албатта, текшириб кўрар ва бу борада қаттиқ турар эди. Олимлар унинг ҳузурига илм олиш учун сафар қилишган”. Ҳижрий 398 йилда туғилиб, 487 йилда вафот этган[9].

  5. Қози Абу Али Халил ибн Абдуллоҳ Халилий Қазвиний[10]. Ишончли, ҳадис ровийлари ва илаллларини яхши биладиган нуфузли машҳур муҳаддис олимлардан эди. “Иршод фи маърифати муҳаддисийн”, китоби муаллифи. Ҳижрий 446 йилда вафот этган.

  6. Абу Зар Абд ибн Аҳмад Ансорий Ҳаравий[11] Хуросоний Моликий. Ўз шаҳрида Ибн Саммок номи билан машҳур бўлган. Абдуғофир раҳимаҳуллоҳ “Тариху Найсобур” китобида айтади: “Абу Зар зоҳид, тақводор, билимдон, сахий, эртанги кунига ҳеч нарса сақламай, ўлимни ҳар он кутиб яшайдиган олим эди. Замонасида Ҳарам (яъни Макка)нинг катта олимларидан саналган. Кўп ҳадисларни ёд биладиган ҳофиз, кўп шайхлардан ҳадислар эшитган муҳаддис эди[12]. “Саҳиҳи Бухорий” китобини ривоят қилган олимлардан бири. “Ас-сунна”, “Ал-жомеъ”, “Фазоилул Қуръон”, “Далоилун-нубувва” ва бошқа кўплаб китоблар муаллифи. Ҳижрий 356 йилда туғилиб, 434 йилда вафот этган.

[1] Қаранг, Тақиюддин Сарифиний, “Мунтахаб мин китобис-сиёқ”, (16 бет) ва Заҳабий, “Сияру аъломин нубало”, (17\170).

[2] Қаранг, Ибн Асокир, “Табйину казибил муфтарий”, (229 бет), Тақиюддин Субкий, “Табақоту шофеиятил-кубро”, (4\281).

[3] Қаранг, Ибн Асокир, “Табйину казибил муфтарий”, (229 бет).

[4] Собиқ манба.

[5] Байҳақ қишлоғига нисбат бериб айтилган. Байҳақ – Найсобур атрофида, ундан йигирма фарсах узоқликда ёнма-ён жойлашган бир қанча қишлоқларнинг номи. Қаранг, Самъоний, “Ансоб”, (2\412).

[6] Дорақутн маҳалласига нисбат бериб айтилган. Дорақутн – Бағдод шаҳридаги маҳалланинг номи. Қаранг, Самъоний, “Ансоб”, (5\273).

[7] Хатиб, “Тарихи Бағдод”, (12\34).

[8] Заҳабий, “Сияру аъломин нубало”, (18\419 – 423).

[9] Заҳабий, “Сияру аъломин нубало”, (18\478 – 479).

[10] Қазвин – Теҳрон шаҳрининг шимоли-ғарбида, ундан қарийб 90 мил (154 км) узоқликда, Бурз тоғлари ён бағрида жойлашган машҳур чиройли шаҳар.

[11] Ҳаравий Ҳирот шаҳрига нисбат берилиб айтилган.

[12] Заҳабий, “Сияру аъломин нубало”, (17\559).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг