Саҳобий бўлинг: Нодир авлод (8)

0

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбдан хабар берганларида саҳобалар у зотни кўриб турганлари

Учинчидан: Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбдан хабар беришларини ўз кўзлари билан кўрганлар. Биз ҳам бу ҳақда эшитганмиз. Лекин эшитган киши кўрган каби бўлмайди. Айни ҳодисани бошдан кечириб турган одам билан юзлаб, минглаб чақирим масофа узоқликда ёки юз, икки юз, минг йил нарида туриб, у ҳақда эшитаётган кишининг ўртасида кескин фарқ бор.

Мадина мунавварада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида жам бўлган саҳобаларига юзлаб чақирим узоқликда бўлиб ўтаётган Муъта жангини тасвирлаб бераётган ҳолат ҳақида фикр юритайлик. Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: «Байроқни Зайд қўлга олди, кейин у шаҳид бўлди. Сўнг байроқни Жаъфар олди, кейин у ҳам шаҳид бўлди. Сўнг байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа олди, кейин у ҳам шаҳид бўлди, – деб айтар, кўзларидан эса шашқатор ёш оқар эди. – Сўнг байроқни Аллоҳ азза ва жалланинг қиличларидан бир қилич қўлга олди ва Аллоҳ уларга нусрат ато этди»[1].

«Аллоҳнинг қиличи»дан мурод Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу эди. Шундан сўнг мусулмонлар қўшини қайтиб келган, Мадинада қолган мусулмонлар эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ҳар бир сўз рост ва ҳақ сўз эканига амин бўлган эдилар. Ўша вақтда саҳобаларнинг Пайғамбарга ва у келтирган динга нисбатан иймонлари қай даражада бўлди экан? Албатта, жуда ҳам кучли бўлиши шубҳасиз! Биз ҳам бу ҳақда эшитамиз, тасдиқлаймиз ва иймон келтирамиз. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбдан хабар бераётган онларни яшаб ўтган эдилар.

Яна, Форс шоҳи Кисронинг икки элчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотдан ўзлари билан Кисронинг олдига боришни талаб қилган ҳолат ҳақида фикр юритинг. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Менинг Раббим сизларнинг раббингизни бу тунда ўлдирди»[2], деган эдилар. Бу гап ҳижрий еттинчи йил, жумодул аввал ойининг ўнинчи санасида, сешанба тунида айтилган, бу тун эса ёдда сақлаб қолинган эди. Орадан кунлар ўтгач, Форс Кисроси ҳақиқатда айнан ўша кечада ўлдирилгани маълум бўлди. Ҳозирги замонда биз ҳам бу ҳодиса ҳақида эшитяпмиз, лекин саҳобалар ўша ҳодисанинг гувоҳи бўлган, Форс Кисроси айнан ўша айтилган тунда ўлганига амин бўлиш учун кунлар ўтишини сабрсизлик билан кутган, сўнгра бу воқеа уларнинг қалбларидаги буюк иймонни янада зиёда қилган эди.

Шунингдек, бу замонда биз эшитган мўъжизаларга саҳобалар ўзлари гувоҳ бўлган эдилар. Албатта, қўлларимиздаги ушбу Қуръон энг катта мўъжиза, лекин улар бунга қўшимча тарзда ойнинг иккига бўлиниши каби мўъжизаларни ҳам кўзлари билан кўрганлар. Бу ҳақда бир талай ривоятлар келган бўлиб, Бухорий ва бошқалар Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан нақл қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вақтларида ой ёрилиб, иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғнинг устида кўринди. Мушриклар «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди», дейишди. Сўнг улар «Бизни сеҳрласа ҳам, ҳаммани сеҳрлай олмайди, (Макка ташқарисидан) мусофирлар келишини кутиб туринглар (агар улар ҳам сизлар кўрган нарсани кўрган бўлсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ бўлади. Агар улар буни кўрмаган бўлсалар, демак, у сизларни сеҳрлаб қўйган бўлади)», дейишди. Мусофирлар ҳар тарафдан кириб келганларида улардан сўрашди. Мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини кўрганларини айтдилар. Кейин мушриклар: «Муҳаммад ҳаммани сеҳрлаб қўйди», дейишди. Шунда, Аллоҳ таоло «Қамар» сурасининг аввалини нозил қилди: “Қиёмат яқинлашди ва Ой иккига бўлинди” (Қамар сураси, 1)”[3].

Шу тобда мен сиздан ўзингизни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Маккада яшаб тургандек тасаввур қилишингизни хоҳлайман. Гўёки сиз ойнинг икки қисмга бўлинишини, ярми бир тоғ устига, бошқа ярми нариги тоғ устига қўнганини кўриб турибсиз! Шак-шубҳа йўқки, бу ҳодиса саҳобаларнинг қалбига жуда ҳам ажойиб ва кучли иймонни қадаган эди.

[1] Бухорий: 2798

[2] Албоний «Саҳиҳа»да (3/414) келтирган.

[3] Ҳадисни Албоний «Саҳиҳи Термизий»да (3289) келтирган ва «санади саҳиҳ» деган. Шунингдек, Бухорий (3636) ва Муслим (2800) ҳам ушбу мавзудаги ҳадисларни ривоят қилганлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг