Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (5)

0

Ушбу муносабат, яъни рад этиш ва тўғаноқ бўлиш биргина араб жоҳилияти учун эмас, балки аввал ўтган барча жоҳилиятлар учун ҳам хос бўлганига юқорида ишора қилиб ўтдик. Бироз аввал келтирганимиз Анъом ва Наҳл сураларидаги икки оят ҳам бу фикрни тасдиқлайди:

“…улардан илгариги кофирлар ҳам худди мана шу билан ёлғонга чиқаришган эди”;

“…Худди шундай (ботил сўзларни) илгариги кофирлар ҳам ҳужжат қилишган эди”.

Шунингдек, пайғамбарлар қиссаларининг барчаси ана шу тарихий ҳақиқатга ишора қилади. Пайғамбар юборилган ҳар бир жоҳилиятда унга қарши чиқадиган, ёлғончи қиладиган ва даъватига ишонмайдиган «пешволар» ҳамда уларга эргашиб, ушбу даъват йўлига тўғаноқ бўлувчи «оломон» борлигини кўрамиз.

Аксар ҳолларда оломон ўзи кўниккан кўпхудоликни тарк қилмаслигининг боиси сезги олами билан кўпроқ бирикканидир. Чунки қаршисида ўзи ҳис қилиб турган ушбу илоҳи унинг жоҳилона оғишларини тўла қўллайди ва ҳар сафар унга кўзи тушганда, қўли билан силаганда, қурбонликлар қилиб, бандалик ибодатларини бағишлаганда ўзини уларга моддий ҳамда ҳиссий томондан жуда яқин сезади.

Пешволарга келсак, улар оломонга қараганда тушунчалари кенгроқ ва олийроқ бўлсалар-да, пайғамбарга қарши қўзғатадиган нарса хаёлий илоҳларидан ҳам кўра, кўпроқ «ҳукмронлик» масаласи бўлади. Уларнинг ушбу илоҳларга бўлган хайрихоҳликлари ҳақиқийликдан кўра юзакиликка яқинроқ. Илоҳларини ҳимоя қилишлари – ҳар қанча қизғин кўринмасин – уларнинг илоҳлигини эътиқод қилишдан кўра уларнинг номи билан оломонни қул қиладиган, ҳукмронликларни мустаҳкамлайдиган бир восита эканидан келиб чиқади.

Улар учун асосий масала ҳукмронлик масаласи эди: Яъни у оломонга ким ҳукмронлик қилади? Уларми? Ёки шариатини ҳоким қилиш орқали Аллоҳ субҳонаҳу ва таоломи?

Барча жоҳилиятлар пешволарини чўчитадиган, «Ла илаҳа иллаллоҳ» чақириғига қарши курашишга ундайдиган масала айнан мана шу ҳокимият масаласидир.

Аслида, уларнинг оломонни бошқарадиган ва бўйсундирадиган қонунларни чиқарувчи ҳукмронликлари, аслида, уларнинг ҳукмронлиги эмас, балки, яратувчи, ризқ берувчи, неъматларга бурковчи, марҳамат кўрсатувчи Зотнинг ҳаққидир. Бинобарин, ҳалол ва ҳаром қилиш ҳам, рухсат бериш ва ман этиш ҳам У Зотнинг ҳуқуқидир. У Зотдан бошқа бирортаси Аллоҳ каби яратолмаса, ризқ беролмаса, Аллоҳ каби неъматларни тортиқ этолмаса, унинг шариат тузишга, яъни ҳалол ва ҳаромни белгилашга ҳеч қандай ҳаққи йўқ! Аллоҳ эса, «бирор нарса Унингдек эмас!» (Шўро сураси, 11).

«Яратувчи зот (бўлмиш Аллоҳни, ибодатга лойиқ бўлишда) ҳеч нарсани яратолмайдиган (мавҳум олиҳалар) билан тенг бўлурми?! (Аллоҳнинг буюклигини) тафаккур қилмайсизларми?!» (Наҳл сураси, 17);

Сизларга Аллоҳдан ўзга осмондан (ёмғир билан), ердан (эса сув, маъданлар ва бошқа нарсалар билан) ризқ берувчи бошқа бирон Холиқ йўқдир. Ундан ўзга Ҳақ маъбуд йўқ. (У ёлғиздир, шериги йўқдир.) Бас, шундай экан, қандай қилиб (Унинг тавҳиди ва ибодатидан) бошқа томонга бурилиб кетмоқдасизлар?(Фотир сураси, 3).

Лекин «пешволар» бу ҳақиқатни тан олишмайди. Унинг эътиқодий асосларини, амалий заруратларини ҳам қабул қилишмайди. Улар хоҳ очиқ диктаторлик билан, хоҳ демократия каби парда ортидан ҳукмронлик қилишсин, ёки бўлмаса, оломоннинг хоҳишу истакларини инобатга олиб ёки фақат ўзларининг истак-хоҳишларига қараб иш кўришсин[1], фарқи йўқ, бошқарув системалари ва урфда маълум бўлган дастурлари билан ўзларига ҳалол ва ҳаром қилиш, рухсат ва ман этиш ҳуқуқини берадиган кўринишда ҳукмронликларини мустаҳкамлаб бораверадилар.

Қачонки, Алоҳнинг ҳузуридан бир элчи келиб, уларга: «Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, Аллоҳга ибодат қилинглар, Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ», деганида эса, муносабатлари бирдан бутунлай ўзгариб қолади!

(Давоми бор)

[1]Хоссатан демократия тузумида катта ўйиннинг бир қисми сифатида ҳукмрон капитализмнинг манфаатларига йўл очиш ва оломонни айнан мана шу капитализм ҳукмрон эканига ишонтириш учун ахлоқан қулаган оломоннинг талай хоҳишу истаклари ҳам инобатга олинади.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг